[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

07.05.2024. 2024 йилнинг 3-4 май кунлари Тошкент шаҳридаги Ўзбекистон касаба уюшмалари саройида Навоий кон-металлургия комбинати маданият муассасалари бадиий жамоаларининг “Қизилқум жавоҳирлари” концерт дастури ўтказилди.

Концерт дастурининг тантанали очилиш маросимида Президентимиз ташаббуслари билан мамлакатимизда маданият ва санъатни ривожлантириш, маънавиятни юксалтириш каби муҳим йўналишларда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар ва уларнинг самаралари алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Қайд этиш жоизки, мазкур жараёнларда корхона, ташкилот ва муассасаларда касаба уюшма қўмиталари ва иш берувчилар ижтимоий шериклигида меҳнат аҳли ва уларнинг оила аъзолари бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида фаолияти йўлга қўйилган маданият масканлари, уларда яратилган шарт-шароитлар алоҳида ўрин тутади. Хусусан, бугунги кунда Навоий Кон-металлургия комбинатининг ўзида 6 та маданият муассасаси мавжуд бўлиб, улар тасарруфида 113 та тўгарак ва 68 та ансамбль фаолияти йўлга қўйилган. Уларда 4 минг нафардан зиёд меҳнаткашлар, шу жумладан, ёшлар, кончилар фарзандлари маданият ва санъат йўналишларида ўз маҳоратларини ошириб келмоқдалар. Ўзининг мустаҳкам моддий-техник негизига эга бўлган ушбу маданият ва санъат муассасаларида шуғулланиб келаётган истеъдодлар бугун республика ва халқаро миқёсдаги кўрик-танловларда муваффақиятли иштирок этиб, совринли ўринларни қўлга киритмоқдалар. Комбинат қошидаги маданият муассасаларида фаолият олиб бораётган 25 та ижодий жамоанинг “Халқ” ва “Намунали” фахрий унвонларигасазовор бўлгани, 8 нафар иштирокчи Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси лауреати мукофотини қўлга киритгани, кўплаб ишчи-ходимлар, яккахон ижросилар ва иштирокчиларнинг “Дўстлик” ордени, “Ниҳол” давлат мукофоти, “Маданият ва санъат фидокори” кўкрак белгиси фахрий унвонларига, “Шуҳрат” медали, “Зулфия” номидаги давлат мукофотига  сазовор бўлганлари ҳам корхона маъмурияти ва касаба уюшма қўмитасининг меҳнаткашлар маънавияти ва маданиятини юксалтиришга бўлган юксак эътиборидан далолатдир.

Яна бир жиҳат – Навоий Кон-металлургия комбинатининг энг яхши ижодий жамоалари оммавий Давлат байрамларининг доимий иштирокчиларидир. Иқтидор соҳибларини қўллаб-қувватлашга қаратилган ҳамда эстрада, фольклор, мақом йўналишларида ўтказиб келинаётган “Қизилқум санъат ғунчалари”, “Қизилқум овози”, “Қизилқум оҳанглари”, “Олтин мерос” каби анъанавий танловлар эса ушбу масканларда таълим-тарбия олаётган истеъдодларнинг талантларини юзага чиқаришга хизмат қилмоқда.

Мана бир неча йилдирки, комбинат маданият муассасалари ижодкорлари пойтахтимизда ўз концерт дастурларини намойиш этиб, мухлислар оқишларига сазовор бўлиб келмоқдалар. Пандемия сабабли маълум бир вақтдаги танаффусдан сўнг мазкур анъана яна ўз изига тушиб, пойтахт аҳлолисига комбинат маданият ва санъат ходимларининг концерт дастурлари намойиши қайта йўлга қўйилди.

Хусусан, куни кеча Ўзбекистон касаба уюшмалари саройида ташкил этилган “Қизилқум жавоҳирлари” номли концерт дастурида Навоий ва Зарафшон, Учқудуқ ва Зафаробод, Нуробод ва Заркент шаҳар ҳамда қўрғонларидаги “Фарҳод” маданият саройи, “Олтин водий” , “Учқудуқ”, “Нуробод”, “Кончи” маданият уйларида фаолият кўрсатаётган бадиий жамоалар, хушовоз хонандалар, классик ва замонавий қўшиқ ижрочиларининг чиқишлари намойиш этилди. Навоий кон-металлургия комбинати маданият муассасалари ва уларнинг бадиий жамоалари санъат ихлосмандлари кўнглини ўзларининг бетакрор ижод намуналари билан хушнуд этиш баробарида жозибали куй ва қўшиқларини ҳам армуғон қилдилар. Айниқса, концерт дастуридан жой олган турли миллатларнинг куй-қўшиқлари, дилрабо рақслар барчага манзур бўлди.

Ҳар бир иштирокчининг чиқишлари мухлислар томонидан олиқишлар билан кутиб олиниб, муносиб баҳоланди. 

Ўзбекистон касаба уюшмалари  Федерацияси Матбуот хизмати