[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Музей ҳақида

Ўзбекистон касаба уюшмалари тарихи музейи Марказий Осиёда Касаба уюшмалари фаолиятига доир ягона музейдир. Музей Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Рафиқов Қудратилла Мирсагатович ташаббуслари билан 2021 йил 10 ноябрда расман очилган.
Қисқа муддат ичида музейда 2000 га яқин экспонат тўпланди. Бугунги кунда Умарахунов Иркин Мирзахидович музей раҳбари сифатида фаолият олиб бормоқда.

Музейнинг ташқи кўриниши
Muzey rasmi 1
Muzey rasmi 2

ЎЗБЕКИСТОН ҲУДУДИДА ИЛК КАСАБА УЮШМАЛАРИ

Салкам 120 йиллик тарихга эга Ўзбекистон касаба уюшмалари фаолияти давомида юксалиш ва пасайиш даврлари ҳам юз берган, лекин бу ташкилот ҳеч қачон ўз долзарблигини йўқотмаган.
 

Шавкат МИРЗИЁЕВ Ўзбекистон Республикаси Президенти

Тарихий манбаларга кўра, ишчи-ходимларнинг илк касаба уюшмалари XIХ асрнинг иккинчи ярмида тузилган. Аниқроғи, 1868 йили Англияда касаба уюшмалари конгресси, 1869 йилда Америкада “Меҳнат рицарлари” номли касаба уюшмаси ташкил этилган. Жаҳонда бундай тузилмалар шаклланишига, аввало, ишчи-хизматчилар ўз ҳақ-ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ниятида турли йиғин, тўгарак, ширкат ва уюшмаларга бирлашганликлари замин яратган. Масалан, 1860 йиллардаёқ Германияда ишчиларнинг социал-демократлар уюшмалари,христиан ишчилар уюшмалари, буржуа тараққий партияси намояндалари М.Гирш ва Ф.Дункер асос солган Гирш-Дункерчилар уюшмалари мавжуд бўлган. Россия империясида XIX аср охирига қадар қонуний мақомга эга ишчилар уюшмаларини очиш имконияти бўлмаган, фақат сафига кам сонли аъзоларни бирлаштирган “ўзаро ёрдам кассалари” тузилган, холос. Кейинчалик Урал ва Сибирда тоғ-кон заводи ишчилари ширкатлари вужудга келган. 1875-1876 йилларда Одессада народниклар (халқпарварлар) саъй-ҳаракатлари билан Жанубий Россия ишчилар уюшмаси, 1878-1880 йилларда Санкт-Петербургда Шимолий Россия ишчилар иттифоқи фаолият юритган. Ўша асрнинг 90-йилларда эса социал-демократик партия фаоллашуви самараси ўлароқ, Польша қироллиги, Шимоли-ғарбий ўлка, Санкт-Петербург ва Москвада ишчилар уюшмалари пайдо бўла бошлаган. Бироқ уларнинг барчаси норасмий ташкилотлар саналган. 1901-1903 йилларда эса, Россия империяси полиция департаментининг юқори лавозимли мулозими С.Зубатов ташаббуси ва чор ҳукумати рухсати билан Москва ва Санкт-Петербургда ходимларнинг илк қонуний уюшмаси – Механик ишчиларнинг ўзаро ёрдам жамияти ташкил топган. 1904 йили Санкт-Петербургда рус провослав черкови руҳонийси, сиёсий арбоб, нотиқ, касаба уюшмалари фаоли Георгий Гапон ташаббуси ва чор ҳукумати ижозати билан қонуний равишда Санкт-Петербург рус завод ишчилари йиғини очилди. Аммо у ишчилар подшоҳ Николай II га ўз шароитларини яхшилаш бўйича петиция топшириш учун намойиш уюштиришгани, эвазига оммавий қатл қилинганликлари туфайли 1905 йил 9 январда ёпилди. Бундан қатъи назар, рўй берган воқеалар ишчиларнинг ягона мақсад йўлида бирлашишига, ўз ҳақ-ҳуқуқлари завод, фабрика эгалари ва помешчиклар томонидан паймол этилишига қарши курашига тўсқинлик қила олмади. Салкам икки йил мобайнида бутун Россия бўйлаб ишчиларнинг юзга яқин жамоат ташқилотлари тузилди. Чунончи, 1905 йилнинг баҳор-ёз фаслларида Путилов, Обухов, Семяников номли заводларда, шунингдек, тикувчилар, косиблар, пойабзалчилар, новвойлар, соатсозлар, идора ишчи-хизматчиларининг илк касаба уюшмалари пайдо бўлди. 16 апрелда эса Санкт-Петербургда Полиграфия ишчилари иттифоқи ташкил этилгани қонунан расмийлаштирилди. Шунга қарамай, тез орада у маъмурий таъқибга учраб, ёпилиб кетди. Чор Россиясида касаба уюшмаларининг ёмғирдан кейинги қўзиқориндек кўпайиб кетиши ҳамда уларни тузиш ҳаракатининг кенг қулоч ёйиши ҳукмдор Николай II 1905 йил 17 октябрда имзолаган Йиғилишлар ва уюшмалар тузиш эркинлиги тўғрисидаги манифест билан боғлиқ эди. Чунки унинг 1-бандида“Аҳолига ҳақиқий шахсий дахлсизлик, виждон, сўз, йиғилишлар ва уюшмалар эркинлиги асосида фуқаролик эркинлиги асосларини тиклаш инъом этилсин”дейилган эди. Бу ёлланма ишчиларга ҳам янги имкониятлар эшигини очиб, касаба уюшмалари фаолияти учун қонуний асосларни тақдим этди. Ўша йил 19 ноябрда дурадгорлар, матбаачилар, тикувчилар, пойабзалчи-косиблар, тўқувчи-ўровчилар ва боғбонлар уюшмалари вакиллари Санкт-Петербург императорлик университетида дарс берадиган иқтисодчи ва тарихчи олим, касаба уюшмалари ҳаракати мафкурачиси ва илк касаба уюшмаси асосчиларидан бири Владимир Святловскийнинг Конногвардейский бульварида жойлашган уйдаги хонадонида йиғилиб, биринчи Санкт-Петербург ишчилар касаба уюшмаси Марказий бюросига пойдевор қўйдилар. Шу боис бу сана ҳозирга қадар Санкт-Петербург ва Ленинград вилояти касаба уюшмалари куни сифатида нишонлаб келинади. 1910 йили Россияда ишчилар ҳаракати кучайди ва касаба уюшмалари тузиш учун курашлар авж олиб, 1917 йилгача жадал давом этди. Ўтган давр оралиғида касаба уюшмаси тузмаган ёки тузишга интилмаган бирорта ҳам корхона-ташкилот қолмади. Негаки, чор ҳукумати одамларни босим остида ишлатаётгани, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини мунтазам равишда топтаб келаётгани ишчиларнинг сабр косасини тўлдирган эди. Туркистонда ҳам касаба уюшмалари пайдо бўлишидан олдин ишчи-хизматчилар турли тўгарак, йиғин ва уюшмаларга бирлаша бошлагандилар. Таҳлиллар 1905-1907 йилларда ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида, ҳақиқатан ҳам, касаба уюшмалари фаолият юритганидан далолат беради. Олдингиларининг номида “касаба” сўзи мавжуд бўлмаса-да, улар табиати ва хусусиятига кўра, ишчи-хизматчилар томонидан ўз иқтисодий ва касбий манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида тузилгани, иш берувчи ва ходимлар ўртасидаги муносабатларни тартибга солиш масалалари билан шуғуллангани боис бошқа мамлакатлардаги ҳозирги касаба уюшмаларига тўла-тўкис мос келади. Совет тарихи энциклопедиясининг 14-томида битилишича, Туркистонда биринчи норасмий социал-демократлар тўгараклари 1903 йили Тошкентда, келаси йил Самарқандда пайдо бўлган. Умуман олганда, 1905 йил кузида Тошкентда ишчиларнинг 15 та тўгараги фаолият юритган. 1904 йили шу шаҳарда уюшма сифатида шаклланган Социал-демократлар уюшган гуруҳининг ишчи-хизматчилари кейинги уч йилликдаги иш ташлашлар ва намойишларда фаол қатнашганлар. Туркистон ўлкасида илк касаба уюшмаларининг дунёга келиши 1901 йили ҳар икки томондан ҳам бир вақтда бошланган Ўрта Осиё ва Оренбург – Тошкент темир йўл қурилиши билан боғлиқ, десак, янглишмаймиз. Тарих фанлари доктори, профессор Л.В.Гентшкенинг фикрича,1905 йил кузида Бутунроссия темир йўл уюшмасининг Туркистон бўлими ташкил этилган.Орадан тўрт-беш ой ўтар-ўтмас, у Ўрта Осиё ва Оренбург – Тошкент темир йўлларининг 8 минг нафар ишчи-ходимини ўз сафига қамраб олган. Аслида Туркистон ҳудудига темир йўллар анча олдин кириб келган. 1880 йили Каспийорти темир йўлини барпо этиш бошланиб, 1885 йилда у Ашхободга, 1886 йилда Чоржўйга, 1888 йил кўклами ниҳоясида Чоржўйдан Амударё кўприги орқали Самарқандга уланган. 1888-1900 йилларда Красноводск – Тошкент, Черняево – Андижон линиялари қурилган. Бироқ бу ишлар ҳарбий қисмлар аскарлари томонидан бажарилган. Бинобарин, шу даврга қадар амалга оширилган темир йўллар қурилишида ишчи-хизматчилар иштирок этишмаган ва уларнинг уюшмалари бўлмаган. Ўлкамиздаги илк касаба уюшмалари узоқ давом этган иш ташлашлар, ноқулай меҳнат шароитлари ҳамда ишчи-ходимларнинг иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатлари оёқости қилинишига боғлиқ норозиликлари оқибатида юзага келган. Айни чоғда, бу меҳнаткашлар ўз ҳақ-ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари учун курашганини англатади. Хусусан, улар маошлари муддатида берилмаганидан, ҳақ тўланмайдиган ва иш вақтидан ташқари қўшимча ёки байрам кунларида меҳнатга жалб этилишларидан норози бўлишган. Ўз шартлари бажарилишини талаб қилган ҳолда, вақти-вақти билан заводда ва темир йўлларда ишни тўхтатиб қўйишган. Масалан, 1905 йил февралида Ўрта Осиё темир йўлларининг Тошкентдаги бош устахонасида йирик иш ташлаш уюштирилган. У Фарғона водийсида ҳам худди шундай кўтарилишлар содир бўлишига доялик қилган. Бу янглиғ қалтис ҳаракатлар ва уларнинг оқибат-натижалари ҳафталик газеталарда ёритиб борилган. Жумладан, “Туркестанские ведомости” хабарига қараганда, 1905 йил февралида Оренбург – Тошкент темир йўлининг тахминан 400, Ўрта Осиё темир йўли Тошкент бош устахоналарининг қарийб 800 ишчиси ўз ишларини тўхтатиб, раҳбарият олдига қуйидаги талабларни қўйишган:

  1. Саккиз соатлик иш кунини жорий этиш.
  2. Байрамолди иш кунларини кундузи соат 12 да тугатиш.
  3. 19 февраль ва 1 май кунларини байрам сифатида нишонлаш.
  4. Иш вақтидан ташқари ишлашга фақатгина истисноли ҳолатлардагина йўл қўйиш, шунда ҳам ишдан ташқари ишлаш вақти йилига 120 соатдан ошишига йўл қўймаслик, ишдан ташқари ишланган бир соатни икки соат, тунги ишларни уч соат сифатида қабул қилиш, тунги соатларни соат 21 дан эрталаб соат 6 гача этиб белгилаш.
  5. Ишбай меҳнат учун ҳақ тўлаш миқдорини белгилаш ваколатини раҳбарият вакиллари билан тенг ҳуқуқли бўлган ишчиларнинг ўзлари эркин сайлаган вакиллари киритилган комиссияга беришини, бунда уларнинг вакиллари сони 3 тадан кам бўлмаслигини таъминлаш.
  6. Кунлик тўланадиган ҳақ миқдорини ошириш, кунига икки рубль ва ундан кўп оладиганларнинг кунлик ва ойлик меҳнат ҳақини 10 фоизга, камроқ оладиганларникини эса 25 фоизга ошириш, энг кам кунлик иш ҳақини 1 рубль миқдорида белгилаш.
  7. Хизмат сафарлари вақтида иш ҳақини бир ярим баравар миқдорида тўлаш, сафардаги тўлиқсиз суткани тўлиқ бир сутка этиб белгилаш.
  8. Маошни ойига камида икки марта, иш вақтида тўлаш.
  9. Маъмурият билан ишчилар ўртасидаги барча тушунмовчиликларга иккала тараф тенг миқдорда сайлайдиган махсус комиссия томонидан барҳам бериш, ходимларни ишга қабул қилиш ва бўшатиш масаласини фақатгина шу комиссия томонидан ҳал этиш.
  10. Жарималарни бекор қилиш.
  11. Маъмурият ходимлари томонидан усталарга нисбатан хушмуомалада бўлиш (“Сиз” деб мурожаат қилиш).
  12. Тиббий бўлимни такомиллаштириш, койкаларни кўпайтириш, дорихоналарни зарур дори воситалари билан бойитиш, врач ва фельдшерларнинг беморларга эҳтиёткорлик ва ғамхўрлик билан муносабатда бўлишига эришиш.
  13. Бигадир ва монтёрларни ишчиларнинг ўзлари эркин сайлашлари ва сайлов йиғилишлари зудлик билан ўтказилиши учун имкон яратиш.
  14. Ишчилар ва уларнинг оила аъзолари учун ҳаммомлар қуриб бериш.
  15. Устахоналарни иситиш.
  16. Умумий цензура томонидан тақиқланмаган барча асарлардан фойдаланишга рухсат берган ҳолда, оммавий ўқишларни бепул йўлга қўйиш.
  17. Ишчиларга ўз эҳтиёжларини муҳокама қилишлари учун йиғилишлар ўтказиш ва уюшмалар, намойишлар ташкил этиш эркинлигини бериш.
  18. Меҳнат таътилларини ишчилар талаб қилган вақтларда, сабабларини сўрамай бериш.
  19. Шогирдларни паровозларни ювиш каби ифлос ва кир ишларга жалб этишга чек қўйиш, биринчи ўқув йилида ўзи танлаган цехдаги барча ишларда қатнашишини таъминлаш.

Шубҳасиз, зуваласи илғор ғоялар билан йўғрилган бу талаблар Туркистон ўлкасида касаба уюшмалари расман тузилишидан олдин ишчи-хизматчилар онгу тафаккурида пишиб етилганидан далолат беради. Уларнинг айримлари қаноатлантирилгани боис тез орада темирйўлчилар иш ташлашларни тугатишади ва ишларини яна давом эттиришади. “Самарқанд” газетасининг 1905 йил 10 июндаги 116-сонида чоп этилган“Темир йўл хизматчилари уюшмаси”номли мақолада умумроссия темир йўллари тизимидаги турли касб эгалари ва ишчи-хизматчиларни қамраб олишу бирлаштиришга қодиркасаба уюшмаларини тузиш зарурати туғилганиэслатилган. Касаба уюшмасининг туб мақсади демократик ғоялар устуворлигини таъминлаш асноси барча темир йўл хизматчиларининг моддий, ҳуқуқий, маданий ва меҳнатга оид манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат эканлиги уқтирилган. Бизнингча, шу ўринда ушбу мақоланинг “Самарқанд” газетасида чоп этилишининг ўзиёқ Туркистонда ҳам касаба уюшмалари тузишга тўлақонли эҳтиёж туғилганини билдирганини, шунингдек, ўлкада касабачилик ҳаракати кучайишига хизмат қилганини эътироф этиш жоиз. 1905 йил 14 октябрда Туркистон темир йўлларининг ишчи ва хизматчилари яна бош кўтардилар. Уларга бошқа корхоналар ишчилари, темир йўл батальони аскарлари, ҳатто Амударё флотилияси матрослари ҳам қўшилиб, иш ташладилар. Чор ҳукумати эса 19 октябрда намойишчиларни ёппасига ўққа тутди. Бу қирғинбаротда ҳалок бўлганларни дафн этиш маросимлари халқ ғазабини қайтадан қўзғади ва уларни тағин кўчага чорлади. 15-16 ноябрда такроран қўзғолонлар ва намойишлар бўлди. Таассуфки, улар ҳам меҳнаткашлар вакилларини отиш билан якунланди. Қиш бошида темир йўлчиларнинг иш ташлашлари тўхтади.13-20 декабрь кунлари Ўрта Осиё темир йўллари ишчи ва хизматчиларининг 1-Қурултойи ўтказилди.Унда келаётган январь ойидан эътиборан 8 соатлик иш кунини белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинди. 1906 йилнинг 1 июлида эса Тошкентда Ўрта Осиё ва Оренбург – Тошкент темирйўлчиларининг биринчи Туркистон бирлашган Қурултойи бўлди ва Темирйўлчилар касаба уюшмасининг Устави маъқулланди. Ўша ҳужжат айни кезларда Ўзбекистон касаба уюшмалари тарихи музейида сақланмоқда. Боя айтганимиздек,1904-1905 йилларда тузилган баъзи уюшмалар гарчи “касаба уюшмаси” деб аталмаган бўлса-да, кўзлаган мақсад ва вазифалари уники билан айнан бир хил эди.“Среднеазиатская жизнь” газетасининг 1905 йил 11 декабрдаги 34-сонида ёзилишича, Йиғилишлар ва уюшмалар тузиш эркинлиги тўғрисидаги манифест эълон қилингани ҳамоно андижонлик фаоллар доимий иш юритадиган жамоат йиғинини ташкил этиш масаласини муҳокама қилиш учун халқ митинги уюштиришга шайланишган. Айни мақсадда шаҳардаги меҳмонхоналардан бирида яширинча тўпланишган. Сўнгра жамоатчи ва ташаббускор шахслардан иборат қўмита тузиб, масалани муҳокамага қўйишган.13 ноябрь куни такроран йиғилиб, Андижон конституцион-демократик уюшмаситузилганини эълон қилишган. Йиғилганлар дарҳол аъзоликка ариза берганлар, уюшма раиси, котиби ва 10 нафар бошқарув аъзолари сайланган. Кўриб чиқишга вақт етмагани сабабли уюшмага аъзолик бадаллари масаласини кейинга қолдирилган. Кўриб турибсизки, ишчи-хизматчиларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қиладиган уюшмаларга эҳтиёж нафақат Самарқандда, балки бошқа ҳудудларда ҳам аста-секин кучайган. 1905 йил дебочасида Туркистон ўлкасининг Почта-телеграф хизматчилари ўзаро бирлашиш ҳамда оғир иқтисодий ва ҳуқуқий аҳволларини яхшилаш бўйича дастлабки ҳаракатларни бошлагандилар. Архивдан топилган“Туркистон ўлкасида Почта-телеграф уюшмасини ташкил этиш тарихи ҳақидаги”телеграмма ва ҳукуматга юборилган илтимосноманинг хомаки лойиҳасида (асл нусхалари топилмаган) қуйидаги жумлалар битилган:“1905 йилнинг 23 октябрида туркистонликларга Бутунроссия Почта-телеграф уюшмасини ташкил этишда иштирок этиш таклифи юборилади. Мазкур таклифнома Тошкентдан бутун Туркистон муассасаларига жўнатилади.24 октябрда Тошкентда 100 киши иштирокида Почта-телеграф ишчиларининг умумий йиғилиши бўлиб ўтади.Унда Почта-телеграф ишчилари Тошкент идораси, темир йўл орқали почта ташиш XII бўлими ва округ бошқармаси вакиллари иштирок этади. Мажлис бошланишига қадар округдаги аксарият муассасалар йиғилишларда сиёсий мавзуларда сўз юритилмаслиги шарти билан Почта-телеграф уюшмаси билан бирлашишга розилик билдирадилар.Умумий йиғилишда Почта-телеграф уюшмасининг Туркистон бўлимини ташкил этиш бўйича қарор қабул қилинади. Мазкур бўлим ишларини бошқариш учун қўмита сайланади.Умумий йиғилишларда почта-телеграф уюшмасига қўшилиш билан бир вақтда илтимоснома ва қарорлар қабул қилиниб, унда Тошкент делегатларига юқори турувчи органларга умумий ариза билан мурожаат қилиш ҳуқуқи берилади. Ушбу мурожаатда Туркистон ўлкаси алоқачиларининг моддий аҳволи оғирлиги кўрсатилиб, меҳнат шароитларини яхшилаш ва ойлик маошларни ошириш талаблари илгари сурилган эди.Улар иш ҳақини 50 фоизга кўтариш, қўшимча тўловларни (ошхона, уй-жой, хизмат сафарлари пули ва ҳ.к.) ошириш, ишчи-ходимлар сонини кўпайтириш ва иш вақтини, хизмат муддатини ва иш сменаларини қисқартиришни, ҳар йили ойлик тўланадиган таътилларни жорий этиш ва нафақаларни оширишни талаб қилишади”.Алқисса,Тошкентдаги алоқа ходимларининг 1905 йил 24 октябрда бўлган йиғилишида Туркистон Почта-телеграф уюшмаси ташкил этилади.Йиғилишда Бутунроссия Почта-телеграф уюшмасига маънавий ва иқтисодий манфаатларни ҳимоя қилиш асосида қўшилиш ва уюшма бўлими ишларини бошқариш учун қўмита сайлаш тўғрисидаги қарор чиқарилади. “Туркестан”, “Туркестанские ведомости” ва “Русский Туркестан” газеталарининг 1905-1907 йиллардаги баъзи сонларида берилган маълумотлар ҳам ўша кезлар юқорида тилга олинган касаба уюшмалари тузилганини тасдиқлайди. “Русский Туркестан”нинг 1905 йил декабрида чиққан 264-сонидаги далилларга биноан, Тошкентдаги “Бр. Нобель” ширкатининг бош идораси хизматчилари шаҳардаИдора хизматчилари ва бухгалтерлар касаба уюшмасибўлимини ташкил этишни режалаштиришган. “Туркестан” газетасининг 1906 йил 29 августдаги сонида ўша куни соат 9 да Цинцадзе циркидаТикувчи ва этикдўзлар касаба уюшмасининг таъсис мажлиси бўлиши маълум қилинган. 31 август куни соат 4 да эса умумий мажлислар залининг қишки биносидаОфициант, ошпаз ва уй хизматкорлари касаба уюшмасиаъзоларининг умумий йиғилиши ўтказилишига доир эълон чоп этилади. Кун тартибига тасдиқланган устав ўқилиши, бошқарув ва тафтиш комиссияси низомларини, жорий йил сметасини тасдиқлаш, бошқарув ҳамда тафтиш комиссияси аъзоларини ва уларга номзодларни сайлаш, амалдаги ишларга дахлдор бошқа масалалар киритилганди. 5 сентябрда уюшма бошқаруви аъзоларининг биринчи мажлиси ўтказилади. Уюшмага 70 киши аъзо бўлган ва тез орада уларнинг сони ортиши кутилаётганди. Чунки бу таркибга ҳали нафақат уй хизматкорлари, балки меҳмонхоналар, турли ошхона устахоналари ва бошқа жойларда ишлайдиган хизматкорлар ҳам киритилмаганди. “Туркестан” газетасининг 1906 йил 1 сентябрдаги сонида 3 сентябрь куни соат 9 да Цинцадзе циркидаМатбаа ишчилари уюшмасинингтаъсис мажлиси бўлиши тўғрисида эълон берилган бўлса, “Туркестанские ведомости”нинг 1906 йил 8 (21) октябрдаги сонида, “Туркестанский курьер” газетаси маълумотига таянилган ҳолда, Сирдарё ҳарбий губернаториМатбаа ходимлари касаба уюшмасиуставини тасдиқлагани ҳақидаги хабар ёритилган. Бу уюшма маблағлари кириш (аъзоликка ўтиш) тўловлари, йиллик, ойлик ва бир марталик бадаллар, капитал фоизлари ҳамда хайриялар ҳисобидан шакллантирилган. “Новый путь” газетасининг 1906 йил 8 июлдаги сонидаТошкентМеханика ишлаб чиқариш заводи ишчилари касаба уюшмаситузилгани, “Туркестан”нинг 10 сентябрдаги сонида расмий рухсат этилган механика ишлаб чиқариш шаҳар ишчилари касаба уюшмаси аъзоларининг биринчи умумий йиғилиши бўлиб ўтгани ҳақидаги хабар ёритилади. Иккинчи нашрнинг кейинги сонларида уюшма ташкил топган илк кунларда унинг кассасига келиб тушган бадаллар ҳақида сўз юритилади. Шу газетада ёзилишича, 1906 йил 17 сентябрь куни эрталаб соат 9 да Цинцадзе циркидаҚурувчилар касаба уюшмасининг таъсис мажлиси ўтказилган. Унда бинокорлар сўнгги пайтларда иш вақтидан ташқари қўшимча ишлашгани, аммо шунга яраша ҳақ олишмагани эслатилган. Бунга ўхшаш ҳолатлар зудлик билан қурувчилар касаба уюшмасини тузиш зарурлигини тақозо этди. Ўз навбатида, уюшма устави моддама-модда кўриб чиқилиб, ҳукуматга биржа ва уюшма ҳақида расмий илтимоснома билан чиқадиган комиссия аъзолари сайланди.“Впередь”газетасининг 1906 йилги 17-сонида шундай хабар чоп этилган: “1907 йилнинг 20-25 январь кунлари Москвада фельдшер, фельдшеркалар ва ҳамшираларнинг Бутунроссия биринчи қурултойи бўлиб ўтади.Тошкентдаги фельдшерлик ишининг аёл ходималаридан бири таҳририятимизга мурожаат йўллаб, ҳамкасб ўртоқларини ўз манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида касаба уюшмаларига бирлашишга чақирди.Бундан умид қилиш мумкинки, тошкентлик тиббий ёрдам ходимлари – фельдшер, фельдшерка ва ҳамширалар Қурултойга, албатта, ўз делегатларини юборадилар”. Газетанинг 1906 йил 26 ноябрда босилган 25-сонида мазкуркасаба уюшма йиғилиши бўлишиолдиндан эълон қилинганди. 30 ноябрдаги сонида босилган материалда баён этилишича, фельдшер, фельдшеркалар ва ҳамшираларнинг 26 ноябрь куни кечқурун соат 8 да бўлган йиғилишида маҳаллий(бу ўринда тармоқ назарда тутилган бўлса керак)касаба уюшма Бошқаруви таркибига сайлов ўтказилган. Натижаларга кўра, Демидов энг кўп – 22 овоз олган. Лекин йиғилишда у раис лавозимидан ўз ихтиёри билан воз кечган, ғазначилик таклифини эса қабул қилган. Туркистон касаба уюшмалари 1906 йилдаёқ фаолиятини янада ривожлантириш, аъзоларини зарур билим ва кўникмалар билан қуроллантириш мақсадидаўз кутубхоналарини очганиўлкада касаба уюшмаларига эътибор юқори бўлганини тасдиқлайди.“Впередь”газетасининг 1906 йилги 17-сони 3-бетида манави эълон ўрин олган: “Касаба уюшмаси ўртоқларига хабар қиламиз! Тикувчилар, пойабзалчилар, шапкачи ва шляпачи ва бошқа тикувчиларни КУТУБХОНА очилишига таклиф этамиз.Очилиш маросими 1906 йил 19 ноябрь якшанба куни соат 11 да Воронцов проспектидаги Интендан омборхонаси рўпарасида жойлашган 31-Паришев уйида бўлади”. Газетанинг ўша йилги 10 ноябрдаги 9-сонида босилган қизиқ бир материал касаба уюшмаси ишчи-хизматчиларнинг тўлақонли ҳимоячисига айланганини ҳамда уларнинг ишончини қозонганини кўрсатади. ХабардаҲарбий-иқтисодий жамиятга қарашли мундир тикиш устахонасининг барча тикувчилари мурожаат қилиш учун иш жойларини ташлаб Тошкент тикувчилар касаба уюшмасига кетиб қолишгани ёритилган.Охирида “Ҳозирги вақтда тикувчилар касаба уюшмаси бичувчи ўртоқ Капланнинг салбий хулқ-атвори юзасидан маъмуриятга билдириш ташаббусини ўз зиммасига олган” дейилган. Юқоридаги фикрларни“Впередь”нинг 5 ноябрдаги 7-сонида чиққан Идора хизматчилари ва бухгалтерлар касаба уюшмаси Кенгаши фаолияти ҳақидаги ахборот ҳам тасдиқлайди. Аён бўлишича, ушбу касаба уюшмаси идора хизмати билан банд ходимларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий аҳволини ўрганиш ва уларга амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида ўз аъзолари ўртасида20 банддан иборат сўровнома варақаларини тарқатган.Унда ходимларнинг исм-шарифидан ташқари,иш соатлари сони, таътил кунлари, мукофот (устама)лари ҳақидаҳам аниқ маълумот беришни сўраган. Бу эса, бошланғич касаба уюшмаси ташкилотлари паспортини тузишда ҳам муҳим қадам ҳисобланади. Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, бутун жаҳонда бўлгани каби Туркистонда ҳам касабачилик ҳаракатининг вужудга келиши ва кенг ёйилиши ўзига хос тарихга эга. Бу тузилма ўша пайтлар чор ҳукумати босими остида эзилган ўлка ишчи-хизматчиларининг ҳақ-ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида ягона нажот омили вазифасини ўтаган.

“1905-1924 ЙИЛЛАРДА ТУРКИСТОН ЎЛКАСИДА КАСАБА УЮШМАЛАРИНИНГ ТАШКИЛ ЭТИЛИШИ  ВА УЛАРНИНГ ФАОЛИЯТИ”

Ушбу бўлимда касаба уюшмалари ташкил этилишига қадар, уларнинг прототипи бўлган яширин касбий тўгараклар ҳақида ҳикоя қилувчи, Миллий архивда 100 йилдан ортиқ давр мобайнида “махфий” грифи билан сақланган тарихий ҳужжатларнинг нусхалари, касбий йўналишдаги илк уюшмаларнинг ташкил этилиши,  дастлабки уюшмалараро касаба ташкилотлари, Туркистон Республикаси касаба уюшмаларининг I-,II қурултойлари, янги иқтисодий сиёсатга ўтиш давридаги касаба уюшмалари фаолияти, маданий-маърифий йўналишдаги ишлар, биринчи Халқ университетининг очилиши  ҳамда Туркистон аёлларини янги ҳаёт қурилишига фаол жалб этишда касаба уюшмаларининг тутган ўрни ҳақидаги материаллар билан танишасиз. Бундан ташқари жадидлар ҳаракати вакили, маърифатпарвар Абдулла Авлонийнинг касаба уюшмаларидаги фаолияти, шу билан бир қаторда, 1924 йил 27 октябрда илк бор жаҳон харитасида   Ўзбекистон Совет Социалистик Республикаси ташкил этилгани тўғрисидаги маълумотга эга бўласиз

“КАСАБА УЮШМАЛАРИНИНГ ЎЗБЕКИСТОН СОВЕТ СОЦИАЛИСТИК РЕСПУБЛИКАСИ ДАВРИДАГИ (1925-1991-ЙИЛ) ФАОЛИЯТИ” БЎЛИМИ.

Уч қисмга бўлиб ўрганилади

1 қисм “1925-1941-ЙИЛЛАРДА ЎЗБЕКИСТОН КАСАБА УЮШМАЛАРИНИНГ ФАОЛИЯТИ”
2 қисм “1941-1950-ЙИЛЛАРДА ЎЗБЕКИСТОН КАСАБА УЮШМАЛАРИ  ИККИНЧИ ЖАҲОН УРУШИ ВА УРУШ АСОРАТЛАРИДАН ТИКЛАНИШ ЙИЛЛАРИДА”
3 қисм “1951-1991-ЙИЛЛАРДА ЎЗБЕКИСТОН КАСАБА УЮШМАЛАРИ  ФАОЛИЯТИ”

ЎЗБЕКИСТОН КАСАБА УЮШМАЛАРИ МУСТАҚИЛЛИК ДАВРИДАГИ (1991-2016 ЙИЛЛАР) ФАОЛИЯТИ

Қуйидаги бўлимда Мустақилликнинг дастлабки чорак асрида (1991-2016 йиллар) Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, тармоқ ва ҳудудий ташкилотлар томонидан амалга оширилган ишлар, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясини тузиш тўғрисидаги ДЕКЛАРАЦИЯ, Ўзбекистон касаба уюшмаларининг XV Қурултойи (Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси II Қурултойи), 2000-2016 йилларда бўлиб ўтган Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси  III, IV, V, VI, VII Қурултойлари, 1992 йилда қабул қилинган  Ўзбекистон Республикасининг “Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида” қонуни,  2004 йилда  Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг энг олий мукофоти “ЭҲТИРОМ” кўкрак нишонининг таъсис этилиши, 2011 йилда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ўртасида имзоланган Бош келишув ҳужжатининг асл нусхаси каби экспонатларни кўришингиз мумкин.

ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН – ЯНГИ КАСАБА УЮШМАЛАРИ ДАВРИ (2016-2021 ЙИЛЛАР)

Ушбу бўлимда юқоридаги бўлимлардан фарқли равишда экспозициялар Ўзбекистон касаба уюшмаларининг фаолият  йўналишлари бўйича жойлаштирилган, бўлимда Ўзбекистон касаба уюшмалари кунини белгилаш тўғрисидаги қонун, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар академиясининг ташкил этилиши, “Касаба уюшмалари тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси қонунининг қабул қилиниши, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси структураси, тармоқ ва ҳудудий ташкилотлар фаолияти тўғрисидаги экспозициялар билан бошланади.

Шунингдек, ушбу бўлимда 2020 йилда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг VIII Қурултойи, Ўзбекистон касаба уюшмалари куни таъсис этилганлигининг бир йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг табриклари, 2021 йилда Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгашини ташкил этилиши тўғрисида маълумотлар ҳам ўрин олган.

Музейнинг ҳар бир бўлими замонавий электрон ахборот узатувчи воситалар билан жиҳозланган бўлиб, уларга мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ва Ўзбекистон касаба уюшмаларининг қарийб юз йилдан ортиқ тарихи тўғрисидаги маълумотлар жойлаштирилган.
Музейда Ўзбекистон касаба уюшмалари нашри бўлган “Ишонч” газетасининг илк сонидан то бугунги кунгача бўлган сонлариининг электрон варианти билан ҳам танишиш имконига эга бўласиз.

2022 йил учун

2022 йил 20-24 сентябрь кунлари Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари кенгаши конференцияси иштарокчилари учун музей экскурсияси:

Тожикистон мини футбол жамоаси

  • Халқаро меҳнат ташкилоти Европа ва Марказий Осиё бўлими раҳбари Сергиус Гловацкас

  • Анна Сальникова (МКП-ВЕРС, Москва)

  • Монголия касаба уюшмалари Федерацияси раиси бошчилигидаги делегация

2023 йил учун

2023 йил 30 март куни “StreetNet” халқаро уюшмаси вакиллари музей меҳмони бўлишди:

2024 йил учун

2024 йил 17 май куни Бошқирдистон Республикаси касаба уюшмалари Федерацияси делегацияси музейда меҳмон бўлди:




Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enter тугмаларини босинг. © 2015 Ўзбекистон Касаба Уюшмалари Федерациясининг Портали Сайтдан олинган маълумотлардан фойдаланганда Ўзбекистон Касаба Уюшмалари Федерациясининг расмий сайти http://kasaba.uz кўрсатиб ўтилиши шарт. Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Тел.:(+99871) 252-21-18 E-mail: info@sfp.uz