Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

1-боб. Умумий қоидалар

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади фуқароларнинг касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқини амалга ошириш, шунингдек касаба уюшмаларини тузиш ва уларнинг фаолиятини ташкил этиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

2-модда. Касаба уюшмалари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Касаба уюшмалари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Қонун ҳужжатларида ушбу Қонунни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида, ички ишлар органларида, Давлат хавфсизлик хизматида, Миллий гвардиясида ва бошқа ҳарбий тузилмаларда қўллашнинг ўзига хос хусусиятлари белгиланиши мумкин.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг касаба уюшмалари тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

3-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

касаба уюшмаси — фуқароларнинг ўз фаолияти ёки ўқиши тури бўйича умумий касбий манфаатлари билан боғлиқ бўлган, уларнинг меҳнатга оид, бошқа ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ифодалаш ҳамда ҳимоя қилиш мақсадида тузиладиган, ўз устави асосида фаолият кўрсатадиган ихтиёрий жамоат бирлашмаси;

бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти — бир ёки бир нечта иш берувчида ишлайдиган ёки тегишли таълим муассасасида ўқийдиган касаба уюшмаси аъзоларининг тегишли касаба уюшмаси устави асосида фаолият кўрсатадиган ихтиёрий бирлашмаси;

касаба уюшмаларининг бирлашмаси — ходимларнинг касбий, меҳнатга оид, ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини амалга ошириш ҳамда ҳимоя қилишда ҳаракатларнинг мувофиқлаштирилишига ва бирлигига эришиш мақсадида тармоққа доир, ҳудудий ёки касбий ўзига хосликни ҳисобга олувчи бошқа белги бўйича тузиладиган ихтиёрий бирлашма;

касаба уюшмасининг бўлинмаси — касаба уюшмасининг уставига мувофиқ ташкил этиладиган, тегишли ҳудудда унинг вазифаларини ёки вазифаларининг бир қисмини амалга оширадиган бўлинма.

4-модда. Касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқи

Меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқаролар, шунингдек ўрта махсус, касб-ҳунар таълими, олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида таълим олаётган, ўн беш ёшга тўлган шахслар (бундан буён матнда ходимлар деб юритилади) ҳеч қандай тафовутсиз ўз танловига кўра ва олдиндан рухсат олмай туриб, ихтиёрий равишда касаба уюшмаларини тузиш ҳуқуқига, шунингдек касаба уюшмаларига уларнинг уставларига риоя этиш шарти билан аъзо бўлиш ҳуқуқига эгадир.