Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Ўзбекистон ва Қирғизистон касаба уюшмалари ўртасидаги ҳамкорлик ривож топиб бормоқда

05.05.2023. Жорий йилнинг 4-5 май кунлари Қирғизистон касаба уюшмалари Федерациясининг Ўш ва Жалолобод вилоятлари Кенгашлари мутасаддиларидан иборат делегация вакиллари Фарғона вилоятида бўлди.

Меҳмонлар Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти кенгаши томонидан тантанали равишда кутиб олинди.

Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгашининг 2022 йил сентябр ойидаги II-мажлисида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида қабул қилинган 2023 йилга мўлжалланган “Йўл харитаси”га мувофиқ Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти кенгашида ташкил этилган тадбирда Қирғизистон касаба уюмалари Федерациясининг Ўш ва Жалолобод вилоятлари кенгашлари томонидан ишчи-хизматчиларнинг меҳнати, ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумотлар берилди.

Ўз навбатида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилоят кенгаши мутасаддилари ҳам мамлакатимизда турли соҳаларда хизмат қилаётган меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳамда меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар билан меҳмонларни таништирдилар.

Ташриф доирасида Қирғизистон касаба уюшмалари делегацияси аъзолари «Авто ойна»  МЧЖ касаба уюшма қўмитаси ҳамда «Чимён» сиҳатгоҳида бўлиб, ходимларга яратилган қулай ва хавфсиз меҳнат шароитлари, техника хавфсизлиги борасидаги чора-тадбирлар билан яқиндан танишдилар.

– Ўзбекистон Республикаси Президентининг қўшни давлатлар билан яқин ҳамкорликни ривожлантириш борасида олиб бораётган одилона сиёсат натижасида мамлакатларимиз касаба уюшмалари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқалари ҳам тобора ривож топиб бормоқда, – дея таъкидлади Қирғизистон касаба уюшмалари Федерациясининг Ўш вилояти Кенгаши раиси Тўлқин Тожиев. – Икки мамлакат раҳбарларининг сиёсий иродалари туфайли қадимдан қардош икки халқ ўртасидаги асрий дўстлик ришталари яна тикланди. Касаба уюшмалари ўртасидаги ҳамкорлик эса меҳнат аҳли манфаатларини самарали таъминлаш борасида ўзаро тажриба алмашишда жуда муҳимдир. Фарғонага сафаримиз давомидаги учрашув ва суҳбатлар, корхона ва ташкилотлардаги касаба уюшмалари фаолиятини ўрганиш жараёнларида амин бўлдимки, Фарғона вилоятидаги ҳамкасбларимизнинг илғор тажрибаларидан ўрганадиган жиҳатларимиз кўп экан. Бугун уларнинг тақдимотлари билан танишар эканмиз, касаба уюшмалари фаолиятини ривожлантириш борасида Ўзбекистоннинг олдинги сафларда эканлигини ҳис этдим.

– Шу ўринда қайд этиб ўтиш жоизки, Ўзбекистон ва Қирғизистон касаба уюшмалари ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги ишлар натижасида 2022 йилда Қирғизистоннинг Қадамжой туманилик 54 нафар ёшлар Фарғона туманидаги сўлим ва баҳаво “Тонг” болалар соғломлаштириш оромгоҳида бепул дам олдирилди, – деди биз билан суҳбатда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Фарғона вилояти кенгаши раисининг Ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Шоҳсултон Тўхтаматов. – Шунингдек, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тасарруфидаги “Чимён” санаторийсида бепул йўлланмалар асосида 30 нафар Қирғизистонлик нуроний отахон ва онахонлар саломатлиги мустаҳкамланди.

Дўстона ва самимий руҳда ўтган фаоллар учрашувлари давомида бу борадаги ҳамкорлик ишлари жорий йилда ҳам давом эттирилиши таъкидланди.

Ташриф якунида томонлар ўртасида ходимларнинг ижтимоий ва меҳнат ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида тажриба алмашиш бўйича келишув битимлари имзоланди.

Мазкур Битимларга мувофиқ келгусида касаба уюшмалари ташкилотлари фаолияти самарадорлигини янада ошириш,  аҳоли бандлиги ва меҳнат бозорини тартибга солиш,  касаба уюшмалари ходимларини касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, меҳнат ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш,  ижтимоий ва меҳнат муносабатларини жамоавий шартномалар орқали тартибга солиш, ходимлар ва улар оила аъзоларининг дам олиши ва соғломлаштирилишини ташкил етиш, ёшларни касаба уюшмалари сафига кенг жалб этиш каби масалаларда ҳамкорлик янада ривожлантирилади.

Муҳаббат Ўрмонбекова

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари