Click to listen highlighted text!

Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Ўзбекистон ва Туркманистон касаба уюшмалари ҳаморликни ривожлантириш йўлида

02.04.2021. Сўнгги йилларда мамлакатимизда Президентимиз ташаббуслари билан барча соҳаларда, шу жумладан ижтимоий-меҳнат муносабатлари соҳасида олиб борилаётган тизимли ислоҳотлар халқимиз турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда. Айниқса, мажбурий меҳнатнинг олдини олиш, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш йўналишида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Мазкур жараёнларда Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳам фаол иштирок этиб келмоқда.

Алоҳида таъкидлаш зарурки, олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, улар натижасида эришилаётган ижобий натижа ва ютуқлар жаҳон ҳамжамияти ҳамда халқаро ташкилотлар томонидан юксак эътироф этилиши билан бирга ҳорижий мамлакатлар мутасадди ташкилотларида чуқур қизиқиш уйғотмоқда. Бундан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Туркманистон касаба уюшмалари миллий маркази таклифига биноан бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар ҳамда ижтимоий-меҳнат муносабатлари соҳасида эришилаётган ютуқларни халқаро даражада намоён этиш мақсадида “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва Туркманистон касаба уюшмалари миллий маркази ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари: болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатнинг олдини олиш ишларида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг тажрибаси” мавзуида халқаро видеоконференция ўтказилди.

Видеоконференц алоқа шаклида ташкил этилган мазкур конференцияда Туркманистоннинг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси  Язкули Маммедов, Ўзбекистон Республикасининг Туркманистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Акмалжон Кучкаров, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳамда Туркманистон касаба уюшмалари миллий маркази мутасаддилари ва масъул ходимлари, икки мамлакат тармоқ касаба уюшмалари вакиллари иштирок этдилар.

Халқаро видеоконференцияда Туркманистон ва Ўзбекистон ўртасидаги анъанавий қардошлик алоқалари, ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида икки мамлакат томонидан амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар, бугунги кунда халқларимиз ўртасида яхши қўшничилик, ўзаро ҳурмат ва қўллаб-қувватлаш тамойилларига мувофиқ дўстлик ва қардошлик алоқаларининг ривож топиб бораётгани алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Халқаро видеоконференцияда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан  қўшни давлатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш йўлида олиб борилаётган оқилона сиёсат Туркманистон ва Ўзбекистон касаба уюшмалари ўртасида самарали ҳамкорликни ривожлантириш имкониятларини кенгайтиргани алоҳида таъкидланди. 2018 йил апрел ойида Туркманистон Президентининг Ўзбекистонга амалга оширган Давлат ташрифи давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамда Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ҳамкорлигида сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда ўзаро кенг қамровли ҳамкорлик бўйича келишувларга эришилгани қайд этилди. Мазкур ташриф давомида ўзбек-туркман муносабатларини кенгайтириш бўйича муҳим йўналишлар қаторида икки мамлакат касаба уюшмаларининг самарали ҳамкорлигини ривожлантириш бўйича аниқ чора-тадбирлар ҳам кўзда тутилган эди. Хусусан, ташриф доирасида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва Туркманистон касаба уюшмалари миллий маркази ўртасида англашув Меморандуми имзоланган. Ўтган давр мобайнида мазкур Меморандум доирасида Ўзбекистон ва Туркманистон касаба уюшмалари ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлашга йўналтирилган қатор тадбирлар ўтказилди. Хусусан, Ўзбекистон касаба уюшмалари делегацияси Туркманистонда, Туркманистон касаба уюшмаларининг қатор делегациялари Ўзбекистонда бўлиб, фаолиятнинг устувор йўналишларидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама этилгани таъкидлаб ўтилди.

Шундан сўнг халқаро видеоконференцияда Ўзбекистонда қатор нуфузли Халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўналишида олиб борилаётган ишлар тўғрисида маълумотлар берилди. Қайд этилганидек, бугун Ўзбекистон дунёга очиқлигини ҳамда халқаро ташкилотлар билан конструктив ҳамкорликка тайёр эканлигини тўла намоён этмоқда. Буни Ўзбекистоннинг дунёнинг барча мамлакатлари билан сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, гуманитар ва маданий соҳаларда олиб бораётган ўзаро манфаатли ҳамкорлиги мисолида ҳам кўриш мумкин. Айниқса, охирги йилларда Ўзбекистон ва Халқаро меҳнат ташкилоти ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилди. Халқаро меҳнат ташкилоти Бош директори Гай Райдернинг 2018 йил 13-15 декабр кунлари Ўзбекистонга амалга оширган ташрифи фикримизнинг ёрқин далилидир. Мазкур ташриф чоғида ХМТ Бош директори Гай Райдер бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида барча соҳаларда, хусусан, меҳнат муносабатлари соҳасида кўплаб ўзгариш ва ислоҳотлар ўтказилаётгани, уларнинг ижобий натижалари аҳолининг ҳаёти сифати ва турмуши даражасини юксалтиришга хизмат қилаётгани, мазкур жараён жаҳон ҳамжамияти ҳамда Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан ижобий баҳоланаётганини эътироф этди.

Видеоконференцияда таъкидланганидек, охирги 4 йил давомида Ўзбекистон ва Халқаро меҳнат ташкилоти муносабатларида эришилган ривожланиш Ўзбекистон Республикаси ташаббуси билан олиб борилаётган ташқи сиёсат стратегияси, унинг асосида амалга оширилаётган конструктив мулоқот ва интенсив ҳамкорлик натижасидир. Бу борада олиб борилаётган тизимли ишар Ўзбекистоннинг меҳнат соҳасидаги ўз халқаро мажбуриятларига содиқлиги ва қатъий позициясидан далолатдир.

Видеоконференцияда Ўзбекистонда охирги йилларда ижтимоий-меҳнат муносабатлари соҳасида олиб борилаётган тизимли ислоҳотлар натижасида ходимлар учун муносиб меҳнат шароитларини таъминлаш, халқаро меҳнат стандартларини амалиётга татбиқ этиш, хусусан болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик каби муҳим йўналишларда эътироф этишга сазовор ижобий ўзгариш ва янгиланишлар амалга оширилгани алоҳида таъкидланди. Ўзбекистон Республикасида Халқаро меҳнат ташкилотининг ратификация қилинган конвенцияларини амалга ошириш бўйича тизимли равишда миллий ҳаракатлар режаси қабул қилиб келинаётгани, улар ХМТнинг Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган конвенцияларига мувофиқ миллий қонунчиликни такомиллаштириш, мажбурий меҳнат ва болалар меҳнати масалалари бўйича ХМТ конвенцияларини амалиётга татбиқ этиш, ХМТ билан ҳамкорлик дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, ижтимоий шериклар салоҳиятини ошириш, ахборот-тушунтириш ишларини амалга ошириш йўналишларини ўз ичига олгани алоҳида қайд этилди. Шунингдек, Ўзбекистон ва ХМТ ўртасида “Муносиб меҳнат бўйича мамлакат дастури” қабул қилиниб, амалга ошириб келингани, бугунги кунда кейинги йиллар учун мазкур дастурни қабул қилиш жараёнлари бораётгани билдирилди.

Таъкидланганидек, 2010-2013 йилларда Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги соҳасида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат хавфи билан боғлиқ масалалар халқаро ташкилотларнинг салбий фикрларига сабаб бўлган. Шундан сўнг бир неча йиллар давомида Ўзбекистон ва ХМТ ҳамкорлигида мазкур йўналишлар бўйича мониторинглар ўтказиб келинган. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан бу борадаги ҳолат бўйича 2016 йилда туб бурилиш амалга оширилди. Яъни, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қатъий сиёсий иродаси туфайли қисқа вақт ичида мамлакатимизда мажбурий меҳнатнинг қалтисликларини тўлиқ бартараф этиш борасида туб ўзгаришларга эришилди. Хусусан, Давлатимиз раҳбарининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги тарихий маърузаси ушбу янгиланишларнинг бош тарихий нуқтасига айланди ва мажбурий меҳнатга батамом чек қўйилишига астойдил киришилди.

Жумладан, 2017 йилнинг 4 октябрида Фуқароларнинг кафолатган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш бўйича Парламент комиссияси тузилди. Мажбурий меҳнатга барҳам бериш борасида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига аниқ топшириқлар берилди. Шунингдек, ушбу масала юзасидан 2018 йил 10 майда Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 349-сонли қарори қабул қилинди.

Тадбирда таъкидланганидек, амалга оширилган тизимли ишлар натижасида Халқаро меҳнат ташкилоти, хорижий экспертлар ва маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари иштирокида пахтачиликда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат бўйича тизимли мониторинглар ўтказилди ва уларнинг натижаларига кўра мамлакатимизда болалар меҳнати мавжуд эмаслиги ҳамда мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик бўйича жиддий чоралар кўрилаётгани дунё ҳамжамияти томонидан тан олиниб, эътироф этилди.

Болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик бўйича давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан амалга оширилаётган катта кўламдаги ишларга муносиб ҳисса қўшиш мақсадида Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ижтимоий ҳамкорлар ва халқаро ташкилотлар иштирокида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда қатор вазирлик ва идоралар мутахассислари учун болалар меҳнатининг оғир шаклларидан ва мажбурий меҳнатдан огоҳлантириш ҳамда унга йўл қўймаслик мавзусида туркум семинарлар ўтказилиб, вазирликлар, идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фермерларнинг бу борадаги салоҳиятини ошириш тадбирлари амалга ошириб келинмоқда. Давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари ва фермерларнинг миллий ва халқаро меҳнат стандартлари соҳасидаги салоҳиятини ошириш мақсадида касаба уюшмалари ўқитувчи-тренерлари ва халқаро экспертлар иштирокида Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ҳамда ҳудудлардаги барча шаҳар ва туманларда семинар-тренинглар ташкил этилмоқда. Шунингдек, Республикамиз ҳудудларининг барча туман ва шаҳарларида халқаро меҳнат стандартларини кенг тарғиб қилиш мақсадида ўқув-семинарлари, мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик ва унинг олдини олиш юзасидан тарғибот-тушунтириш ишлари ҳамда аноним сўровлар ўтказилмоқда. Ушбу тадбирлар давомида мажбурий меҳнатга йўл қўйилган ҳолатларга дуч келинса қаерга ва кимга мурожаат қилиш тўғрисида маълумотлар берилиши билан бирга Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг қисқа рақамли “ишонч телефонлари”, электрон ва телеграм манзиллари акс этган плакатлар аҳоли гавжум жойлар, меҳнат жамоалари, фермер хўжаликларида тарқатилиши йўлга қўйилган.

Бундан ташқари мурожаатларни тезкор кўриб чиқиш ҳамда мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг “1092” рақамли ишонч телефони фаолияти йўлга қўйилган. Пахта йиғим-терими мавсумида ХМТнинг Учинчи томон мониторинги ва Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Миллий мониторинги ҳуқуқ ҳимоячилари, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирокида ўтказиб келинмоқда.

Ўзбекистонда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик борасида кўрилган қатъий чора-тадбирлар натижасида 2018 йилнинг сентябрь ойида АҚШ Меҳнат департаменти Ўзбекистон пахтасини “Болалар меҳнатидан фойдаланиб етиштирилган товарлар рўйхати”дан чиқариб ташлади.

Халқаро видеоконференцияда 2020 йилда ўтказилган Учинчи томон мониторинги натижаларига кўра Халқаро меҳнат ташкилоти экспертлари Ўзбекистон бундан аввалги йилда бўлгани каби 2020 йилда ҳам пахта йиғим-терими давомида тизимли болалар меҳнатидан умуман фойдаланмаганлиги тўғрисидаги хулосаларида қатъий қолганликлари, мажбурий меҳнатнинг бутунлай бартараф этилишида самарали натижаларга эришилганлиги, фуқароларни мажбурий тарзда тизимли жалб этиш ҳолатлари кузатилмаганлигини қайд этганлари алоҳида таъкидлаб ўтилди. Ушбу натижаларга эришишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг кучли сиёсий иродаси, қишлоқ хўжалиги соҳасини модернизация қилиш, пахта хомашёси учун давлат буюртмасининг бекор қилиниши муҳим ўрин тутганлиги қайд этилди. Эришилган натижаларнинг асосий омилларидан бири сифатида терилган пахта учун тўлов миқдорларининг оширилиши, меҳнат ва дам олиш шароитларининг сезиларли даражада яхшилангани, бу борада ҳукумат ва жамоатчилик томонидан доимий назорат олиб борилганлиги кўрсатиб ўтилди.

Юқорида таъкидланган ҳуқуқий ўзгаришлар, Давлат раҳбари ва Ҳукумат томонидан мазкур йўналишда белгилаб берилган аниқ позиция ва вазифалар ҳамда саъй-ҳаракатлар, бу борада уч томонлама ижтимоий шериклар томонидан амалга оширилаётган тадбирлар Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик бўйича олиб борилаётган тизимли ишлар кўламини яққол намоён этиб турибди.

Видеоконференция давомида Туркманистон касаба уюшмалари миллий маркази вакилларига болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик борасида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан амалга ошириб келинаётган ахборот-тушунтириш компанияси тўғрисида ҳам маълумотлар берилди. Хусусан, аҳоли хабардорлигини ошириш мақсадида мажбурий меҳнатнинг ноқонунийлиги, бунинг учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланганлиги, касаба уюшмаларининг ишонч телефони, миллий ва халқаро меҳнат стандартлари ҳақида ахборот тушунтириш, тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш мақсадида Федерация Кенгаши томонидан баннер, плакат ва флаерлар ишлаб чиқилиб, республика бўйича туман марказларида, корхона, ташкилот ва муассасаларда одамларга кўринадиган жойларга жойлаштириб келинаётгани, меҳнаткашлар ҳамда аҳоли вакилларига мавзуга оид флаерлар тарқатилаётгани таъкидланди. Бундан ташқари “Муносиб меҳнат” туркумида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Қайта алоқа механизми тўғрисида қисқа метражли ижтимоий роликлар тайёрланиб, пахта йиғим-терими мавсумида телеканаллар орқали намойиш этиб борилаётгани қайд этилди. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан “Халқаро меҳнат ташкилотининг Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган конвенциялари” номли китоб нашр этилиб, барча взирлик, идоралар, уларнинг вилоят бошқармалари, тиббиёт бирлашмалари, халқ таълими бўлимлари, олий ўқув юртлари ва бошқа ташкилотларга тарқатилгани айтиб ўтилди. Шунингдек, ҳар йили Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан миллий ва ҳорижий ОАВ ва Ахборот агентликлари вакиллари иштирокида миллий ва халқаро меҳнат стандартлари ҳамда ХМТ конвенцияларини амалга татбиқ этиш мавзуларига оид матбуот анжумианлари ўтказиш анъанага айланган. Шунингдек, босма ва электрон ОАВда, Ўбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Интернет Портали, “Фейсбук” ижтимоий тармоғидаги саҳифаси, талеграм каналида, республика ва халқаро веб-сайтларда мавзуга оид материаллар бериб борилади.

Халқаро видеоконференцияда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Қайта алоқа механизми ва Касаба уюшмалари Федерацияси Инспекцияси фаолияти тўғрисида тақдимотлар ҳам амалга оширилди. Уларнинг республикада болалар меҳнатига ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик борасида олиб бораётган ишларига алоҳида тўхталинди.

Халқаро видеконференция давомида ўз навбатида Туркманистон касаба уюшмалари Миллий маркази мутасаддилари ҳам сўз олиб, мавзуга оид фикр ва мулоҳазаларини билдирдилар. Хусусан, Ўзбекистоннинг болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик борасидаги тажрибасини юқори баҳолаб, давомли тажриба алмашиб бориш истагини билдирдилар.

Туркманистон касаба уюшмалари миллий марказининг Касаба уюшма аъзолари ижтимоий-меҳнат ҳуқуқларини ҳимоялаш бўлими мудири Мурод Хаитов, мазкур бўлимнинг Ҳуқуқ инспектори Мекан Овезов Туркманистон касаба уюшмаларининг ХМТ билан ўзаро ҳамокрлиги, ҳуқуқ инспекциялари фаолияти тўғрисида маъруза қилдилар.

Шундан сўнг мавзулар юзасидан қизғин муҳокамалар бўлиб ўтди.

Халқаро видеоконференция якунида икки мамлакат касаба уюшмалари мутасаддилар ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича келишиб олдилар.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати

Click to listen highlighted text!