Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Ўзбекистонда Бош жамоа келишуви имзоланди

20.12.2022. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон  касаба уюшмалари Федерацияси, Ўзбекистон Иш берувчилари Конфедерацияси ўртасида ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича 2023-2025 йилларга мўлжалланган Бош жамоа келишуви имзоланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев ўзининг нутқлари, чиқишлари, халқ билан ўтказиладиган мулоқотларида одамларни рози қилиш, уларнинг даромадларини ошириш, турмуш шароитларини яхшилаш, янги иш ўринларини барпо этиш, меҳнаткашларга муносиб меҳнат шароитларини яратиб бериш, барча соҳаларда қонун устуворлигини таъминлаш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари учун манзилли ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш давлат органларининг вазифаси эканлигини таъкидлаб келади.

Давлатимиз раҳбари томонидан инсон манфаатларини кўзлаган ҳолда ишлаб чиқилган сиёсат амалга оширилишини, олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида халқимизнинг турмуш даражаси ва сифати кўтарилишини таъминлаш – нафақат давлат органлари, балки иш берувчилар ва касаба уюшмаларининг ҳам устувор вазифасидир.

Бунда давлат органлари, иш берувчилар ва касаба уюшмалари, яъни ижтимоий шериклар ўртасида таъсирчан ижтимоий мулоқотни йўлга қўйиш –  ижтимоий-меҳнат муносабатларида барча тарафларнинг манфаатлари инобатга олинишига, жамиятда барқарорлик ва ижтимоий тотувлик қарор топишига хизмат қилади.

Ўзбекистон Республикасининг янги тахрирдаги Меҳнат кодексида тартибга солинадиган муносабатлар соҳасига қараб ҳудудий, тармоқ ва бош жамоа келишувлари тузилиши мумкинлиги белгилаб қўйилган.

Бош жамоа келишуви аъзоларининг сони энг кўп бўлган республика касаба уюшмалари бирлашмаси, ўз ваколатли вакиллари орқали иш берувчиларнинг республика бирлашмалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ўртасида тузилади.

Бош жамоа келишуви Ўзбекистон Республикасида келишилган ҳолда ижтимоий-иқтисодий сиёсат олиб боришнинг асосий йўналишларини белгилайди.

Шундан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикасининг янги тахрирдаги Меҳнат кодексининг 84-моддасига асосан 2022 йил 16 декабрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, Ўзбекистон Иш берувчилари Конфедерацияси ўртасида ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича 2023-2025  йиллар учун Бош жамоа келишуви имзоланди.

Бош жамоа келишуви:

Ҳукумат номидан – Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла  Ниғматович Арипов;

аъзоларининг сони энг кўп бўлган республика касаба уюшмалари бирлашмаси номидан – Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Мирсагатович Рафиков;

иш берувчиларнинг республика бирлашмалари номидан – Ўзбекистон Иш берувчилари Конфедерацияси Ижроия қўмитаси раиси Илхом Ўткурович Ҳайдаровлар томонидан имзоланди.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 88-моддасига биноан Бош жамоа келишуви 2022 йил 19 декабр куни Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Давлат меҳнат инспекциясида хабардор қилиш тартибида рўйхатга олинди.

Мазкур келишув энг аввало Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қўйилган устувор вазифаларини бажаришда тарафларнинг қуйидаги муҳим ишлар ижросида фаол иштирокини таъминлашга йўналтирилган:

– иқтисодиётни янада эркинлаштириш ва ривожлантириш, иқтисодий салоҳиятни кенгайтириш бўйича чора-тадбирларни изчил амалга ошириш, тадбиркорлик субъектлари рақобатбардошлиги ва фаолияти самарадорлигини кучайтириш асосида аҳоли турмуш даражасини кўтариш;

– “2022-2026 йилларга мўлжалланган янги Ўзбекистоннинг тараккиёт стратегияси”ни амалга ошириш;

– Ўзбекистон Республикаси ва Халқаро меҳнат ташкилоти ўртасида  2021-2025 йиллар учун қабул қилинган Муносиб меҳнат бўйича мамлакат дастурини бажариш;

– Ўзбекистон Республикаси аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилиш стратегиясини амалга ошириш.

Жумладан, иқтисодиётни, маҳаллий ишлаб чиқаришни ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш борасида иқтисодиёт тармоқларида барқарор юқори ўсиш суръатларини таъминлаш орқали республикани “даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар” қаторига кириш учун замин яратиш асосий устуворлик сифатида қабул қилинди.

Ушбу йўналишда миллий иқтисодиёт барқарорлигини таъминлаш ва ялпи ички маҳсулотда саноат улушини оширишга қаратилган саноат сиёсатини давом эттириш, «Яшил иқтисодиёт» технологияларини барча соҳаларга фаол жорий этиш, инвестиция муҳитини янада яхшилаш ва унинг жозибадорлигини ошириш, қишлоқ хўжалигини илмий асосда интенсив ривожлантириш масалаларига эътибор қаратилди.

Шунингдек, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида ҳудудларнинг “ўсиш нуқталари”дан келиб чиқиб, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилма объектларини қуришга кўмаклашиш режалаштирилди.

Тарафлар ўз олдига меъёрий ижодкорлик фаолиятини такомиллаштириш ва ҳуқуқий ҳимоя механизмларидан самарали фойдаланиш  йўли билан ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларига ва  манфаатларига риоя этилишини таъминлаш мақсадини қўйдилар.

Ушбу жараёнда:

– янги Меҳнат кодексини амалиётга кенг жорий этиш учун меҳнат соҳасидаги қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш, ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ёки янги нормаларни қабул қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

– Халқаро меҳнат ташкилотининг иш ҳақини ҳимоя қилиш, ижтимоий таъминотнинг энг кам нормалари, энг кам иш ҳақини ўрнатиш, ҳақ тўланадиган таътиллар тўғрисидаги ва бошқа қатор конвенцияларини миллий қонун ҳужжатлари ва амалиётга имплементация қилиш;

– Халқаро меҳнат ташкилотининг Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган Конвенциялари ижросини таъминлаш ишлари биринчи галдаги вазифалар қаторида белгилаб олинди.

Бош жамоа келишувига аҳоли даромадлари ва турмуш даражасини юксалтириб боришни, республика фуқароларини ижтимоий қўллаб қувватлашни назарда тутувчи чора-тадбирлар мажмуи амалга оширилишига доир нормалар киритилди.

Ушбу йўналишдаги чора-тадбирлар қаторида:

– Ҳукумат, иш берувчилар ташкилотлари ва касаба уюшмалари ўртасида меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорини белгилаш бўйича уч томонлама маслаҳатлашувлар ўтказиш тизимини йўлга қўйиш;

– меҳнаткашларнинг реал иш ҳақи ва даромадларини оширишга, ялпи ички маҳсулот таркибида меҳнат ҳақи улушини 30 фоиздан кам бўлмаган миқдорда сақлаб туришга доир чоралар кўриш;

– хўжалик ҳисобидаги ташкилотларда ходимлар меҳнатига ҳақ тўлашни ташкил этиш учун асос сифатида Ягона тариф сеткасининг оширилган тариф коэффициентларини белгилашни жамоа шартномалари ва келишувлари орқали амалга ошириш;

 меҳнатга ҳақ тўлашнинг тариф тизимидан тарифсиз тизимларига ўтишни тегишли тармоқ касаба уюшмаси Республика кенгаши ёки унинг бўлинмаси билан олдиндан келишиб олинишини ҳамда ходимларнинг энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI)ни баҳолашга бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти сайланма органи вакиллари жалб этилишини таъминлаш.

– иш берувчи томонидан иш ҳақини ва бошқа тўловларни тўлаш муддати бузилган тақдирда, уларни кечиктирилган ҳар бир кун учун пулли компенсация билан бирга тўланишини мувофиқлаштириб бориш кўзда тутилган.

Меҳнат бозорининг самарали фаолият юритишини таъминлаш ҳамда аҳолини иш билан таъминланганлик даражаси юксалтирилишини ўз  мақсади деб эътироф этган ҳолда Бош жамоа келишуви тарафлари янги иш ўринларини яратиш, кадрлар салоҳиятини сақлаб қолиш ва  ривожлантириш борасида келишилган чора-тадбирларни амалга оширишни ўз зиммаларига олдилар.

Бу борада:

– барқарор иш ҳақини ва хавфсиз меҳнат шароитларини таъминловчи доимий иш ўринлари, айниқса қишлоқ жойларида яратилишига, иш ўринларини ташкил этаётган иш берувчиларни янада рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратиш;

– норасмий иқтисодиётдан расмий иқтисодиётга ўтиш концепциясини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

– ўзини ўзи банд қилганларни ва якка тартибдаги тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ишларига урғу берилди.

Меҳнат муҳофазаси масалаларини ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан бири деб ҳисоблаган ҳолда, Бош жамоа келишуви тарафлари ўз зиммаларига меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси тизимини жорий этиш, унинг фаолият кўрсатиши ва ривожланишини таъминлашда иштирок этиш мажбуриятларини олдилар.

Ижтимоий кафолатлар, ижтимоий ҳимоя соҳасида қуйидаги вазифалар долзарб деб қабул қилинди:

– Ўзбекистон Республикаси аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилиш Стратегиясида қўйилган вазифалар ўз вақтида ва тўлиқ бажарилишига кўмаклашиш;

–  “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси”ни амалга оширишга оид Давлат дастурлари бажарилишида фаол иштирок этиш;

– жамоа келишувлари ва шартномалари орқали кам таъминланган ва кўп болали оилаларга, уруш ва меҳнат фахрийларига доимий равишда моддий ёрдам кўрсатиб бориш;

– меҳнат муҳожирлари ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш чораларини кўриш;

– давлат ижтимоий ёрдамларини, субсидиялар ёки имтиёзли кредитларни олувчи шахслар билан Ижтимоий контрактлар тузилишини таъминлаш.

Бош жамоа келишувида шунингдек маданий-маърифий ишлар, жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш, аёллар ва ёшлар учун қўшимча кафолатлар, ижтимоий мулоқот ва ижтимоий шерикликни ривожлантириш масалалари қамраб олинган.

Таъкидлаш жоизки, Бош жамоа келишуви меҳнат соҳасидаги ижтимоий шерикликнинг асосий ҳужжати ҳисобланади, доиравий тусга эга бўлиб Ҳукумат, касаба уюшмалари Федерацияси ва иш берувчилар бирлашмалари ҳамкорлигининг асосий йўналишларини белгилаб беради. Келишув меъёрларининг катта қисми тармоқ ва ҳудудий жамоа келишувлари шунингдек жамоа шартномалари орқали амалга оширилиши лозим.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш бўлими