Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

ЎЗБЕКИСТОНДА ИЖТИМОИЙ МУЛОҚОТ

01.12.2020. Ижтимоий мулоқот шаклланишининг қисқача тарихи

Миллий уч томонлама ижтимоий мулоқотни йўлга қўйилиши Ҳукумат, ходимлар ва иш берувчиларнинг ўзларига таъсир кўрсатадиган давлат сиёсати, қонунлар ва бошқа қарорларни муҳокама қилишдаги ҳамкорлигига йўналтирилгандир. Уч томонлама маслаҳатлашувлар шериклар ўртасидаги ҳамкорликни фаоллаштиради ва миллий сиёсат масалаларида келишувга эришишга ёрдам беради. Ижтимоий мулоқот – муносиб меҳнатни рағбатлантириш ва таъминлашнинг, ҳар томонлама ривожланиш ва ижтимоий бирдамликни тарғиб қилишнинг, шунингдек самарали бошқарувга кўмаклашишнинг асосий воситаси ҳисобланади.

Уч томонлама ижтимоий мулоқот маҳсулдор бандликни таъминлаш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, халқаро меҳнат стандартларини тарғиб қилиш, энг кам меҳнат ҳақини тартибга солиш, иш жойида гендер тенглиги ва меҳнат муҳофазасини таъминлаш, жамоаларга доир меҳнат низоларини ҳал қилиш, шунингдек яшил иқтисодиётга босқичма-босқич ўтиш каби масалаларда муҳим рол ўйнайди. Ушбу муаммоларни самарали ҳал этиш орқали ижтимоий мулоқот жараёнлари сиёсий ва иқтисодий ўзгаришларни муаммосиз амалга оширишга ва инқирозларнинг салбий таъсирини камайтиришга қаратилгандир.

Ўзбекистондаги ижтимоий мулоқот таркиб топиши даврида узоқ ва мураккаб йўлни босиб ўтди.

1996 йил 1 апрелдан кучга кирган Меҳнат кодекси Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, иш берувчиларнинг республика бирлашмалари ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ўртасида ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича Бош келишувни тузиш имкониятини берган бўлсада, узоқ вақт давомида бундай келишув тузилмай келинди.

Бош келишув тузмасликнинг расмий сабаби сифатида, ўша пайтда Ўзбекистонда иш берувчиларнинг республика бирлашмалари мавжуд эмаслиги кўрсатиларди: йирик иш берувчилар-мулкдорлар синфи ҳали шаклланиб улгурмаган эди, чунки иқтисодиётнинг барча етакчи тармоқлари давлат томонидан назорат қилинарди, ишлаб чиқариш воситаларига бўлган хусусий мулкчилик эса фақат кичик ва ўрта бизнесда мавжуд эди.

XX – XXI асрлар оралиғида республикада уч томонлама ижтимоий мулоқот тўҳтатиб турилишига қонунчиликнинг ривожланмаганлиги ҳам ўз таъсирини кўрсатмай қолмади, чунки ижтимоий мулоқот тушунчаси қонунан таърифланмаган ва унинг доимий фаолият юритувчи органларини шакллантириш назарда тутилмаган эди.

Шунга қарамай, ўша даврда тармоқ, ҳудудий ва локал миқёсларда ижтимоий мулоқотнинг амалий ривожланиши кузатилди ва унинг умуммиллий даражада шаклланиши учун дастлабки шартлар яратилди.

Чунончи, Ўзбекистон касаба уюшмалари ижтимоий шериклар билан биргаликда жамоа музокаралари амалиётини такомиллаштириш ва жамоа келишувлари ва шартномалари самарадорлигини оширишда қуйидаги натижаларга эришдилар:

1)  жамоа музокараларининг турли даражалардаги иерархик ўзаро боғлиқлиги таъминланди, бунга Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг қарори ёрдам берди, зеро, у билан жамоа шартномаси жамоа келишувига нисбатан ходимнинг аҳволини ёмонлаштириши мумкин эмаслиги белгиланди;

2) жамоа шартномалари ва келишувлари лойиҳаларининг қонун ҳужжатлари талабларига ва юқори турувчи келишувларнинг нормаларига мувофиқлигини баҳолаш учун уларни жамоатчилик экспертизасидан ўтказиш йўлга қўйилди;

3) жамоа шартномалари бажарилиши бўйича идоравий статистик ҳисоботлар жорий этилди;

4) Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги органларида жамоа келишувларини, касаба уюшмалари органларида эса – жамоа шартномаларини билдириш рўйхатидан ўтказиш йўлга қўйилди;

5) иқтисодиётнинг реал секторида тариф келишувларини тузиш амалиётига асос солинди;

6) жамоа шартномаси тадбирларини бажариш учун ўрта ҳисобда бир ходимга сарфланган маблағ миқдори шаклида жамоа шартномаларининг ижтимоий нафини аниқлаш услубиёти жорий этилди;

7) барча тармоқлар учун ягона музокара жараёнининг қоидалари жорий этилди, унга кўра жамоа келишувлари – 1 февралдан кечиктирилмасдан, жамоа шартномалари эса – тегишли йилнинг 1 апрелидан кечиктирилмасдан тузилиши керак;

8) муайян корхона жамоа шартномасини ишлаб чиқишда кўпчилик юридик шахслар томонидан асос сифатида қўлланиладиган умумий ва ихтисослаштирилган макетларнинг ҳар йили оммавий ахборот воситаларида нашр этилиши ва веб-ресурсларида жойлаштирилиши таъминлади.

Бош келишув миллий уч томонлама ижтимоий мулоқотнинг асосий ҳужжатидир

2011 йил февраль ойида мамлакат тарихида биринчи марта Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ўртасида ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича Бош келишув (кейинги ўринларда – Бош келишув) имзоланди.

Кейинчалик, Бош келишув ҳар уч йилда янги муддатга янгиланди. 2020 йилдан буён Бош келишув иш берувчилар томонидан мамлакатдаги деярли барча иш берувчиларни бирлаштирган Ўзбекистон иш берувчилари Конфедерацияси томонидан имзоланмоқда.

Бош келишув бўйича мажбуриятларни бажариш доирасида сўнгги йилларда ижтимоий шериклар ўртасида тизимли ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ижтимоий ва меҳнат соҳасидаги қатор масалаларни ҳал қилишга эришилди.

Ижтимоий шерикларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари натижасида Халқаро меҳнат ташкилотининг “Саноат ва савдода меҳнат инспекцияси тўғрисида”ги 81-Конвенцияси, “Бирлашиш эркинлиги ва касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқини ҳимоялаш тўғрисида”ги 87-Конвенцияси, “Қишлоқ хўжалигида меҳнат инспекцияси тўғрисида”ги 129-Конвенцияси, “Халқаро меҳнат нормаларини қўллашга кўмаклашиш учун уч томонлама маслаҳатлашувлар тўғрисида”ги 144-Конвенцияси, шунингдек “Мажбурий меҳнат тўғрисида”ги 29-Конвенцияга Протокол ратификация қилинишига эришилди.

Бош келишув туфайли “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги янги Қонун ишлаб чиқилди ва қабул қилинди, бу билан касаба уюшмаларининг ҳуқуқлари ва ваколатларини сезиларли даражада кенгайтирди.

Сўнгги йилларда қонунчиликни эркинлаштириш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар замирида жисмоний шахсларнинг солиқ юкининг камайишига, иш ҳақи, пенсия ва нафақалар миқдорининг ошишига, иш ҳақидан сурункали қарздорликни йўқ қилишга, ишчи кучи ҳаракатланувчанлигини оширишга, фуқароларни чет элда иш билан таъминлаш тартибининг соддалашишига, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва бошқа бир қатор тармоқлар ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш шартларининг яхшиланишига, шунингдек республикада болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатни йўқ қилишга эришилди.

Меҳнат бозорини тартибга солишдаги энг муҳим ўзгаришлардан бири бу янги иш ўринлари ташкил этиш бўйича давлат буюртмаси жорий этилиши, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари қаторига кирадиган фуқаролар учун субсидияланган бандлик ва тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлган ишсиз фуқароларга грантлар бериш амалёти бўлди.

Касаба уюшмалари Федерациясининг фаол иштироки билан 2019 йилда илк марта меҳнатга ҳақ тўлашнинг туман коэффициентлари, шунингдек оғир ва ноқулай табиий-иқлим ва маиший шароитли жойлардаги ишларда банд бўлган ходимларга йиллик қўшимча таътилларнинг минимал давомийлиги тасдиқланди.

Алоҳида технологик турдаги ишлар, ишлаб чиқариш ва иқтисодий фаолият турлари бўйича ишчилар тариф ставкаларининг янгиланган тармоқ оширувчи коэффициентлари жорий этилди. Кўчма характерга эга ишлар билан боғлиқ қўшимча тўловларнинг янги миқдорлари тасдиқланди, хизмат сафарларига юборилувчи ходимлар учун кафолотлар кучайтирилди, автотранспорт ҳайдовчилари меҳнатига ҳақ тўлаш шартлари яхшиланди.

2020 йил 28 январь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Ўзбекистон иш берувчилари конфедерацияси ўртасида ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича 2020-2022 йиллар учун янги Бош келишув имзоланиб, ижро учун киритилди. Тарихда биринчи марта Ҳукумат номидан Бош келишув тўғридан-тўғри Бош вазир томонидан имзоланди.

Ушбу Бош келишув қуйидаги асосий нормаларни акс эттиради:

ишлаб чиқаришда бахтсиз ҳодисалар юз берган тақдирда меҳнаткашларга товон пули тўлаш, иш ҳақини ҳимоя қилиш, ҳақ тўланадиган таътиллар, оилавий мажбуриятларга эга бўлган ходимлар, касаначилик, оналикни муҳофаза қилиш, меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси масалаларига оид ХМТ конвенцияларини қонунчиликка имплементация қилиш, шунингдек “истеъмол саватчаси” тушунчаларини қонуний тартибга солиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиш имкониятларини ўрганиш;

меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорини белгилаш бўйича уч томонлама маслаҳатлашувларни ўтказиш, ходимларнинг реал иш ҳақи ва даромадларини ошириш, ЯИМ таркибида иш ҳақи улушини камида 30 фоизда ушлаб туриш, истеъмол секторидаги инфляцияни 10% дан камайтириш бўйича биргаликдаги чораларни кўриш;

норасмий иқтисодиётдан расмий иқтисодиётга ўтиш концепциясини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, хавфли меҳнат билан банд бўлган фуқароларнинг ҳуқуқларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш, ХМТ методологияси бўйича ҳисобланган ишсизлик даражаси иқтисодий фаол аҳолининг 5 фоизидан ошишига йўл қўймаслик;

меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси тизимини жорий этиш, шикастланишлар, касб касалликларининг олдини олиш, иш жойларида меҳнат шароитлари ҳолатини назорат қилиш, қишлоқ хўжалигида меҳнатни муҳофаза қилиш талаблари ва нормалари стандартларини ишлаб чиқиш;

2030 йилгача бўлган даврда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш стратегиясини ишлаб чиқиш, кам таъминланган оилалар, болали оилалар, пенсионерлар, уруш ва меҳнат фахрийларига жамоа келишувлари ва шартномалари орқали моддий ёрдам кўрсатиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ёшлар маънавиятини юксалтириш ва  уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича бешта муҳим ташаббус”и бўйича дастурларидан келиб чиқиб ёшлар ва хотин-қизлар манфаатларини ҳимоя қилиш учун қўшимча кафолатлар белгилаш;

ижтимоий мулоқот ва ижтимоий шерикликни ривожлантириш, хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарда, шунингдек пахта ва тўқимачилик саноати кластерларида касаба уюшмаси ташкилотларини тузишга кўмаклашиш, ҳар йили долзарб ижтимоий иқтисодий масалаларни муҳокама қилиш учун касаба уюшмалари фаоллари ва иш берувчиларнинг Ҳукумат, вазирликлар, идоралар вакиллари билан жамоатчилик эшитувларини ташкил этиш.

Миллий уч томонлама ижтимоий мулоқотни институционаллаштириш

Миллий уч томонлама ижтимоий мулоқотни янада ривожлантириш мақсадида касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 3 июлдаги “Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича уч томонлама комиссиялар тўғрисида”ги  553-сонли қарори қабул қилинишига эришилди.

Ушбу қарорга мувофиқ давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, касаба уюшмалари ва иш берувчилар уюшмалари таркибидан ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича республика ва ҳудудий комиссиялар тузилди.

Қуйидагилар Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича республика уч томонлама комиссиясининг асосий вазифалари этиб белгилади:

ходимлар ва иш берувчиларнинг меҳнат ҳуқуқларини, иқтисодий ва ижтимоий манфаатларини ҳимоя қилишга, аҳоли турмуш даражасини оширишга қаратилган ижтимоий-иқтисодий сиёсат амалга оширилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатлашувлар ўтказиш ва позицияларини келишиш;

позициялар, ҳуқуқлар ва манфаатларни ўзаро ҳисобга олиш асосида амалий ҳамкорликни таъминлаш;

Бош келишув тузиш ва унинг ижросини назорат қилиш орқали ижтимоий-меҳнат муносабатларини жамоа-шартнома асосида тартибга солишга кўмаклашиш;

халқаро тажрибани ўрганиш, ижтимоий шериклик ва ижтимоий-ҳуқуқий муносабатлар соҳасида тегишли хорижий ташкилотлар томонидан ўтказиладиган тадбирларда иштирок этиш, халқаро меҳнат нормаларини ратификация қилиш ва қўллаш билан боғлиқ масалалар юзасидан маслаҳатлашувлар ўтказиш;

Халқаро меҳнат конференцияси кун тартиби бандларига тааллуқли саволларга жавоблар ва ҳукуматларнинг Конференция томонидан муҳокама этиладиган матнларга таклиф этилаётган фикр-мулоҳазалари бўйича маслаҳатлашувлар ўтказиш;

Халқаро меҳнат ташкилотининг халқаро меҳнат нормалари қўлланишига кўмаклашиш учун уч томонлама маслаҳатлашувлар тўғрисидаги 144-сонли Конвенциясида назарда тутилган тартиб-таомилларни амалга ошириш тўғрисида йиллик маърузалар эълон қилиш;

ратификация қилинмаган конвенциялар ва тавсиялар қўлланишига ва тегишли ҳолларда ратификация қилинишига кўмаклашиш учун амалга оширилиши мумкин бўлган чора-тадбирларни аниқлаб олиш мақсадида уларни вақти-вақти билан кўриб чиқиш.

Комиссиялар таркибида қуйидаги масалалар бўйича ишчи гуруҳлар тузилди:

Бош (ҳудудий) келишувни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

халқаро меҳнат нормаларини қўллашга кўмаклашиш уч томонлама маслаҳатлашувларни ўтказиш;

жамоа меҳнат низоларини ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқиш;

меҳнатни муҳофаза қилиш ва унинг хавфсизлиги;

бандлик, иш ҳақи ва ижтимоий ҳимоя масалалари.

Тармоқ ва ҳудудий миқёсдаги ижтимоий мулоқот

Касаба уюшмалари Федерациясининг аъзо ташкилотлари иш берувчилар билан жамоа музокалари натижасида жамоа келишувлари ва шартномалар орқали ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва юқори ижтимоий стандартларни ўрнатиш бўйича чоралар кўришга эришмоқда.

Айни пайтда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида 14 та ҳудудий келишувлар қабул қилинган. Тармоқларда 107 та тармоқ (шу жумладан, 13 та тариф) келишувлари амал қилади.

Диаграмма. Тармоқ (тариф) келишувларининг касаба уюшмалари республика кенгашлари бўйича  тақсимоти
(2020 й.)

Тегишли касаба уюшмалари ва иш берувчилар ўртасида тузилган тармоқ келишувлари тармоқни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий йўналишларини белгилайдиган, меҳнат шароитлари ва иш ҳақини тартибга солувчи, ходимларга тармоқ ташкилотларининг жамоа шартномаларида ошириш мумкин бўлган ижтимоий имтиёз ва кафолатларнинг қуйи чегарасини белгилайдиган энг муҳим меъёрий ҳужжатга айланиб бормоқда.

Иқтисодиётнинг реал сектори тармоқларида тариф келишувлари тузилади ва уларда меҳнаткашларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш мақсадида бир қатор ўзига хос кўрсаткичлар, масалан, тармоқ бўйича энг кам ва ўртача иш ҳақи, тармоқ тариф сеткалари, иш ҳақи таркибида тариф қисми улуши, устамалар, қўшимча тўловлар, компенсациялар ва рағбатлантириш тарзидаги тўловларнинг турлари ва минимал миқдори, йиллик асосий ва қўшимча таътилнинг минимал давомийлиги ва бошқалар акс эттирилади.

Масалан, Транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ва “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси ўртасида 2019-2021 йиллар учун тузилган тариф келишувида келишувнинг амал қилиш даврида меҳнаткашларнинг реал иш ҳақи ва даромадларини ошириш, ишлаб чиқарилаётган маҳсулот таркибида меҳнат ҳақи улушини 30 фоиздан кам бўлмаган миқдорда сақлаб туриш учун аниқ чоралар кўриш белгиланган.

Мазкур келишувда ягона тариф сеткаси коэффициентлари 1,6 баробар оширилиши, зарарли ва оғир иш шароитида ишлаётган ходимларнинг ойлик ставкалари ва лавозим маошларига 12 фоиз, ўта зарарли ва ўта оғир иш шароитида ишлаётган ходимларнинг тариф ставкаларига 24 фоиз устамалар белгиланган.

Ўзбекистон Тадбиркорлик, бизнес ва хизмат кўрсатиш соҳалари ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ва 8 та ижтимоий шериклар ўртасида тузилган тармоқ келишувлари, Кимё ва фармацетивтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ва “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти ўртасида тузилган тариф келишувларида Меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича ягона тариф сеткасининг биринчи разряди миқдори 1,1 баробар оширилиши белгиланган. “Ўзбекгидроэнерго” АЖ ва тизим корхоналарида ишлаётган ходимлар учун ҳам оширилган тариф коэффициентлари ўрнатилган.

Тармоқ (тариф) келишувлари ишлаб чиқариш фаолияти натижаларига кўра мукофотлаш, ишдаги муваффақияти учун устама ва қўшимча тўловларни белгилаш, ҳайдовчиларга малака синфи учун қўшимча тўловлар ва бошқаларни ўз ичига олади.

Бир қатор тармоқ келишувларида йиллик асосий узайтирилган таътиллар белгиланган бўлиб, уларнинг давомийлиги: 9 та тармоқда 18 иш куни, 6 та тармоқда 21  иш куни, 3 та тармоқда 24 иш куни қилиб белгиланган. Амалдаги 78 та тармоқ келишувларида қонун ҳужжатларида белгиланганидан ташқари қўшимча йиллик таътил берилиши кўзда тутилган. Бир қатор тармоқларда уч ёшга тўлмаган болали аёлларга қисқартирилган иш вақтини белгилаш кўзда тутилган.

Аксарият келишувларда овқатланиш, йўлкира, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини харид қилиш учун тўловлар, тармоқда ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар (хизматлар)ни имтиёзли тартибда бериш, маълум воқеалар (таътил, тўй-хашам, пенсияга чиқиш, таъзия, ҳасталик, жарроҳлик операцияси зарурати, фавқулодда ҳодиса) содир бўлганда моддий ёрдам кўрсатиш, меҳнат учун рағбатлантириш каби анъанавий ижтимоий ҳимоя чоралари қўлланилади.

Жумладан, амалдаги тармоқ келишувларининг 81 тасида ходимларга пенсияга чиқиши, қариндошларининг вафоти, оилавий аҳволи муносабати билан моддий ёрдам кўрсатиш, 42 тасида ходимларнинг овқатланиш харажатларини дотация қилиш, 46 тасида ходимларнинг ишга келиб кетиши учун транспорт харажатларини қоплаш назарда тутилган.

2018 йилда ХМТнинг 100-Конвенцияси асосида Кимё ва фармацетивтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ва “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти билан тузилган тармоқ (тариф) келишувига тенг аҳамиятли меҳнат учун эркаклар ва аёлларга тенг ҳақ тўлаш тамойилини амалга ошириш мақсадида ўзгартиришлар киритилди.

Хусусан, асосан аёллар (2-гуруҳ) ва асосан эркаклар (1-гуруҳ) банд бўлган бир хил маошга эга бўлган касбларнинг номларини ўз ичига олган жадвал тасдиқланди. Жадвалда, масалан, боғбон иш ҳақи ставкалари бўйича фаррошга, тикувчи дурадгорга, юк кўтарувчи ўровчига тенглаштирилди. Агар 1-гуруҳ вакиллари учун иш ҳақи шартлари ўзгартирилса, 2-гуруҳ вакиллари учун ҳам худди шундай шартлар белгиланиши керак.

Касаба уюшмалари, иш берувчилар уюшмалари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ўртасидаги ҳудудий (минтақавий) келишувлар, одатда, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини мақсадли ижтимоий ҳимоя қилиш, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, меҳнат бозорини тартибга солиш, янги иш ўринларини яратиш, уй-жой коммунал соҳасидан самарали фойдаланиш, соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, таълим ва маданият муассасалари, жисмоний тарбия ва спорт, болалар учун ёзги соғломлаштиришни ташкил этишга йўналтирилган.

Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Қашқадарё, Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент ва Хоразм вилоятларида туманлар ва шаҳарлар кесимида аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, аҳолини иш билан таъминлаш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш бўйича мақсадли чора-тадбирларни назарда тутадиган комплекс минтақавий келишувлар имзоланган.

Локал миқёсдаги ижтимоий мулоқот

Ижтимоий шериклар ўртасида республика, тармоқ ва ҳудудий миқёсларда эришилган аҳдлашувларнинг натижалари оддий меҳнаткашлар – касаба уюшмалари аъзоларининг ижтимоий фаровонлигига бевосита таъсир кўрсатгандагина муҳимдир. Бунга фақат бевосита корхоналар, ташкилотлар ва муассасаларда қабул қилинадиган жамоа шартномаларида қонундаги меъёрий ҳолатларни имплементация қилиш ҳамда Бош, тармоқ ва ҳудудий келишувлар кўрсатмаларини амалга ошириш  орқали эришиш мумкин.

Қонунчиликка биноан жамоа шартномасида қонун ҳужжатларида бевосита кўрсатма берилган норматив қоидалар, шунингдек қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларда белгиланганидан имтиёзлироқ шароитлар акс эттирилиши керак.

Ҳозирги кунда республикада 4,4 миллион меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқлари ва манфаатларини акс эттирувчи 111,5 мингга яқин жамоа шартномалари мавжуд бўлиб, булар касаба уюшмаларининг меҳнат билан банд аъзолари умумий сонининг 99,7 фоизини ташкил этади.

Амалдаги жамоа шартномаларининг 109 216 тасига (ёки 98 фоизига) иш берувчининг ташаббуси билан ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилишдан олдин касаба уюшмаси қўмитасининг албатта  розилигини олиш тўғрисидаги талаб киритилган.

Бир қатор корхоналар, ташкилотлар ва муассасаларда жамоа шартномалари орқали мослашувчан иш вақти ва меҳнат таътиллари масалалари ҳал қилинмоқда.

Хусусан, 8 983 хўжалик ҳисобидаги ташкилотларда тузилган жамоа шартномаларига мувофиқ, йил давомида улар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 ноябрдаги ПФ-5574-сонли Фармонига биноан таътил ҳисобига қўшимча дам олиш кунларидан фойдаланган бўлсаларда, 505 565 меҳнаткашларга меҳнат таътилининг давомийлиги қисқартирилмади.

Жамоа шартномалари шартларига кўра, ҳар йили ходимларнинг 55 фоизи қонунда белгиланганидан ташқари узайтирилган асосий таътилдан, 50 фоизи эса қўшимча таътилдан фойдаланадилар.

Нодавлат секторининг бир қатор тармоқларида жамоа шартномаси иш ҳақи миқдорини оширишнинг самарали воситасига айланмоқда. Чунончи, республика бўйича 16 997 та корхона ва ташкилотларда жамоа шартномалари асосида ягона тариф сеткасида белгиланган разрядлараро коэффициентлар кўтарилган бўлиб, бу орқали 881 212 нафар ходимнинг иш ҳақлари оширилишига эришилган, бу эса жамоа-шартномавий муносабатлар билан қамраб олинган жами ходимларнинг 20 фоизни ташкил этади..

Жамоа шартномаларида меҳнаткашлар ва уларнинг оилаларини ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича жуда кенг кўламли тадбирлар мавжуд.

Одатда, ушбу чоралар қуйидагиларни ўз ичига олади:

пенсия ёшидаги шахсларга пенсияга чиқишидан олдин бир йўла моддий ёрдам бериш ва уларни қимматбаҳо совғалар билан тақдирлаш;

ходимга юбилей саналари муносабати билан қимматбаҳо совғалар топшириш;

ишламайдиган пенсионерлар, ногиронлиги бўлган шахслар ва ўзгалар парваришига муҳтож кишилар, шунингек, икки ёшдан уч ёшгача бола парвариши учун таътилда бўлган ёш оналарга моддий ёрдам кўрсатиш;

кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларнинг фарзандлари учун ўқув қуроллари харид қилиб бериш;

корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган болали аёлларга қисқартирилган иш вақтини ўрнатиш;

кам таъминланган оилалар вакилларига, ногирон фарзандини парвариш қилаётган оилаларга моддий ёрдам кўрсатиш;

олий ўқув юртларида таҳсил олаётган иқтидорли, кам таъминланган ва чин етим талабаларга ўқув шартнома пулларини қисман тўлаб бериш;

ёш ходимларга уй-жой қуриш ва мамлакатимизда ишлаб чиқарилган, узоқ муддат фойдаланиладиган товарларни харид қилиш ёки сафарбарлик заҳирасидаги ҳарбий хизматга чақирилиши муносабати фоизсиз cсудалар бериш.

Биргина 2019 йилнинг ўзида жамоа шартномалари орқали 209 214 нафар фуқаро ва 79 550 та оила 142 171 миллион сўм миқдорида юқорида кўрсатилган моддий кўмак чораларининг бир ёки бир нечта турини олишга муваффақ бўлди.

Ижобий амалиёт намуналари сифатида меҳнаткашлар ва уларнинг оилаларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратган бир қатор корхона ва ташкилотларни кўрсатиб ўтиш мумкин: “Муборакнефтегаз”АЖ, “Мўйноқ Тўқимачилик” МЧЖ, “Ўзметкомбинат” АЖ, “Самавто” МЧЖ, “Автоойна” МЧЖ, “Ўзбекистон почтаси” АЖнинг Андижон, Бухоро ва Самарқанд филиаллари, “Биокимё” АЖ, “Жиззах пластмасса” АЖ, “Узэлектроаппарат-Электрошчит” ҚК МЧЖ, “ПАПФEН” МЧЖ, “POSCO International Textile Limited” МЧЖ, “Термиз дарё порти” МЧЖ, “Ипотека Банк” Тошкент вилояти филиали, “ Индорама Коканд Текстиль” МЧЖ ва бошқалар.

Жамоа шартномаси тадбирларини бажариш учун республика бўйича ўрта ҳисобда бир ходимга йил давомида сарфланган маблағ 5 158,8 минг сўмни ташкил этди. Тармоқлар кесимида ушбу кўрсаткич 1 дан 13 миллион сўмгача ўзгариб туради.

Бу миқдор ходимнинг йил давомида қонунда белгиланган меъёрлардан ташқари олган барча бевосита ва билвосита даромадларини ўз ичига олади: оширилган тариф ставкалари бўйича иш ҳақи, мукофотлар, қўшимча тўловлар, устамалар, компенсациялар, овқатланиш харажатлари, қўшимча таътил кунлари учун тўловлар, моддий ёрдам, қимматбаҳо совғалар, меҳнатни ва соғлиқни муҳофаза қилиш сарф-харажатлари ва бошқалар.

Диаграмма. Ўзбекистон бўйича жамоа шартномаси тадбирларини бажариш  учун ўрта ҳисобда бир ходимга сарфланган маблағ миқдорининг ўзгариб бориш динамикаси, минг сўм

Диаграмма.  Жамоа шартномаси тадбирларини бажариш учун тармоқлар кесимида ўрта  ҳисобда бир ходимга сарфланган маблағ миқдори, минг сўм

Шундай қилиб, бугунги кунда Ўзбекистондаги ижтимоий мулоқот тузилмасининг шаклланиш жараёни ниҳоясига етди ва тўртта, яъни: республика, тармоқ, ҳудудий ва локал миқёсларида амалга оширилмоқда.

 Маҳмуджон ИСАЕВ,

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси аппаратининг бўлим мудири, т.ф.н.