Ўзбекистонда касаба уюшмалари куни
09.11.2024. Касаба уюшмаси – фуқароларнинг ўз фаолияти ёки ўқиши тури бўйича умумий касбий манфаатлари билан боғлиқ бўлган, уларнинг меҳнатга оид, бошқа ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ифодалаш ҳамда ҳимоя қилиш мақсадида тузиладиган, ўз устави асосида фаолият кўрсатадиган ихтиёрий жамоат бирлашмасидир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев 2020 йилда бўлиб ўтган Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг саккизинчи қурултойи иштирокчиларига йўллаган табригида касаба уюшмалари тизимида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилганини, меҳнат жамоаларида ходимларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш ишлари янги босқичга кўтарилганини, мамлакатимиздаги энг йирик фуқаролик институти бўлган касаба уюшмаларининг ўрни ва роли ошиб бораётганини алоҳида эътироф этиб, мустақил давлатимиз тарихида илк бор 11 ноябрни – “Касаба уюшмалари куни” этиб белгилаш таклифини билдирган эди.
2020 йилнинг 23 ноябрида Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон касаба уюшмалари кунини белгилаш тўғрисида”ги қонуни қабул қилиниб, 11 ноябрь – Касаба уюшмалари куни этиб белгиланди. Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси 6 миллиондан ортиқ аъзони ўз ичига олган 14 тармоқ касаба уюшмаси таркибида 35 мингдан ортиқ бошланғич ташкилотни, жумладан, 3 миллионга яқик нафар хотин-қиз ва 2 миллион нафардан ортиқ 30 ёшгача бўлган ёшларни бирлаштирган.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда иштирок этиш ҳуқуқининг Ўзбекистон Республикасининг “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги қонунида мустаҳкамлаб қўйилганлиги меҳнатга оид ва бошқа ижтимоий-иқтисодий масалаларга доир ушбу органнинг ташаббускорлик фаолиятини рағбатлантирибгина қолмасдан, балки соҳага дахлдор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилинишида давлат органлари билан музокаралар олиб бориш учун имкониятларини янада кенгайтирди.
Қонуннинг мақсади фуқароларнинг касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқини амалга ошириш, шунингдек, касаба уюшмаларини тузиш ва уларнинг фаолиятини ташкил этиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборатдир. Яна бир жиҳат, Қонунда касаба уюшмалари фаолиятининг асосий принциплари белгиланган. Булар: қонунийлик, ихтиёрийлик, камситишга йўл қўймаслик, мустақиллик ва ўзини ўзи бошқариш, тенг ҳуқуқлилик, ошкоралик ва очиқликдир. Касаба уюшмалари ўз фаолиятида, шу жумладан молиявий фаолиятида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларидан мустақилдир, улар олдида ҳисобдор эмас ҳамда улар томонидан назорат қилинмайди.
Шуни қайд этиш лозимки, ҳозирги кунда касаба уюшмаларининг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги ўрни ва таъсири тобора ортиб бормоқда. Бунинг сабаби, энг аввало, ташкилотнинг халқ ичига чуқур кириб бораётгани, одамларнинг оғирини енгил қилиш, эл-юрт хизматига камарбаста бўлишини ўзининг устувор вазифаси сифатида белгилаб олганидадир.
Мамлакатимиздаги касаба уюшмалари фуқаролик жамияти институти сифатида демократлаштиришдаги муҳим вазифалардан бири – бу халқаро тажрибалардан келиб чиқиб, меҳнат жамоаларидаги бошланғич касаба уюшмаларининг ташкилий ва ижтимоий ҳимояга тааллуқли фаолиятини юксалтириш, ижтимоий шерикчиликда ҳам уларнинг ҳал қилувчилик ролини кўтариш, уларни мустақил ташкилот сифатидаги мақомини таъминлаш, шунингдек, тармоқлар касаба уюшмалари атрофига жипслаштириш фуқаролик жамиятини ривожлантиришга муҳим эътибор беришдир.
Янги таҳрирдаги Конституцияда давлат қурилишининг янги стратегик мақсади – ижтимоий давлат қуриш, ижтимоий адолат ва бирдамлик принципларини жорий этиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш каби мутлақо янги механизмларини назарда тутувчи конституциявий асослар мустаҳкамланди. Хусусан, Конституциянинг 73-моддасида “Касаба уюшмалари ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ва манфаатларини ифода этадилар ва ҳимоя қиладилар. Касаба уюшмаларига аъзо бўлиш ихтиёрийдир” – деб мустаҳкамлаб қўйилган.
Меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқаролар, шунингдек ўрта махсус, касб-ҳунар таълими, олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида таълим олаётган, ўн беш ёшга тўлган шахслар ҳеч қандай тафовутсиз ўз танловига кўра ва олдиндан рухсат олмай туриб, ихтиёрий равишда касаба уюшмаларини тузиш ҳуқуқига, шунингдек касаба уюшмаларига уларнинг уставларига риоя этиш шарти билан аъзо бўлиш ҳуқуқига эгадир.
Фуқароларнинг касаба уюшмаларига бирлашишга бўлган ҳуқуқини амалга оширишга тўсқинлик қилишга, шунингдек уларни касаба уюшмасига аъзо бўлишга ёки аъзоликдан чиқишга мажбурлашга йўл қўйилмайди. Давлат органлари, уларнинг мансабдор шахслари, иш берувчилар касаба уюшмаларининг, улар бирлашмаларининг ҳуқуқларига риоя этилишини таъминлайди. Касаба уюшмаларининг, улар бирлашмаларининг фаолиятига аралашишга, шу жумладан уларнинг фаолияти тўғрисида бирор-бир ҳужжат тақдим этишни талаб қилишга йўл қўйилмайди.
Касаба уюшмалари ўз аъзоларининг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва, айниқса, иш билан таъминлаш борасидаги давлат сиёсатини ишлаб чиқишда иштирок этиши, иш берувчилар томонидан меҳнат ва соҳага тааллуқли қонун ҳужжатлари нормаларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириши, шунингдек, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиб судга даъво аризаси билан, зарур ҳолларда суд буйруғини чиқариш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилиш ҳуқуқининг белгиланганлиги аҳамиятлидир.
Иқтисодий ислоҳотлар ва бозор муносабатлари шароитида Касаба уюшмаларини ташкилий жиҳатдан мустаҳкамлаш, куч ва маблағларни бирлаштиришга эҳтиёж кучайди. Эндиликда Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси ўз фаолиятини ижтимоий шерикчилик асосига қурмоқда ва ҳукумат, вазирликлар, идоралар ва вилоят ҳокимликлари билан икки томонлама ҳудудий ва тармоқ битимлари туза бошлади. Меҳнатга лаёқатли аҳолини иш билан таъминлаш, ишсизликни олдини олиш, меҳнаткашларга ижтимоий хизмат кўрсатиш, меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш масалалари билан шуғулланиш Касаба уюшмалари фаолиятининг энг муҳим йўналишлари бўлиб қолди.
Бугунги кунда меҳнаткашларимиз қалбида шукроналик туйғуси кундан кунга ошмоқда. Касаба уюшмалари олиб бораётган ҳар бир иш ва харакатлар замирида ҳар бир меҳнаткаш учун муносиб меҳнат шароитини яратиш, оиласи ва фарзандини келажагини таъминлашда кўмаклашиш, маънавий жихатдан соғломлиги ҳамда бахту-саодатини мужассамлаштиришга йўналтирилган.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, инсон қадри йўлида амалга оширилаётган улкан ишлар давлатимиз ва жамиятимизни тараққиётнинг мутлақо янги босқичига олиб чиқди. Янги Ўзбекистоннинг бу борадаги ютуқлари бугун халқаро миқёсда ҳам тан олиниб, юксак баҳоланяпти. Табиийки, олиб борилаётган янгиланиш ва ўзгаришларда касаба уюшмалари ҳам фаол иштирок этиб, ислоҳотларни қўллаб-қувватлаган ҳолда турли соҳа ходимларининг ижтимоийиқтисодий манфаатлари ҳамда меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш борасида хизмат қилмоқда.
Дилафруз Умарова
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ходими