[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт синов тариқасида ишга туширилган

03.04.2021. Янгиланаётган Ўзбекистон замонавий ҳамжамиятга ўз миллий қиёфаси билан юз тута оладими ва умуман, маданиятлар қоришиб кетаётган бугунги глобал дунёда мафкура қай даражада керак? Умуммиллий тараққиётимизда мафкуранинг ўрни қандай? Зиёлилар, раҳбарлар, оддий одамлар учун миллий мафкура нима? Мамлакатимизда миллий мафкурани шакллантириш ва тарғиб этиш сиёсати мавжудми?..

Бу саволлар моҳият эътибори билан 130 йил қарамликда бўлган миллий тафаккуримизни «қутқаришда» муҳим аҳамият касб этади. Зеро, кечаётган 30 йилга яқин вақт ичидаги мустақиллик даврида жамият «сийрати» ўзгариши анчайин қийин кечди. Бу, бир томондан, ўтиш давридаги маҳдудлик билан боғлиқ бўлса, иккинчи томондан, давлатнинг ўзи жамиятнинг миллийлашувидан чўчиди, уни кескин назоратда ушлаб турди.

Бугунги Ўзбекистон ҳукумати ҳаракатлари эса бу борада қозиликни эмас, мазкур ижтимоий жараёнга рағбатни назарда тутмоқда. Зотан, жамиятни ҳукумат истак-хоҳишига қараб эмас, балки миллий анъаналар ва тарихий ўзликка мос тарзда модернизациялаш кўзланаётган мақсад – давлатнинг миллий қиёфасини шакллантиришда муҳим роль ўйнайди. Шубҳасизки, зикр этилган дискурсда тил – миллий тил ҳал этувчи восита, масаланинг ўзаги вазифасини ўтайди. Миллатнинг тили эътиборда бўлмас экан, миллият, ўзлик, мафкура ҳақида гапириш ортиқчалик қилади, назаримда.

Ўтмишга, яқин 100 йилликка назар солсангиз, тилимизга бўлган эътибордан дилингиз хира тортиши тайин. Дунё аҳлига Навоий, Бобур каби даҳоларни берган она тилимиз узоқ йиллар сиёсий қатағонни бошидан кечирди. Бу тилда на илм-фан қилинди, ва на у сиёсат тилига айланди. Маҳаллий тил жиддий мавзулардаги мунозараларга ярамайди, деган камситувчи қараш уни рўзғор тилига, маиший мавзулар тили даражасига тушириб қўйди.

Бу руҳий мустабидлик эди. Ва бу истило моҳият эътибори билан сиёсий-иқтисодий қарамликдан, қулликдан кўра даҳшатлироқ ва фожиалироқ эди. Нимага десангиз, бу зеҳният, миллатнинг тафаккури билан боғлиқ масала эди.

Мен узоқ йиллар давлат идоралари тизимида ишлаганман. Мустақиллик йиллари ҳам бундан ­мустасно эмас. Ва таж­рибаларимга таяниб шуни айтишим мумкинки, она тилимиз ҳеч маҳалда (ҳолбуки, давлат тили бўйича қонун қабул қилинганига ўттиз йил бўлаётган бўлса-да) маъмурий ва техник соҳаларда, сиёсатда, илм-фанда восита сифатида қўлланган эмас. Буни тасаввур қилиш ҳам мумкин эмас эди. Бугун ҳам жамиятимизда, айниқса, сиёсий доираларда бундан тўлиқ воз кечилди, деб айтолмайман.

Бироқ ҳайратланарли бир мужда борки, у қалбингга нур олиб киради, гўё. Бу – Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг миллий масалаларда кўрсатаётган ибратли ҳаракатлари, муз каби қотиб қолган ақидаларни миллатимизга, ўзлигимизга бўлган қалб қўри, меҳр-у муҳаббати билан аста-секин эритаётгани мисолида янада бўртиброқ кўринади.

Ўзингиз ўйланг, нафақат давлатлараро муносабатларда, балки маъмурий жабҳаларда ҳам «ҳукмрон тил» таъсиридан чиқиб кетолмаган жамиятда фавқулодда миллий тилни ҳатто сиёсат тили даражасига кўтаришга ҳаракат қилишга қайси замонда ва ким журъат қилган?!

Ҳатто ён қўшниларимиз билан ҳам юз йиллик «протокол»га содиқ қолган ҳолда рус тилида музокаралар ўтказиб келмадикми?! Ҳолбуки, улар билан тилимиз ҳам, динимиз ҳам, қадрият-у тарихимиз ҳам бир. Аслида, бу ҳолат иқтисодий ва сиёсий масалада мустақил бўлган ҳолда миллий жабҳада бировга қарам бўлиб, ўтмиш ва миллий ўзликдан тайсаллаб туриш мафкуравий жиҳатдан тўла мустақил бўлолмаганимизни англатарди.

Шу маънода, муҳтарам Президентимизнинг мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор БМТ минбаридан ўзбек тилида нутқ сўзлаши миллий масалада инқилобий қадам бўлди.

Аммо бу ишнинг нақадар чуқур маънога эга, қадр-қиммати юзлаб йиллар топталган, камситилган миллий ўзликнинг шон-у шавкатини жойига қўйиш, дунёда ўзбек деган буюк бир миллат ва унинг жаҳон тамаддуни бешикларини тебратган сонсиз алломаларга илҳом берган ўлмас тилини кўрсатишга, эслатиб қўйишга бўлган мардона ҳаракат эканини англайдиган жамоатчилик бизда шаклланганми?

Одам бу борада тортинмай «ҳа» ­дейишга истиҳола қилади, тўғриси. Шу ҳақда ўйлаганимда кўпчилик ҳолларда бобомиз Маҳмуд аз-Замаҳшарийнинг бир ҳикмати ёдимга тушади: «Бамисоли тумов киши гулнинг ҳидини билмаганидек, аҳмоқ киши ҳам ҳикматнинг қадрини билмайди».

Таассуфки, кўпчилик ҳолларда шундаймиз. Бўлаётган ишлар, жараёнлар моҳиятини тўғри англамаймиз. Бироқ уни англайдиган, бу ҳаракатларнинг қадрини биладиган миллатдошларимиз йўқ эмас.

Жаҳон саҳнасидаги ўша тарихий нутқдан кейин ундан илҳомланган, руҳланган одамлар кўп бўлди. Улардан бири, афғонис­тонлик ўзбек генерали, афғон ўзбеклари етакчиси Абдурашид Дўстумдир. Мана, у бу жараёнга қандай муносабат билдирган эди: «…Ўзбекистон Президенти ушбу чиқишининг тарихий аҳамияти шундан иборатки, БМТ тарихида илк маротаба мустақил Ўзбекистон раҳбари ўзбек тилида нутқ сўзлади. Мен бундан шахсан ўзим ўзбек ўғлони ва афғонистонлик ўзбекларнинг раҳбари сифатида фахрланаман. Бу биз учун юксак ифтихордир. Ўзбек тилида сўзланган бу нутқ нафақат 34 миллионлик Ўзбекистон аҳлини, балки дунёдаги кўплаб мамлакатларда яшовчи миллатдошларимизни, хусусан, Афғонистондаги ўзбекларни ҳам чин маънода ғурурлантирди».

Бу – қалбида миллий ғурури ўлмаган, ўтмиши ва ўзлигидан фахрланадиган одамнинг самимий сўзлари, деб ўйлайман.

Мени шу сўзларни ёзишга ундаган яна бир воқеа бор. Хабарингиз бор, кечагина Венгрия давлати Бош вазири Виктор Урбан жаноблари юртимизга расмий ташриф билан келди. Музокаралар ҳар икки давлатнинг миллий тилида ташкил этилди. Эътибор қилинг, келишув ва барча дипломатик жараёнлар биз томондан ўзбек тилида олиб борилди. Ҳолбуки, Венгрия Қозоғис­тон, Қирғизистон ва ёки Туркманистон каби минтақадошимиз эмас, балки Европанинг ўртасида жойлашган, ЕИ аъзоси бўлган давлатдир. Ҳолбуки, дунё дипломатиясида БМТ тили, барчага тушунарли тил деганга ўхшаш стереотиплар мавжуд…

Лекин Президент Мирзиёев сиёсий жараёнда ўз тилини қўллашни маъқул кўрди. Юзлаб йиллар давомида амалда бўлиб келган «дипломатик протокол»лар бузилди, дунёда бирорта тилдан кам бўлмаган она тилимиз мақоми кўтарилди. Унда бемалол сиёсат – халқаро сиёсат юритиш мумкин экани исботланди.

Шу кунларда «Аёллар дафтари» масалалари бўйича мамлакатимизнинг чекка қиш­лоқ ва овулларида юрибмиз. Тўғриси, ҳаётнинг аччиқ-чучугини кўрган одамлар билан суҳбатларда уларнинг юз-кўзлари, гап-сўзларида ўз Юртбошисига нисбатан чексиз меҳр барқ этиб турганини яққол кўрдик. Ҳа, оддий одамлар, қишлоқларда яшаётган соддадил ва мунис аёлларимиз ҳам Мирзиёевнинг миллат ғурурини кўтариш борасидаги бу ислоҳотларидан чексиз фахр ва ифтихор туймоқдалар. Навоийлик кекса муаллима Анора опа бу ишлар халқнинг дилидаги ишлар, дея кўзларига ёш олганида қанчалар таъсирланганимизни қўяверинг…

Энди айтинг, узоқ йиллар давомида ­шаклланган тайёр форматдан юз буриб, ўз ташқи сиёсатига янги омилларни – мутлақо миллий руҳни киритишга ҳаракат қилиш учун одам қай даражада миллатпарвар ва ватанпарвар бўлиши керак?!

Ушбу учрашувни кузатиб, давлат сиёсатида миллий идентитет – ўзликни таниш, тарихий ҳақиқатларга реал баҳо бериш масаласида ҳам қарашлар биз кўникмаган томонга бурилганини англаш мумкин. Хусусан, давлатимиз раҳбари венгер халқи ҳақида гапира туриб, икки халқни яхлит тарихий томирлар туташтириб туришини эътироф этди. Ҳолбуки, биз узоқ йиллар келиб чиқиши Марказий Осиёлик бўлган бу халқдан ётсираб келдик. Улар ўтмиши ҳақидаги битикларни ёпиб қўйдик, ҳаттоки, уларни Европага юриш қилган варварлар дея аташдан тийилмадик.

Ёки куни кеча бўлиб ўтган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг норасмий саммитини олайлик. Ушбу саммитда Ўзбекистон Президентининг Туркий кенгашнинг илм-фан, таълим, маданият ва санъат соҳаларини, шунингдек, туркий дунё бирлигини ривожлантиришга улкан ҳисса қўшган атоқли шахсларни рағбатлантириш мақсадида халқаро мукофот таъсис этиш ҳақидаги таклифини Ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарлари маъқуллади. Ва ушбу мукофотни Мир Алишер Навоий номи билан аташ ҳақидаги таклиф ҳам қўллаб-қувватланди.

Саммитда Алишер Навоий нафақат туркий тил ривожига, балки бутун башарият тамаддунига ҳисса қўшган улкан мерос қолдиргани айтилди. Чексиз мамнуният билан айтиш мумкинки, бу ҳам тилимизга, ҳам миллатимизга бўлган улкан ҳурматнинг эътирофидир.

Ана шу икки муҳим воқелик қадимий тилимизнинг расмий музокаралар тилига айланиб бораётганидан далолатдир. Шубҳасиз, бу барчамизга чексиз қувонч, ғурур-ифтихор бахш этмоқда.

Буюк ишлар, эврилишлар ҳар доим ҳам шовқин-сурон билан бўлмаслиги мумкин. Теран дарёлар сокин оқади, дейишади. Шу маънода, бугун бизга жуда жўн, одатийдек кўринаётган бу ҳаракатлар, аслида, жуда салмоқли ва тарихийдир.

Юқорида қайд этганларимиз – миллий мафкурани, бизда ҳали ҳамон тўла шаклланмаган мафкурани оёққа қўйишда ушбу омил – ўзликни англаш, миллий тил ва тарихни улуғлаш, уларнинг қадр-қимматини жойига қўйиш муҳим омил бўлиб хизмат қилиши шубҳасиздир.

Қудратилла РАФИҚОВ,

сиёсатшунос