Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Янги институтдаги янгиликлар

14.12.2022. Шаҳрисабз педагогика институти ходими Ҳасан Умаров ишдан уйига эртароқ қайтди. Эртаси куни ишга бориб билдики, бўлим бошлиғи унга интизомий жазо берилишини сўраб, касаба уюшма қўмитасига мурожаат қилибди. Касабақўм етакчиси Гавҳар Ҳусанова ходимга жазо беришда шошилмади. Ҳасан Умаровнинг иккинчи гуруҳ ногирони экани ва уйига бошқалардан бир соат илгари қайтиш имтиёзи борлигига эътибор қаратди. Буни бўлим бошлиғига ҳам тушунтирди ва ўзаро келишган ҳолда Умаровга ҳеч қандай интизомий жазо қўлланилмади.

– Таълим муассасамиз дастлаб Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг Шаҳрисабз филиали, сўнгра Қарши давлат университети Педагогика институти мақомида фаолият юритди. 2022-2023 ўқув йилидан Шаҳрисабз давлат педагогика институтига айлантирилган таълим муассасамизда бугунги кунда 8000 нафарга яқин талаба таҳсил олаётир. Институтда 450 нафар ходим меҳнат қилади, – дейди касаба уюшма қўмитаси раиси Гавҳар Ҳусанова. – Табиийки, ходимлар ва талабалар сонининг кўпайиши қўмитамиз иш кўламини сезиларли равишда оширди.

Мана яқинда Халқаро ногиронлар куни муносабати билан 3 нафар ходим ҳамда қирқдан зиёд ногиронлиги бор талабага иш берувчи ва касаба уюшма қўмитаси маблағлари ҳисобидан моддий ёрдам ажратилди.

Ноябрь ойида 45 нафар ходимнинг Самарқанд вилоятига саёҳати уюштирилди. Шаҳарнинг тарихий обидалари ҳамда муҳташам «Samarkand city» таровати барчага олам-олам таассурот улашди. Шунингдек, Хоразм вилоятига қилинган уч кунлик саёҳат ҳам гўзал хотираларга бой бўлди.

Ходимлар ва уларнинг оила аъзолари саломатлигини мустаҳкамлаш учун йил бошидан буён 25 та санаторий йўлланмалари тарқатилди. Жумладан, матбуот котибимиз Чарос Ҳамроева, ўқитувчилар Анвар Қосимов, Гулруҳ Баҳодирова, кенгаш котиби Муаззам Ниғматова онаси учун санаторий йўлланмаси сўраб мурожаат қилганди. Уларнинг аризалари қаноатлантирилди. Доцент Маҳбуба Аҳатова, декан Эрмат Тиллаев, ўқитувчилар Миршод Абдураҳмонов, Зулфия Алимова, Муяссар Тиллаева ва бош қалар республикамизнинг энг етакчи санаторийларида ҳордиқ чиқаришди.

Иккита талабалар турар жойи мавжуд бўлиб, биринчи навбатда, ногиронлиги бор, «Ёшлар дафтари»га киритилган, кам таъминланган, узоқ вилоятлардан келиб ўқийдиган талабаларимизни ётоқхоналарга жойлаштирганмиз. Касаба уюшма қўмитаси институт ва талабалар турар жойларида ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга, турли маънавий-маърифий тадбирлар уюштириш орқали уларнинг фаоллигини оширишга эътибор қаратаётир. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ўтказилган «Янги Ўзбекистонни ўзимиз, ўз қўлларимиз билан бунёд этамиз!» шиори остидаги эсселар танлови, бешта муҳим ташаббусни тарғиб этувчи «Ёш китобхон» викторинаси, бир нечта спорт турларини ўзида мужассам этган спартакиада баҳслари барча-барчага манзур бўлаётир. Кези келганда, республикамизда нишонланадиган байрам саналари муносабати билан профессор-ўқитувчилар, эҳтиёж манд хўжалик ходимларини турли эсдалик совғалари билан рағбатлантириб бориш яхши йўлга қўйилганлигини ҳам таъкидлашни истардим.

Дарҳақиқат, эътиборда гап кўп. Қаердаки, ходим ўзига нисбатан рағбат ва эътиборни сезса, унинг касбий фаолиятида ҳам ижобий натижаларга интилиш бўй чўзаверади.

Акмал Абдиев