Янги ижтимоий шартнома: Европа ва Марказий Осиё касаба уюшмалари нигоҳида
14.11.2024. Пойтахтимизда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда “Янги ижтимоий шартнома: Европа ва Марказий Осиё касаба уюшмалари нигоҳида” мавзуида Халқаро конференция ўтказилди.
Анжуман ялпи мажлисини Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиков олиб борди.
Халқаро Конференция ишида Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ), Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси (ХКУК) мутасаддилари, Бирлашган миллатлар ташкилотининг Ўзбекистондаги доимий координатори, Европа ва Марказий Осиё мамлакатларидаги илмий-академик доиралар вакиллари, Халқаро касаба уюшмалари бирлашмалари ва Евроосиё қитъаси мамлакатларининг касаба уюшмалари делегациялари раҳбарлари ва вакиллари, 20 дан ортиқ мамлакатдан нуфузли халқаро экспертлар ва йирик олимлар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий кенгашлар депутатлари, вазирликлар, идоралар, республика академик доиралари вакиллари ва касаба уюшмалари фаоллари иштирок этдилар.
Бундай нуфузли анжумандан кўзланган мақсад – дунё миқёсида ўзгариб бораётган иқтисодий, ижтимоий ва экологик воқеликлар контекстида янги ижтимоий шартномани ишлаб чиқиш ва миллий ҳамда минтақавий даражаларда татбиқ этиш масалаларини муҳокама қилиш, глобал аҳамиятга эга бўлган мазкур йўналишда олдинда турган вазифалар тўғрисида фикр-мулоҳазалар ва тажриба алмашишдир.
Ўзига хос очиқ мулоқот майдонига айланган ва 2 кун давом этган Тошкент конференциясининг ялпи мажлисида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиков мавзунинг долзарблиги ва мазкур халқаро анжуманнинг айни вақтида ўтказилаётганини қайд этиб, ҳақиқатдан ҳам муносиб меҳнат ва ижтимоий адолат “янги ижтимоий шартнома”нинг асоси бўлиши кераклигини таъкидлади. Хусусан, янги ижтимоий шартнома инсон ҳуқуқлари, хусусан, меҳнат соҳасидаги асосий тамойиллар ва ҳуқуқларни ҳурмат қилиш, инклюзив ва самарали бошқарув, тўлиқ, самарали ва эркин танланган бандликни яратувчи стратегиялар, “яшил иқтисодиёт”га адолатли ўтиш, тенг меҳнат муҳофазаси, қонун ижодкорлигини такомиллаштириш ва назорат механизмини ислоҳ этиш, ижтимоий ҳимоядан умумий фойдаланиш имконияти каби йўналишларни ўз ичига олиши кераклигини қайд этди.
Шу маънода Ўзбекистон Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мазкур барча йўналишларда кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани, бунинг натижасида аҳоли фаровонлиги ошиб, иқтисодиётнинг асосий секторлари кучайгани, фаол фуқаролик жамияти шаклланиб, ижтимоий шериклик ривожланаётганини алоҳида таъкидлади. Иқтисодиётдаги ва ижтимоий соҳадаги бундай муҳим ўзгаришларда мамлакатимизда Давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан солиқ тизимининг ислоҳ қилингани, валюта бозори ва пул-кредит сиёсатининг либераллаштирилгани, хусусий мулкни ҳимоя қилиш билан боғлиқ кўплаб муаммоларнинг бартараф этилгани ҳамда меҳнат ва капиталнинг эркин ҳаракати йўлга қўйилгани муҳим аҳамиятга эга эканлиги қайд этилди.
Таъкидланганидек, ижтимоий-иқтисодий ва демократик ислоҳотларнинг ортга қайтмаслигини таъминлашга кўмаклашиш 7 миллионга яқин ўз аъзоларининг манфаатларини ифодаловчи Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг устувор вазифаси ҳисобланади. Ўзбекистоннинг 2023 йилда умумхалқ Референдумида қабул қилинган янги Конституциясида “Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат” тамойили инсон қадр-қимматини янада ҳурмат қилиш ва халқимиз фаровон ҳаётини таъминлашга қаратилган конституциявий норма сифатида мустаҳкамланганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Самарали ўзгаришлар натижасида амалда аҳоли турмуш даражаси ва сифатининг жадал ўсиши кузатилаётганини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз. Хусусан, охирги 8 йил давомида мамлакатимизда камбағаллик даражаси 30 фоиздан 11 фоизга пасайди, аҳолининг ўртача умр кўриш давомийлиги 73,8 ёшдан қарийб 75 ёшга, 60 ёшдан ошган аҳоли салмоғи эса 7 фоиздан 9 фоизгача ошди. Аҳолининг кам таъминланган қатламларини “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимига киритиш орқали ҳисобга олишнинг ўзига хос механизми яратилгани ижтимоий адолатга эришишда муҳим босқич бўлди.
Ўзбекистон меҳнат бозорида ҳам туб ўзгаришлар рўй бермоқда. Хусусан, Президентимизнинг кучли ва қатъий сиёсий иродаси туфайли Халқаро меҳнат ташкилотининг барча тавсиялари босқичма босқич амалга оширилди. Қисқа вақт ичида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга бутунлай барҳам берилди.
Анжуманда Халқаро экспертлар таъкидлаганидек, бугунги кунда Ўзбекистон меҳнат соҳасини халқаро меҳнат стандартларига тўлиқ мос келадиган равишда муваффақиятли ислоҳ этиш бўйича бошқа мамлакатларга намуна бўла олади. Мазкур йўналишлардаги улкан ишларда Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳам фаол иштирок этмоқда.
Таъкидлаш зарурки, қитъалараро миқёсидаги мазкур нуфузли анжуманни ўтказиш учун айнан Ўзбекистон танлангани ҳам бежиз эмас, албатта. Буни нуфузли халқаро ташкилотлар вакиллари ва халқаро экспертлар ҳам алоҳида таъкидладилар. Хусусан, Анжуманда Халқаро меҳнат ташкилотининг меҳнаткашлар фаолияти бўйича Бюроси (ACTRAV) директори Мария Хелена Андре, Бирлашган миллатлар ташкилотининг Ўзбекистондаги доимий координатори Сабине Махл, Халқаро касаба уюшмалари Конфедерациясининг Умумевропа минтақавий кенгаши президенти Игор Зубку, Эстониялик халқаро эксперт, Давлат яраштирувчиси ўринбосари Харри Талига, Болгария эркин касаба уюшмалари Конфедерацияси вице президенти Даниэла Алексиева-Стоинова, Туркия касаба уюшмалари Конфедерацияси “Turk ış” вице президенти Эюп Алемдар, Грузия касаба уюшмалари Конфедерацияси вице президенти Тамар Сурмава, Озарбайжон касаба уюшмалари Конфедерацияси котиби Хасан Жафаров, Халқаро меҳнат ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари Бюроси мудири Сергеюс Гловацкас сўз олиб, Ўзбекистонда муносиб меҳнат ва ижтимоий адолатни таъминлаш йўналишларида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотларнинг инсон манфаатларига, айниқса, меҳнаткашларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва муносиб шароитларида меҳнат қилишига хизмат қилаётганини эътироф этдилар. Шунингдек, Ўзбекистонда давлат, касаба уюшмалари ва иш берувчилар ўртасида ижтимоий мулоқотнинг тобора ривожланиб бораётгани, бунда мамлакатда ижтимоий шерикликни ривожлантириш учун яратилган шароитлар муҳим аҳамиятга эга эканлигини алоҳида таъкидладилар. Янги ижтимоий шартномага асос солиш, меҳнат дунёсидаги трансформациявий ўзгаришлар оқибатида миллий ва халқаро даражадаги мавжуд бошқарув тизимлари, рақамли платформа иқтисодиётининг ишлаб чиқариш муносабатларига таъсири, тинчлик ва барқарорлик йўлидаги бандлик ва муносиб меҳнат учун ижтимоий мулоқотнинг муҳимлиги хусусида муҳокамалар бўлиб ўтди. Анжуман иштирокчилари томонидан ижтимоий шартномани янгилаш бўйича муҳим ва қимматли таклифлар, фикр ва мулоҳазалар билдирилди. Хусусан, меҳнат ва ҳаёт мувозанати масаласи доимий диққат эътиборда бўлиши зарурлиги, ижтимоий ҳимоя ва ижтимоий суғуртадан ҳамманинг фойдалана олиши “янги ижтимоий шартнома”нинг таъмал тошига айланиши кераклиги, технологик ўзгаришлар ва рақамли технологиялар юксалишининг меҳнат бозорига таъсири, шунингдек, одамларнинг иш билан таъминланиш имкониятлари ва ўз касбий маҳоратини ўзгарувчан технологияларга қўллай олиши улар олган таълим сифатига боғлиқ эканлиги, шу боис таълим соҳасига стратегик ёндашувни ўзгартирмасдан туриб “янги ижтимоий шартнома”ни тасаввур қилиб бўлмаслиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Анжуманнинг иккинчи куни “Технологик ўзгаришларнинг таъсири, сунъий интеллект ва катта ҳажмдаги маълумотлар базалари меҳнат ва иш ўринларининг асосларини ўзгартирмоқда” мавзуидаги сессия ва панел мунозара билан бошланди. Унда “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегияси ва уни самарали амалга ошириш борасида амалга оширилаётган ишларга алоҳида тўхталинди. Шундан сўнг иш жойларига технологик ютуқлар оқимини бошқариш механизми сифатида ижтимоий мулоқот бўйича семинар ўтказилди.
Анжуманнинг бешинчи сессияси доирасида ташкил этилган давра суҳбатида янги ижтимоий шартнома концепцияси бўйича муҳокамалар бўлиб ўтди. Унда “янги ижтимоий шартнома”ни яратишда дунёда юзага келган янги геосиёсий ва геоиқтисодий воқеликка алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди.
Анжуман иштирокчилари Тошкент Халқаро конференциясида янги ижтимоий шартнома бўйича ҳукуматлар, касаба уюшмалари, иш берувчилар, академик ҳамжамият вакилларининг тутган ўрни, муҳокама этилган масалалар юзасидан қимматли таклиф ва мулоҳазалар билдирилганини алоҳида таъкидладилар. Технологик тараққиёт, иқлим ўзгариши ва демографик силжишлардан келиб чиқадиган ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда амалдаги ижтимоий шартномани кенгайтириш янгиланаётган ижтимоий шартноманинг ўзига хос натижаси бўлиши кераклиги қайд этилди. Шунингдек, ижтимоий шартномани янгилашда мавжуд тамойилларни сақлаб қолишга ҳам эътибор қаратиш зарурлиги, янги ижтимоий шартнома самарали бўлиши учун у ўзига хос миллий шароит ва хусусиятларга мос равишда миллий ижтимоий шартномаларга киритилиши кераклиги, шу билан бирга, умумий глобал асосга ва халқаро миқёсда келишилган меъёрларга интеграция қилиниши зарурлиги таъкидланди.
Қайд этилганидек, ижтимоий адолат ҳар қандай ижтимоий шартноманинг асосини ташкил этади. Унинг самарадорлиги ижтимоий адолатга муносиб меҳнат орқали эришишга боғлиқ. Иштирокчилар янги ижтимоий шартнома ижтимоий тараққиёт, адолат, ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг барча жабҳаларида инклюзивликни таъминлашга қаратилган бўлиши кераклигини, ҳар бир инсон муносиб меҳнат ва ижтимоий ҳимоя орқали иқтисодий ривожланишдан наф кўришини таъминлаш учун иқтисодий, ижтимоий ва меҳнат устуворликларини уйғунлаштиришда меҳнат бозорининг ҳал қилувчи ролини ифодалаши зарурлигини қайд этдилар. Халқаро конференцияда Ижтимоий шартномани янгилаш йўллари самарали муҳокама қилингани ва мазкур анжуман янги ижтимоий шартнома ғоясини янада бойитиш имкониятини берганини алоҳида таъкидладилар.
Анжуман якунида Тошкент халқаро конференцияси Резолюцияси қабул қилинди.
Муҳаббат Ўрмонбекова
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари