Click to listen highlighted text!

Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Янги Ўзбекистоннинг Янги касаба уюшмалари олдида турган долзарб вазифалар хусусида очиқ мулоқот ўтказилди

15.11.2022. Ўзбекистон Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши томонидан “Янги Ўзбекистоннинг янги касаба уюшмалари олдида турган долзарб вазифалар” мавзуида очиқ мулоқот форматидаги Давра суҳбати ўтказилди. Унда “Ўзкимёсаноат” Акциядорлик жамияти мутасаддилари, кимё ва фармацевтика саноати тармоғида меҳнат қилаётган ходимлар, тармоқ касаба уюшмаси тизимидаги корхона, ташкилот ва муассасаларнинг бошланғич ҳамда цех касаба уюшма қўмиталари раислари, касаба уюшма фаоллари ва фахрийлари иштирок этдилар.

Тадбирда меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш борасида касаба уюшмалари томонидан амалга оширилаётган ишлар, мазкур йўналишдаги фаолиятни янада такомиллаштириш хусусида очиқ мулоқот асосида фикр мулоҳазалар алмашиниб, таҳлилий муҳокамалар бўлиб ўтди.

Маълумки, кимё саноати Ўзбекистон иқтисодиётининг базавий тармоқлари сирасига киради. Бугунги кунда “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти тизимидаги корхоналарда 170 дан ортиқ турдаги кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Уларга ички ва ташқи талабнинг кучаяётгани Ўзбекистоннинг жаҳон бозоридаги мавқеини мустаҳкамлашда муҳим омил вазифасини ўтамоқда.

Давра суҳбатида таъкидланганидек, соҳа меҳнаткашларининг ижтимоий иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш мақсадида Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши томонидан “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти ҳамда “Ўзфармсаноат” Ассоциацияси билан тармоқ келишувлари имзоланган. Ушбу тармоқ келишувлари бозор муносабатлари шароитида ижтимоий шериклик асосида тармоқ меҳнаткашларини ижтимоий-иқтисодий ҳимоялашни янада кучайтириш мақсадларига қаратилган.

Алоҳида таъкидлаш зарурки, тармоқ тизимидаги корхона, ташкилот ва муассасалар касаба уюшма қўмиталари ҳамда иш берувчилар ўртасида имзоланган Жамоа шартномаларига меҳнаткашларнинг турмуш даражасини ошириш, меҳнат муносабатлари, меҳнат муҳофазаси, ёшлар ҳамда аёлларнинг ижтимоий мавқеини ошириш, имкониятларини кенгайтириш, амалдаги қонунларда улар учун белгиланган имтиёзлар берилиши устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш, иш берувчилар томонидан ногиронлиги бўлган инсонлар учун банд қилинган квота иш ўринларининг мақсадли тўлиқ банд қилинишига эришиш, вакант иш ўринларига ишга қабул қилиш масалалари киритлган. Шунингдек, имтиёз ва кафолатлар, иш ҳақининг энг кам миқдори, тариф ставкалари, устама ва қўшимча тўловлар, разрядлар, тариф коэффициентлари, турли рағбатлантириш тўловлари ҳамда уларнинг аниқ миқдорлари бевосита иш берувчилар билан музокаралар жараёнида шакллантирилиб, ҳар томонлама асосланган ҳолда жамоа шартномаларида мустаҳкамлаб қўйилган.

Натижада ходимларга қулай ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратиб бериш устидан жамоатчилик назоратини ташкил этиш доирасида 60 дан ортиқ корхона ва ташкилот фаолияти ўрганилиб, меҳнат муҳофазасига оид камчиликларни бартараф этиш мақсадида иш берувчиларга 18 та тақдимнома киритилди. Касаба уюшмалари аралашуви билан 84 та камчилик бартараф этилишига эришилди. Шунингдек, корхоналар томонидан ходимлар диспансеризация кўригидан ўтказилиб, тиббий хулосаларга кўра уларни соғломлаштириш ва саломатлигини мустаҳкамлаш ишлари амалга оширилмоқда. Хусусан, тармоқ тизимидаги корхоналарда меҳнат қилаётган ходимлар иш берувчилар ҳамда касаба уюшмаси томонидан санаторий-профилакторийларга имтиёзли йўлланмалар билан таъминланмоқда.

Жорий йилнинг ўтган даврида тармоқ тизимидаги корхоналарда иш берувчилар ва касаба уюшмалари ижтимоий шериклигида 405 нафар пенсия ёшидаги шахсларга пенсияга чиқишидан олдин бир йўла моддий ёрдам кўрсатилиб, қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. 677 нафар ходим юбилей саналари муносабати билан муносиб рағбатлантирилди. Тизимдаги корхоналарда ишлаб кетган 3257 нафар пенсионерга моддий ёрдам кўрсатилди, корхоналарда ишлаб кетган 983 нафар ногиронлиги бор инсонлар ва ўзгалар парваришига муҳтож кишиларга байрамлар арафасида жами 164 млн. сўм,     892 нафар кам таъминланган оилалар вакилларига жами 625 млн. сўм моддий ёрдам кўрсатилди.

Бундан ташқари, тармоқ тизимидаги корхона ва ташкилотлар тасарруфидаги 6 та болалар соғломлаштириш оромгоҳларида жорий йилда меҳнаткашларнинг 5 минг 570 нафар фарзандлари соғломлаштирилди. Шунингдек, имтиёзли соғломлаштириш билан 42 нафар кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга мухтож оилалар фарзандлари қамраб олинди. “Навоийазот” Акциядорлик жамиятига қарашли “Офтобжон” болалар соғломлаштириш оромгоҳида эса Қорақалпоғистон Республикасидан келган 230 нафар болажонлар саломатлиги мустаҳкамланди.

Жорий йилда Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг юридик хизматига келиб тушган жами 59 та мурожаатнинг 55 таси қаноатлантирилди. Хусусан, 3 нафар касаба уюшма аъзоси ноқонуний ишдан бўшатилганлиги сабабли касаба уюшмаларининг аралашуви билан қайта ишга тикланди. Шунингдек, фуқароларга меҳнат муносабатларига оид масалаларда бепул ҳуқуқий хизмат кўрсатиш ишлари изчил давом эттирилмоқда. Жумладан, Республика Кенгашининг “Ишонч телефони” орқали фуқаролардан билдирилган оғзаки мурожаатларнинг барчаси бўйича амалдаги қонунчилик асосида тушунтириш ва тавсиялар берилиб, ёзма мурожаатлар жойига чиқиб ўрганилган ижобий ҳал этилиши таъминланмоқда.

Тармоқ тизимидаги корхоналар томонидан “Жисмоний тарбия ва оммавий спортни ривожлантириш Концепцияси”да белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича меҳнаткашларнинг спортга бўлган қизиқишларини янада кучайтириш мақсадида корхона, ташкилот ва муассасаларда фаолият кўрсатаётган ходимлар ва уларнинг оила аъзолари ўртасида турли байрам саналари муносабати билан  “Соғлом оила”, “Спорт – саломатлик гарови”, “Биз спортчи оиламиз” шиори остидаги спартакиадалар, мусобақа ва турнирлар ўтказиб келинмоқда.

Бундан ташқари, тизимдаги корхоналарда касаба уюшмалари ва иш берувчилар томонидан байрамлар арафасидаги дам олиш кунларида меҳнаткашларимизнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ҳамда уларни юртимиздаги тарихий масканлар ва замонавий иншоотлар билан яқиндан таништириш мақсадида 3 мингдан зиёд ишчи-ходимлар учун республикамизнинг Хива, Самарқанд, Бухоро, Тошкент каби тарихий шаҳарларига ва ўз худудларидаги кўҳна ва замонавий масканларга саёҳатлар ташкил этилди.

Давра суҳбатида ушбу йўналишларда олиб борилаётган ишлар таҳлил этилиши билан бирга Президентимизнинг 11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни муносабати билан Касаба уюшмалари ходимлари ва аъзоларига йўллаган табрикларидан келиб чиққан ҳолда галдаги долзарб вазифалар ҳам белгилаб олинди. Давлат раҳбари томонидан касаба уюшмаларига билдирилаётган юксак ишончни оқлаш мақсадида тармоқ меҳнаткашларининг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлари ҳимоясини янада кучайтириш, шу мақсадда жамоа шартномаларининг ижтимоий таркиби, имтиёз ва кафолатлар кўламини кенгайтириш борасида аниқ ва манзилли тадбирлар ишлаб чиқилди.

Тадбир давомида Республикамизда инсон манфаатлари йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларда фаол иштирок этаётган, кимё ва фармацевтика тармоғи ходимларининг меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқлари ҳамда манфаатларини ҳимоя қилишда салмоқли ҳисса қўшаётган, касаба уюшмалари ҳаётида фаоллик кўрсатаётган касаба уюшма ходимлари ва фаоллари, меҳнат жамоалари ва ишлаб чиқариш илғорларидан бир гуруҳи Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг “Фахрий ёрлиғи” ҳамда “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамиятининг қимматбаҳо совҳалари билан тақдирландилар.

Тадбир якунида тармоқ касаба уюшмаси фаоллари ўз олдиларида турган ишлар салмоғининг ниҳоятда катта эканлиги, келгусида иш берувчилар билан музокараларни давом эттирган ҳолда ходимлар манфаатларини ҳимоя қилиш, касаба уюшма аъзолари сафини кенгайтириш, бу орқали соҳа меҳнаткашларини тўлиқ итимоий ҳимоя билан қамраб олиш борасидаги ишларни изчиллик билан давом эттиришларини алоҳида қайд этдилар. Зеро касаба уюшмаларининг мақсади – Янги Ўзбекистонда Президентимиз ташаббуслари билан амалга татбиқ этилаётган “Инсон қадри учун” ғояси остида бирлашган ҳолда фидокорона меҳнат қилиб, ишчи-ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини самарали таъминлашдир.

Муҳаббат Ўрмонбекова

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари

Click to listen highlighted text!