Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

“Ёғду” жамоаси ғолиб бўлди

23.09.2024. Бугун Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерациясининг Навоий вилояти Кенгаши ҳамда “Заковат интеллектуал клуби” Нодавлат-нотижорат ташкилоти билан ҳамкорликда вилоят “Маънавият ва маърифат” марказида вилоят Кенгашининг “Ёш ходимларни қўллаб-қувватлашга қаратилган идоравий чора-тадбирлар дастури”да белгиланган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида вилоятдаги корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат қилаётган 35 ёшгача бўлган ёш ишчи-ходимлар ўртасида “Заковат” интеллектуал ўйини ўтказилди.

Ушбу ўйинни ташкил этишдан мақсад корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат қилаётган ёш ҳодимларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишларини ташкил этиш, иқтидорли ёшларни излаб топиш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, сиёсий, ижтимоий, иқтисодий билимларини ва нутқий маданиятини оширишдан иборатдир.
Тадбирда тармоқ касаба уюшмалари ҳамда йирик корхона ва ташкилотларда фаолият юритаётган ёшлардан иборат жамоалар иштирок этди. Улар ўйин давомида тарихий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий, мантиқий, шунингдек, соҳага оид бўлган саволларга белгиланган вақтда, уюшган ҳолда жавоб бериб, ўзаро куч синашди.
Дарҳақиқат, “Заковат” интеллектуал ўйинлари барча ёшлар учун қизиқарли ва ақлни чархлаш учун хизмат қиладиган ажойиб ўйинларидан биридир. Умуман олгандан заковат сўзининг туб маъноси ҳам шундан далолат беради.

– Бугун жамоамиз 1-ўринни эгалладик, – дейди “Ёғду” жамоаси сардори, Ижтимоий химоя миллий агентлиги Кармана туман Инсон маркази ижтимоий ходими Дилноза Рустамова – “Заковат” интеллектуал ўйинлари биз ёшларнинг истеъдодини чархлаб, иқтидорини юксалтириб, нималарга қодир эканликларини яққол намоён этишга қанот бағишламоқда. Бу каби тадбирлар биз ёшларни руҳлантириб, иш фаолиятимиз янада унумли бўлишига хизмат қилиши шубхасиздир.

– Ҳозирда корхонамизда саккиз минг беш юз йигирма икки нафар ходим меҳнат қилади. Шундан ўн минг олтмиш етти нафарини ёшлар ташкил этади, – дейди 2-ўринни эгаллаган “Навоийазот” АЖ жамоаси сардори, 068-цех катта мутахассиси, маъмур Алишер Ашуров. Уларга ўз вазифасидан ортган ҳолда, интеллектуал салоҳиятларини ошириш, маънавий юксалтириш имконини бериш мақсадида кутубхона хизмати ҳам ташкил қилинган. Ҳар бир ходим бўш вақтида китоб мутолааси билан шуғулланиши, интернет хизматидан фойдаланиши учун етарли шароитлар яратилган. Корхонамиз касаба уюшмасининг биз – ходимларни қўллаб-қувватлашидан мамнунмиз.

Тадбирда энг зукко деб топилган – “Ёғду” жамоаси 1-ўринни, “Навоийазот” АЖ жамоаси 2-ўринни ҳамда “Навоий иссиқлик электр станцияси” акционерлик жамиятининг жамоаси 3-ўринни қўлга киритди.

Ғолиб бўлган жамоалар ҳамда барча иштирокчиларга Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Навоий вилоят Кенгашининг эсдалик совғалари ҳамда фахрий ёрлиқлари топширилди.

Дилафрўз Ўразова

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Навоий вилоят Кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси