Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Ёш ходимлар касаба уюшмалари эътиборида

22.10.2024. Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши мутахассислари томонидан тармоқ тизимидаги “Фарғонаазот” АЖда “Ёш ходимлар касаба уюшмалари эътиборида” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирда Республика кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Ш.Тоиров ва меҳнат муҳофазаси бўйича бош мутахассиси Ш.Рихсибоев, “Фарғонаазот” АЖ бошқаруви раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Н.Сирожов, корхона касаба уюшмаси қўмитаси раиси И.Абдувохидов, касаба уюшмаси фаоллари ва ёш ходимлар иштирок этдилар.

Бугунги кунда “Фарғонаазот” АЖ корхонасида 1170 нафар ёшлар меҳнат қилиб келмоқдалар.

Давра суҳбатида Республика кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Ш.Тоиров томонидан касаба уюшмалари томонидан ходимларни, жумладан, хотин-қизлар ва ёшларни ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш борасида сўнгги йилларда амалга оширилаётган ишлар ва эришилган натижалар ҳақида сўз юритилди. Бу борада Республика кенгашининг “Ёшларга оид давлат соҳасида белгиланган вазифаларни амалга оширишга қаратилган йиллик ёшлар дастури” ва корхоналарда тузилган жамоа шартномалари асосида олиб борилаётган ишлар самарадорлигини янада оширишда фаол ёшларни қўллаб-қувватлаб бориш зарурлиги таъкидланди.

11 ноябрь-Ўзбекистон касаба уюшмалари куни байрами тадбирларида хотин-қизлар ва ёшларни кенг жалб этишга эътибор қаратиш, улар учун “Янги Ўзбекистоннинг янги касаба уюшмалари” шиори остида  маънавий-маърифий тадбирлар, спорт мусобақалари ва юртимиз бўйлаб саёҳатлар ташкил этиш мақсадга мувофиқлиги билдириб ўтилди.

Маълумотларга кўра, корхона касаба уюшмаси қўмитаси томонидан жорий йилнинг ўтган даврида 87 нафар ёшлар учун Ўзбекистоннинг диққатга сазовор жойларидан бўлган Самарқанд ва Наманган вилоятларига  саёхатлар уюштирилган.

“Устоз-шогирд” анъанасини давом эттириш мақсадида корхонада узоқ йиллар фаолият юритиб ҳозирги кунда пенсияда бўлган ёши улуғ ходимлар билан доимий тарзда “Уч авлод учрашуви”лари  ташкил этиб келинмоқда. Шунингдек, ёш ходимлар ўртасида мунтазам тарзда спорт мусобақалари ва  кўрик-танловлар ўтказилиб, бунда ёшлар фаол иштирок этиб бўш вақтларидан унумли фойдаланмоқдалар.

Тадбир давомида “Халқаро меҳнат ташкилотининг Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган конвенциялари мазмун-моҳияти тўғрисида” Республика кенгашининг меҳнат муҳофазаси бўйича бош мутахассиси Ш.Рихсибоев томонидан маъруза қилинди.

Давра суҳбати якунида ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоб олдилар.

Шавкат Тоиров

Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси