Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Ёш ходимлар ўртасида спортнинг “шахмат” тури бўйича мусобақа бўлиб ўтди

05.03.2024. Маълумки бугунги кунда мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, бу орқали аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи барқарорлигини таъминлаш масалалари давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири даражасига кўтарилган. Охирги йилларда бу борада тизимли ишлар амалга оширилиб, салмоқли натижаларга эришилмоқда.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Навоий вилоят Кенгаши  ҳам ҳар бир корхона, ташкилот ва муассасада ходимлар ва уларнинг оила аъзолари ўртасида спортнинг оммавийлигини ошириш, оммавий спорт турларини ривожлантириш, ишлаб чиқариш гимнастикасини йўлга қўйиш борасида тизимли ишларни амалга ошириб келмоқда.

Хусусан, бугун вилоят Кенгаши,  Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тасарруфидаги Жисмоний тарбия ва соғломлаштириш ишлари бошқармаси – унитар корхонасининг Навоий вилоят бўйича мас`ул ташкилотчиси,  ёшлар ишлари бошқармаси ҳамкорлигида Навоий шаҳрининг “Ёшлар маркази” биносида   вилоятдаги корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат қилаётган ёш ходимларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишларини ташкил этиш, ёшлар ўртасида шахматни ривожлантириш ва оммалаштириш, иштирокчиларнинг спорт маҳоратини ошириш, иқтидорли ёшларни излаб топиш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш мақсадида ҳаваскор ёш ишчи-ходимлар ўртасида спортнинг “Шахмат” тури бўйича эркаклар ва аёллар ўртасида мусобақа ташкил этилди.

Ушбу мусобақани ташкил этишдан мақсад энг аввало ходимларимиз айниқса, ёш меҳнаткашлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ва оммавий спортни ривожлантиришдир.

Албатта, спорт мусобақалари нафақат саломатликни мустаҳкамлаш ва соғлом турмуш тарзи барқарорлигини таъминлашга, балки иш унумдорлигини оширишга ҳам хизмат қилади. Шу боис бу каби мусобақаларни кўпроқ уюштиришга ҳаракат қилмоқдамиз.

Қизғин баҳслар якунига кўра ғолиблик ва совриндорлик Навбаҳор тумани 1-мактаб ўқитувчиси Ҳасан Асланов 1-ўринни (эркаклар ўртасида), “Навоий ИЭС”АЖ цех ишчиси Аъзимжон Алимов 2-ўринни, Юридик коллеж ўқитувчиси Юлдошев Ҳумоюн 3-ўринни эгаллади. Шунингдек, аёллар ўртасида Навоий касб ҳунар мактаби лаборанти Моҳинур Чориқулова  1-ўринни, Қизилтепа ТТБ ҳамшираси Сайёра Ибрагимова 2-ўринни, “Ҳудудгаз Навоий” ходими Дилобар Исмоилова 3-ўринни қўлга киритди.

Ҳақиқатдан ҳам ҳаракат ҳаёт асосидир. Спорт мусобақаларида ўзаро куч синашган ходимларнинг мақсади ҳам фақатгина ғолиб бўлиш эмас, балки дўстона беллашиб, ҳамжиҳатликни ошириш бўлди. Шу боис ҳар бир иштирокчилар мусобақа давомида бир-бирларини изчил қўллаб-қувватлаб турдилар.

Тадбир якунида ғолиб ва совриндорларга вилоят кенгашининг эсдалик совғалари ҳамда дипломлари топширилди.

Дилафруз Ўразова

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Навоий вилоят кенгаши раисининг Ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси