Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Ёшлар билан учрашув ўтказилди

30.06.2024. 28-июн куни “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти бошқарув раиси Зуфар Нарзуллаев, Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари ксасаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси Қутлимурод Сабиров ва Ўзбекистон транспорт прокурори Икром Наримов билан биргаликда ёшлар билан учрашув ўтказди. Ушбу тадбир мамлакатимизда ҳар йили 30 июн куни нишонланадиган Ёшлар куни муносабати билан ташкил этилди.

Тадбирда “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти бошқарув раиси З.Нарзуллаев “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятида 18 минг нафарга яқин замонавий билим ва кўникмаларга эга, мамлакатнинг муносиб келажаги учун жавобгарликни ўз зиммасига ола биладиган баркамол, мақсадга интилувчан ва серғайрат ёшлар фаолият юритмоқдалигини таъкидлади. Биргина темир йўл тизимида ўтган 2023 йилнинг ўзида ёшлар ҳаётига бевосита тааллуқли бўлган элликдан ортиқ лойиҳаларни амалга оширилгани фикримиз исботидир. Бу лойиҳалар темир йўл транспорти тармоғини яна-да ривожлантиришда, соҳадаги кўп қиррали ва мураккаб вазифаларни амалга оширишда замонавий фикрлайдиган, ҳар қандай вазиятда ҳам масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир бўлган баркамол мутахассис, етук кадрларнинг шаклланишига хизмат қилади.

Шунингдек, учрашувда “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти тизимида самарали фаолият юритаётган иқтидорли ёш кадрларни танлаш ҳамда ёш раҳбар кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш мақсадида уч йилдан бери “Энг яхши ёш темирйўлчи”, “Энг фаол ёш мутахассис”, “Энг яхши инновацион ғоялар”, “Зукко китобхон” каби танловлар ўтказилаётгани таъкидланди. Ўтган йили “Энг яхши ёш темирйўлчи” танловида 400 нафар ёш темирйўлчи иштирок этган бўлса, бу йил мазкур танловнинг саралаш ва якуний босқичида 600 нафар иштирокчи иштирок этди.

Учрашувда ёш темирйўлчилар эришаётган ютуқлар ҳақида сўз юритилди. Ана шундай ватанпарвар, ўтган 2023 йилда фидойи ёшларимиздан 1 нафари “Келажак бунёдкори” медали билан, жорий йил хам 1 нафар ёшимиз “Келажак бунёдкори” медали билан тақдирлангани барчамизни қувонтиради.

Бошқарув раиси темир йўл ёшларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, саноатнинг ишлаб чиқариш, модернизация ва инновацион жараёнларида уларнинг фаоллиги ва ташаббускорлигини ошириш, уларни қонунларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, бегона ғоялар таъсиридан ҳимоя қилиш, шунингдек, уларнинг истеъдодларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар давом этишини таъкидлади.

Шунингдек, тадбир давомида “Инновацион ғоялар” танлови ва “Энг фаол ёш мутахассис – 2024” танлови ғолиблари ҳамда темир йўл саноатига самарали ҳисса қўшган бир қанча ёш темир йўлчилар тақдирланди.
Шу жумладан, ёш темирйўлчиларнинг ижтимоий химояси бўйича амалда қилинган ишлар юзасидан Тармоқ касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси Қутлимурод Сабиров ўзининг маърузасида йиғилганларга маълумот бериб ўтди. Хамда байрам муносабати билан 14 нафар илғор ёш темирйўлчиларни касаба уюшмаси томонидан қимматбаҳо совға билан тақдирлади.

Форум сўнгида очиқ мулоқот бўлиб ўтиб, темирйўлчилар ўзларини қизиқтирган саволлари ва муаммолари бўйича мурожаат қилишди ва жамият бошқарув раиси уларни бартараф этиш юзасидан масъул шахсларга жойида кўрсатмалар берди.

Учрашув дўстона муҳитда бўлиб ўтди ва жамият раҳбарияти ва ёш мутахассислар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадам бўлди.