Click to listen highlighted text!

Инсонга наф келтириш - олий бахт!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

25.01.2018. Ўтган 2017 йил мамлакатимиз ва халқимиз ҳаётида улкан ўзгаришлар ва янгиланишлар, мисли кўрилмаган ислоҳотлар йили бўлди. Энг муҳими, Давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан амалга оширилаётган янгиланиш ва ислоҳотларнинг барчаси инсон манфаатларини таъминлашга қаратилганлиги бугун нафақат мамлакат, балки халқаро даражада ҳам эътироф этилмоқда.

Бир сўз билан айтганда бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида республикамизда жадал ва барқарор ривожланишга қаратилган сиёсат олиб борилмоқда. Ҳар бир идора ва ташкилот, у давлат ташкилоти бўладими, ёки жамоат ташкилоти, ўз фаолиятини таҳлил этган ҳолда, асосий эътиборни инсон манфаатлари йўлида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларга муносиб ҳисса қўшишга йўналтирган.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳам фаолиятнинг устувор йўналишларидаги ишларни чуқур таҳлил этиб, Давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан ишлаб чиқилган ҳамда амалга изчил татбиқ этилаётган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси” асосида тизимли ишларни амалга оширмоқда.

Ушбу муҳим ҳужжатдан ижтимоий соҳани ривожлантириш йўналиши алоҳида ўрин эгаллаган. Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришнинг мазкур устувор йўналишида жумладан, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва эҳтиёжманд қатламлари ижтимоий ҳимоясини қўллаб-қувватлашни кучайтириш, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш, ижтимоий хизмат кўрсатишни яхшилаш каби долзарб вазифалар белгилаб берилган.

Бундан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон касаба уюшмалари бевосита корхона, ташкилот ва муассасаларда фаолият кўрсатаётган ходимлар ва уларнинг оила аъзолари ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, шу мақсадда меҳнат соҳасидаги ижтимоий шерикликни янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Хусусан, иш берувчилар ва касаба уюшма қўмиталари ўртасида имзоланаётган жамоа шартномаларининг ижтимоий таркиби кучайтириб борилмоқда. Натижада, бугунги кунда корхона, ташкилот ва муассасаларда иш берувчи билан ходимлар ўртасидаги меҳнатга, ижтимоий-иқтисодий масалаларга ва касбга оид муносабатларни тартибга солувчи норматив ҳужжат бўлган Жамоа шартномалари турли соҳа ходимлари манфаатлари ҳимоясини кучайтириш ҳамда даромадларини ошириш манбаига айланиб бормоқда.

Мазкур жараёнда Ўзбекистон  Республикаси  Вазирлар  Маҳкамаси,  Касаба  уюшмалари  Федерацияси, Савдо-саноат  палатаси  ўртасида  2017-2019 йиллар учун тузилган ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид Бош келишувни алоҳида таъкидлаш зарур. Умумреспублика миқёсида ижтимоий шерикликнинг асосий ҳужжати ҳисобланган мазкур Бош келишув асосида бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри миқёсида 14 та ҳудудий келишув, республика миқёсида 100 та тармоқ келишуви, бевосита корхона, ташкилот ва муассасаларда эса 158 мингдан ортиқ жамоа шартномалари амал қилмоқда.

Энг муҳими бугун давр талабига ҳамоҳанг тарзда Жамоа шартномалари ва келишувлари орқали ходимларнинг тўла бандлигини таъминлаш, янги иш ўринларини яратиш, кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш масалалари ҳал этилмоқда. Шунингдек, уларга ходимлар меҳнатига ҳақ тўлашни ташкил этиш, устамалар, қўшимча тўловлар ва компенсацияларни ўрнатиш тартибига оид аниқ ва батафсил меъёрлар киритилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда Ягона тариф сеткасига нисбатан оширилган тариф коэффициентларини ўз ичига олган тармоқ ва локал тариф сеткаларини жорий этиш йўли билан меҳнат ҳақи миқдорларини жамоа-шартномавий тарзда ўрнатиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Натижада турли соҳаларда меҳнат қилаётган касаба уюшма аъзолари иш ҳақини босқичма босқич оширилган тариф коэффициентлари бўйича ҳисоблаб тўлаш тизими амалга киритилмоқда.

Жамоа шартномалари ва келишувларига мувофиқ меҳнатни муҳофаза қилиш, унинг ҳавфсизлиги даражасини ошириш, иш ўринларида санитар-гигиеник вазиятни янада яхшилаш, ходимларни якка тартибдаги ва жамоавий ҳимоя воситалари, санитар-маиший хоналар билан таъминлаш, иш ўринларини шаҳодатдан ўтказиш, ходимларни меҳнат муҳофазаси қоидаларига ўргатиш, уларга тегишли тартибда имтиёз ва компенсациялар бериш каби тадбирлар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга Жамоа шартномаларига киритиш орқали иш вақти ва дам олиш вақтини тартибга солиш борасида аксарият корхона, ташкилотларда ходимларга асосий узайтирилган ҳамда қўшимча таътиллар бериш тизими ҳам йўлга қўйилган.

Давр талабидан келиб чиққан ҳолда Жамоа шартномалари ва келишувларини қатор янги меъёр ва тадбирлар билан бойтиб борилмоқда. Иш ҳақи ўз вақтида тўланиши, энг кам меҳнат ҳақи стандартларига риоя этилиши юзасидан қўшимча чоралар кўриш, меҳнат муҳофазасини кучайтириш, иш ўринларини меҳнат шароитлари ва асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш хавфлилиги бўйича аттестациядан ўтказиш кўламини кенгайтириш, иш берувчиларнинг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш, ходимларни тиббий кўрикдан бепул ўтказиш, ёлғиз кексалар, пенсионерлар, ногиронлар, кам таъминланган ва кўп болали оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун мақсадли тадбирларни ўтказиш, ходимлар ва уларнинг оила аъзолари ўртасида туризм ва соғломлаштиришни ташкил этиш, ходимлар гимнастикасини жорий этиш, Халқаро меҳнат ташкилотининг Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган Конвенцияларига оғишмай риоя этилишини таъминлаш борасида амалга оширилаётган тадбирлар шулар жумласидандир.

Ижтимоий кафолатлар, соғлиқни муҳофаза қилиш, ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини, шу жумладан, болаларни соғломлаштириш масалалари ҳам Жамоа келишувлари ва шартномаларининг муҳим меъёрларидан бири ҳисобланади. Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш зарурки, барча жамоа шартномалари ва келишувларига аёллар ва ёшлар меҳнатини тартибга солиш бўйича меъёрий бўлимлар киритилиб, уларда ишга қабул қилиш учун энг кичик ёшга оғишмай риоя қилиш, мажбурий ва болалар меҳнатига йўл қўймаслик, камситмаслик ва тенг аҳамиятли меҳнат учун тенг ҳақ тўлаш принципларига риоя этиш борасида иш берувчиларнинг мажбуриятлари акс эттирилган. Амалдаги жамоа шартномалари орқали ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳамда  меҳнатга оид уларга белгиланган имтиёз ва кафолатлар берилиши бўйича ойлик мониторинг олиб борилиб, унинг натижаларига кўра, ўтган 2017 йилда жамоа шартномалари орқали 209 минг 133 нафар фуқаро ва 55 минг 266 оилага 92 млрд. 35 млн. сўмлик ижтимоий кўмак кўрсатилди. Жумладан, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларнинг 78 минг 870 нафар фарзанди учун 9 млрд. 767 млн. сўмлик ўқув қуроллари, дарсликлар харид қилиш ҳаражатлари қисман қопланди. 8 минг 464 нафар ходимнинг фарзандларига чет тилларни ўрганиш учун 609 млн. сўмлик моддий кўмак берилди. 3 минг 223 та нодавлат мулки шаклидаги корхона ва ташкилотда меҳнат қилаётган 5 минг 581 нафар болали аёлнинг ойлик маоши сақланган ҳолда иш вақти ҳафтасига 35 соатдан ошмайдиган қилиб белгиланди. 17 минг 22 нафар пенсия ёшидаги шахсларга пенсияга чиқишидан олдин бир йўла моддий ёрдам кўрсатилиб, совғалар билан тақдирланди. 17 минг 179 нафар ходим эса юбилей саналари муносабати билан муносиб рағбатлантирилди. 60 минг 762 нафар ишламайдиган пенсионерлар (корхоналарнинг собиқ ходимлари)га 15 млрд. 743 млн. сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди. Икки ёшдан уч ёшгача бўлган бола парвариши билан боғлиқ таътилдаги 14 минг 596 нафар ёш оналарга 2 млрд. 423 млн. сўмлик моддий ёрдам берилди.

Ҳисобот даврида нодавлат секторидаги корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат қилаётган 110 минг нафарга яқин ходимлар касаба уюшма аъзолигига жалб этилиб, уларнинг ижтимоий ҳимояси таъминланди.

Сирасини айтганда, бугунги кунда жамоа шартномалари ва келишувлари иқтисодий ўсиш ва ишлаб чиқаришнинг рақобатдошлигини ошириш, ходимларнинг меҳнат ва турмуш шароитларини яхшилаш, бандликни таъминлаш, ижтимоий масалаларни ҳал этиш борасида меҳнат муносабатлари барча субъектларининг ўзаро манфаатдорлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Касаба уюшмалари Федерацияси “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури”нинг тегишли бандлари ижросини таъминлашда фаол иштирок этиб, тизимли тадбирлар амалга оширилди. Хусусан, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш, юридик ёрдам ва хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш йўналишида ҳам тизимли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, 2017 йил бошида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Интернет тармоғидаги kasaba.uz расмий веб-Порталида Касаба уюшмалари Федерацияси раисининг виртуал қабулхонаси ишга туширилди. Ўтган давр мобайнида Федерация раисининг виртуал қабулхонаси орқали келиб тушган мурожаатларнинг барчаси белгиланган тартибда кўриб чиқилиб, мурожаат эгаларига амалий ёрдам кўрсатилди ҳамда тегишли жавоблар йўлланди. Шунингдек, Касаба уюшмалари Федерацияси ҳамда барча ҳудудий касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаларида “Фуқаролар қабулхоналари” ташкил этилиб, самарали фаолият кўрсатмоқда.

Ҳисобот даврида барча бўғиндаги касаба уюшма ташкилотларига тушган 8 минг 233 та мурожаат ўрнатилган тартибда кўриб чиқилди. Ушбу мурожаатларнинг 1 минг 265 таси интернет, 1 минг 793 таси “Ишонч телефонлари” орқали қайд этилди.  Ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари бузилганлиги аниқланган ҳолатлар юзасидан иш берувчиларга тақдимномалар, судларга даъво аризалари киритилиб, уларнинг аксарияти ходимлар фойдасига ҳал қилинди.

Фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш натижаларига кўра 1 минг 140 нафар шахснинг меҳнат ҳуқуқлари тикланиб, улар фойдасига 700 млн. сўмга яқин моддий зарар ундириб берилишига эришилди.

Аҳолининг ҳуқуқий билимлари даражасини ошириш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг илмий грант ва стипендиялари учун танлов ўтказилиб, 2 нафар иштирокчи илмий грант ҳамда 5 нафар талаба илмий стипендиялар билан тақдирланди. Шунингдек, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари ўртасида ўтказилган “Меҳнат ҳуқуқи билимдони” онлайн танлови ғолиблари ҳам муносиб рағбатлантирилди.

Уйма-уй юриш тизимини ҳамкорликда ташкил қилиш,  бевосита оилалар билан мулоқот асосида уларнинг муаммоларини аниқлаш, оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш бўйича Президентимиз топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан 2017 йилнинг 19-21 январь кунлари Самарқанд шаҳрида амалий семинар ташкил этилди. Анжуман якунида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва бир қатор ҳамкор ташкилотлар ўртасида халқ билан мулоқотлар орқали оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳит, турмуш даражаси, иқтисодий аҳволни холис ўрганиш ва ечимини кутаётган масалаларни аниқлаш бўйича Ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Шундан сўнг, бевосита амалий ишларга киришилиб, Касаба уюшмалари Федерацияси жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Жиззах, Навоий, Самарқанд, Сирдарё ва Хоразм вилоятларидаги 2 миллион 160 мингдан ортиқ хонадонда бўлдилар ҳамда уларнинг оилавий шароити, ижтимоий-маиший аҳволини ўргандилар. Очиқ мулоқот ва суҳбатлар давомида оилаларда 650 мингга яқин муаммо мавжудлиги аниқланди, уларнинг қарийб 556,5 мингтасининг ечими бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилди ва бугунги кунгача 400 мингдан ортиғи ҳал этилди.

Шу ўринда энг аввало,  муҳтарам Президентимизнинг халқнинг ичига кириб бориш кераклигини кўп бора такрорлаётганлари нақадар тўғри эканлигини таъкидлаб ўтиш зарур. Чунки, ушбу тизим йўлга қўйилгач, яъни, одамлар давлат ва жамоат ташкилотлари мутасаддиларининг ҳол-аҳвол сўраб, уйма-уй юрганини амалда кўргач, уларда эртанги кунга ишонч ҳисси минг чандон ортди десак, муболаға бўлмайди.

Касаба уюшмалари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Самарқанд, Навоий, Бухоро, Жиззах, Сирдарё вилоятларидаги 4259 та ижтимоий соҳа объектининг ҳолати, ўқувчилар давомати, вояга етмаганларнинг жиноятчилик даражаси ҳам ўрганилди. Коллеж ўқувчилари давоматларига тааллуқли ҳар бир ҳолат бўйича ўқувчилар, уларнинг ота-оналари билан коллеж ўқитувчилари ҳамда МФЙ фаоллари иштирокида суҳбатлар уюштирилди. Қатор муаммо ва камчиликлар сабабларини бартараф этиш бўйича муайян чора-тадбирлар белгиланди. Жумладан, 236 нафар боланинг ўзи ва ота-онаси билан учрашилиб, тушунтириш ишлари олиб борилди. Натижада жами 264 нафар ўқувчининг мунтазам дарсга қатнишиши масаласи ижобий ҳал этилди. Бу эса умумий давоматни 93.5 фоизга етказиш имконини берди.

Бундан ташқари, жорий йил февраль ойида Қорақалпоғистон Республикасининг Тўрткўл, Хоразм вилоятининг Хонқа, Бухоро вилоятининг Ғиждувон, Навоий вилоятининг Кармана, Самарқанд вилоятининг Жомбой, Жиззах вилоятининг Пахтакор туманлари ҳамда Сирдарё вилоятининг Янгиер шаҳридаги 236 та мактаб,  уларда таълим олаётган ўқувчилар давомати ўрганилди.

Ҳудудларда кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалар фарзандларининг никоқ ва суннат тўйларини ташкил этиш бўйича мурувват тадбирлари доирасида         2017 йилнинг апрель-май ойларида 3 минг 280 нафар боланинг суннат, 616 нафар келин-куёв жуфтликларининг никоҳ тўйлари ўтказилди. Ҳар бир келин-куёвга Ўзбекистон Республикаси Президенти совғалари тантанали равишда топширилди. Шунингдек, уларга никоҳ узуклари ҳадя этилди, суннат тўй болаларига эса “Халқ банки”да ҳар бирининг номига ҳисобрақами очилиб,  1 000 000 сўмдан маблағ қўйилди, “Китоблар жамланмаси” совға қилинди.

“2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”нинг мазмун-моҳияти ҳамда юртимиз тараққиётида тутган муҳим ўрнини барча даражадаги касаба уюшма ташкилотлари, ҳар бир касаба уюшма аъзосига етказиш, уларни  мазкур дастурий ҳужжат амалга оширилишига сафарбар этиш, Ватанимизнинг порлоқ истиқболи йўлидаги улуғвор мақсадларни амалга ошириш йўлида жипслаштириш мақсадида 2017 йилнинг 16 июнь куни Ўзбекистон касаба уюшмаларининг “Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!” шиори остидаги Форуми ўтказилди. Форумда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Рустам Камилов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенаторлар, Тараққиёт стратегияси маркази, ижтимоий ҳамкор вазирлик, идора ва жамоат ташкилотларининг раҳбарлари, ишлаб чиқариш, таълим, фан, маданият ва спорт соҳаларининг таниқли вакиллари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳридан  иқтисодиётнинг барча соҳаларида меҳнат қилаётган касаба уюшма фаоллари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этдилар.

Анжуманда Форум иштирокчиларининг юрт тараққиёти йўлида бирлашишга ундовчи “Ўзбекистон касаба уюшмалари аъзоларига Мурожаатномаси” ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишда Кўмаклашиш дастури” қабул қилинди. Кўмаклашиш дастурида бошланғич ташкилотлардан тортиб касаба уюшмалари Федерациясигача ҳар бир поғонадаги касаба уюшма ташкилотлари олдида турган аниқ вазифалар белгилаб берилди. Асосийси, бугунги кунда Форумнинг бош ғояси – Ҳаракатлар стратегиясининг мазмун-моҳиятини ҳар бир касаба уюшма аъзосигача етказилишини таъминлаш ҳамда унинг асосида белгилаб олинган устувор вазифаларни изчиллик билан амалга оширган ҳолда юртимиз тараққиётига касаба уюшмаларининг муносиб ҳиссасини қўшиш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Меҳнат жамоаларида соғлом муҳит барқарорлигини таъминлаш, бу орқали ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, халқимизда бугунги кунга шукроналик ҳиссини кучайтириш мақсадида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, Ҳаракатлар стратегиясининг мазмун-моҳиятини, қабул қилинаётган ҳужжатлар ва Давлат дастурлари аҳамиятини аҳолига атрофлича тушунтириш мақсадида ҳар ойда 36 мингга яқин меҳнат жамоаларида “Маънавият соатлари” ўтказилмоқда, уларда қарийб 4,2 млн. нафар ходим иштирок этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 сентябрдаги “Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан республикамизнинг барча ҳудудларида айнан кам таъминланган хонадонлар, боқувчисини йўқотган оилалар ўрганилди ҳамда уй-жой ва маиший техника билан таъминлаш, яшаш жойларини таъмирлаш,  тиббий хизмат борасида амалий ёрдамга муҳтож оилалар аниқланди. Бугунги кунда бу тоифадаги оилаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, ижтимоий-иқтисодий аҳволи ҳамда маиший шароитларини яхшилаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан амалга оширилаётган тизимли тадбирлар натижасида бугунгача Республика бўйича 22 200 хонадон кундалик турмушда зарур бўлган маиший техника жиҳозлари билан таъминланди. Кам таъминланган оилаларда истиқомат қилувчи 1200 нафар беморга соғлиғини тиклаш учун, 2000 оилага уй-жойларини таъмирлаш учун моддий ёрдам кўрсатилмоқда.

Ҳаракатлар стратегиясини “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури” доирасида Касаба уюшмалари Федерацияси аҳолининг бандлиги ва реал даромадларини изчил оширишга муносиб ҳисса қўшиш мақсадида “Меҳнат миграцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини ишлаб чиқишда фаол иштирок этиш билан бирга, Бандлик ва меҳнат муносабаталари вазирлигининг Ташқи меҳнат миграцияси масалалари бўйича агентлиги фаолияти самарадорлигини оширишда ҳам ҳамкорлик қилди. Шунингдек, кексаларни моддий қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш, уларнинг маданий ҳордиқ чиқаришлари, зиёратгоҳларга саёҳатларини уюштириш ва тизимдаги санаторийларда соғлиқларини мустаҳкамлаш, “Саховат” ва “Мурувват” уйларида яшовчилар ҳолидан хабар олиш ишлари амалга оширилди.

Хусусан, жойларда касаба уюшмалари томонидан 3 073 нафар меҳнат фахрийси ва нуронийларнинг републикамизнинг тарихий шаҳарларига ва ўз ҳудудларидаги зиёратгоҳларга саёҳати ташкил этилди. Наврўз, Хотира ва  Қадрлаш куни ҳамда Мустақиллик байрамлари арафасида касаба уюшмалари томонидан
592 нафар ёлғиз кекса ва ногирон инсонларга 68,4 млн. сўмлик коммунал тўловлари қоплаб берилди. 4 нафар уруш ва меҳнат фахрийсининг уй-жойи таъмирланиб, 50 нафари 29,6 млн. сўмлик реабилитация воситалари – ногиронлик аравачаси,  ҳасса, эшитиш аппарати, тиш протези билан таъминланди. Шунингдек, “Мурувват”, “Саҳоват” уйларида маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилиб, у ерда яшовчилар ҳолидан хабар олинди ва уларга жами 136,4 млн. сўмлик маиший жиҳозлар, кийим-кечаклар, гигиеник воситалар топширилди.

Касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда 1941–1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларидан  2 366 нафари давлат бюджети  ҳисобидан бепул, корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат қилаётган пенсионерлар, шунингдек касаба уюшмаси аъзоларининг пенсионер ота-оналаридан 7385 нафари имтиёзли равишда соғломлаштирилди. 344 нафар ишловчи пенсионерлар, кам таъминланган, кўп болали, олис ва чекка ҳудудларда яшовчи оилалардан бўлган 429 нафар аёл ҳамда 407 нафар тиббиёт ва таълим муассасалари ходими, фарзанд кўрмаган ёш оиланинг 201 нафар аъзоларига касаба уюшмалари томонидан бепул йўлланмалар берилди.

Шунингдек, касаба уюшмалари тизимидаги санаторийлар атрофида жойлашган маҳаллаларда истиқомат қилувчи 197 нафар кам таъминланган оила рўйхати шакллантирилиб, оила аъзоларининг 217 нафарига ташхислаш, амбулатор шароитда соғломлаштириш ишлари амалга оширилди.

Тизимдаги “Оқтош”, “Зомин”, “Термиз марвариди” санаторийларида капитал таъмирлаш ва реконструкция қилиш, Наманган шаҳрида ёпиқ сузиш ҳавзасини қуриш ишлари амалга оширилди. Алоҳида таъкидлаш зарурки, Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Термиз шаҳрида 200 ўринли “Амударё” болалар соғломлаштириш оромгоҳи қурилиб, фойдаланишга топширилди. 6 гектардан зиёд майдонда барпо этилган ушбу масканда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари учун қарийб 34 млрд. сўм маблағ йўналтирилганлигининг ўзиёқ республикамизда ёш авлод вакилларини ҳар томонлама баркамол этиб тарбиялаш масаласи давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири даражасига кўтарилганининг ёрқин далилидир.

Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ҳудудлардаги “Боғишамол”, “Ишонч”, “Зиё чашмалари”  болалар соғломлаштириш оромгоҳларида ҳам катта ҳажмдаги қурилиш ва реконструкция ишлари амалга оширилди.

Жамоа шартномалари ва келишувлари орқали кекса авлод вакиллари, хотин-қизлар ҳамда ёшларни маънавий ва моддий қўллаб-қувватлашга, уларнинг ижтимоий муҳофазасини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, йил давомида 22 900 та корхонадаги 61 076 нафар кам таъминланган ёш оила вакилларига моддий ёрдам кўрсатилди. 1 619 та корхонада олий ўқув юртларида таҳсил олаётган 2 613 нафар иқтидорли, кам таъминланган ва чин етим талабага тўлов-шартнома тўловларида ёрдам берилиб, 913 та корхонада 2 375 нафар ёш оилага уй-жой қуриш ва мамлакатимизда ишлаб чиқарилган, узоқ муддат фойдаланиладиган товарларни харид қилиш учун фоизсиз ссудалар берилди. 1 063 та корхонада эса 4 486 нафар ходимга сафарбарлик заҳирасидаги ҳарбий хизматга чақирилиши муносабати билан фоизсиз ссудалар ажратилди. Ушбу мақсадларга касаба уюшмалари ва иш берувчилар маблағларидан 50 млрд. 687,2 млн. сўм маблағ йўналтирилди.

Давлат дастури доирасида Республикамизнинг турли ҳудудларида яшовчи 2 минг нафар эҳтиёжманд оила аёлларига электр маиший техника жиҳозлари, олий таълим муассасаларининг бакалавр йўналишида тўлов-шартнома асосида таҳсил олаётган 294 нафар боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оилалардаги иқтидорли талабаларга касаба уюшмаларининг стипендияси топширилди. Ёш ишчиларни моддий ва маънавий рағбатлантириш мақсадида WorldSkills International (WSI) ташкилоти стандартлари асосида ёшлар ўртасида “Энг яхши ёш ишчи касб эгаси” миллий чемпионати ташкил этилди.

Болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш ёзги мавсумида жами 1 316 та стационар ва кундузги оромгоҳда 326 минг 273 нафар бола дам олдирилди. Шу жумладан, 4 минг 748 нафар Оролбўйи ҳудуди болалари давлат бюджети ҳисобидан, 61 минг нафардан ортиқ эҳтиёжманд оила фарзандлари жамоа шартномалари орқали, 500 нафар иқтидорли ўқувчилар, 242 нафар ногирон болалар, 2 795 нафар “Меҳрибонлик уйи” тарбияланувчилари касаба уюшмалари томонидан, 1 607 нафар, шундан 100 нафар Сурхондарё вилояти болалари, “Маҳалла” фонди маблағидан бепул соғломлаштирилди.

“2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”да ташқи сиёсат соҳасида ўзаро манфаатли ва амалий ҳамкорликни кучайтириш бўйича белгиланган устувор вазифалардан келиб чиққан ҳолда, 2017 йилнинг 5 сентябрида Россия мустақил касаба уюшмалари Федерацияси раиси Михаил Шмаков раҳбарлигидаги делегациянинг Ўзбекистонга ташрифи ташкил қилинди.

Ташриф якунлари бўйича, иқтисодиётнинг глобаллашуви шароитида касаба уюшмалари ўртасидаги иккитомонлама ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатларининг муҳимлигини эътиборга олиб ҳамда уни янада мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва Россия мустақил касаба уюшмалари Федерацияси ўртасида ҳамкорлик тўғрисида Келишув имзоланди.

Ишонч билан айтиш мумкинки, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва Россия мустақил касаба уюшмалари Федерацияси ўртасида имзоланган Ҳамкорлик тўғрисидаги Келишув икки давлат касаба уюшмларининг келгусидаги ўзаро манфаатли ва амалий ҳамкорлигини янада ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.

Сирасини айтганда, бугунги кунда мамлакат касаба уюшмалари олдида турган вазифалар кўлами ниҳоятда кенгдир. Чунки, юрт тараққиёти ва халқ фаровонлиги учун барчамиз бирдек масъулмиз. Буни чуқур ҳис этган Ўзбекистон касаба уюшмалари бундан буён ҳам мамлакатимизда Давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан амалга оширилаётган ислоҳотларнинг изчил амалга оширилишига ўз муносиб ҳиссасини қўшишда давом этади.

Муҳаббат Ўрмонбекова,

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси матбуот хизмати раҳбари

Click to listen highlighted text!