Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Зомин туристик марказга айланмоқда

21.11.2022. Туризм – иқтисодиётнинг муҳим тармоқларидан бири. Шу боис дунёнинг кўплаб давлатлари қатори мамлакатимизда ҳам соҳани янада ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бунинг натижасида республиканинг диққатга сазовор кўплаб жойларида дам олиш масканлари, меҳмонхоналар, санаторий-курортлар қуриб битказилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 апрелдаги «Зомин» туристик-рекреацион зонасини ва халқаро умуммавсумий курортни ташкил этиш чора тадбирлари тўғрисида»ги фармони ҳам айни шу мақсад йўлида қабул қилинган эди.

Белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, пурвиқор тоғлар бағрида тез фурсатларда Суффа туристик-рекреацион комплекси қад ростлади.

Яқинда ушбу муаззам кошонанинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, бир қатор вазирлик ва идоралар раҳбарлари, меҳнат фахрийлари, жамоатчилик вакиллари, ОАВ ходимлари, ёзувчи ва шоирлар, таниқли санъаткорлар иштирок этди.

Тадбир аввалида Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиев сўзга чиқиб, барчани, айниқса, зоминликларни ушбу муҳташам маскан билан табриклади.

– Вилоятимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни биргина Зомин тумани мисолида айтадиган бўлсам, 2022 йилнинг ўтган даври мобайнида қиймати 131 миллиард сўмлик 25 та янги инвестиция лойиҳаси амалга оширилди, – дейди Эргаш Солиев. – Шунингдек, 3,2 миллион долларлик хорижий инвестициялар ўзлаштирилди ва бунинг натижасида 6 миллион долларлик саноат ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари дунёнинг еттита давлатига экспорт қилинмоқда.

Туманда 53 та объект қурилиши бошланиб, шундан 33 таси фойдаланишга топширилди. 11 та умумтаълим мактабида умумий қиймати 43 миллиард 411 миллион сўмлик қурилиш­таъмирлаш ишлари амалга оширилди.

Айни вақтда туманда 180 та хонадонга эга 9 та кўп қаватли, 69 та хонадонга эга 2 қаватдан иборат ҳамда 26 та хонадонга эга 1 қаватли ҳовли уй қуриб битказилди. Бунинг натижасида, уй­жойга муҳтож бўлган 280 та оила имтиёзли арзон уй­жой билан таъминланди.

Энди бевосита «Суффа» туристик­рекреацион комплекси ҳақида гапирадиган бўлсам, аввало шуни айтишим керак, курорт зонасида туризм ва хизмат кўрсатиш соҳаси объектларини қуриш учун «Суффа» текислигидан 700 гектар ер майдони ажратилди.

Бугунги кунда туристик зона ҳудудидаги «Суффа» текислигида «Асакабанк», «Туронбанк» ва «Ўзсаноатқурилишбанк»ларнинг маблағлари ҳисобидан ҳар бири 120 хона, 240 ўринга мўлжалланган ҳамда ҳар бирининг умумий қурилиш майдони ўртача ҳисобда 7700 м2 дан иборат 2 та 4 қаватли, 1 та 5 қаватли 3 та меҳмонхонанинг қурилиш ишлари якунланди.

Қувонарлиси, ушбу меҳмонхонанинг ишга туширилиши натижасида туманда янги иш ўринлари яратилди. Энди бу ерлик аҳолининг даромади янада кўпаяди.

Айни кунларда Зомин санаторийсидан Суффа платосигача узунлиги 2160 метр ва бир тарафга қабул қилиш соатига 500 кишини қамраб оладиган гондол типидаги замонавий осма дор йўли қуриш ишлари амалга оширилмоқда.

Шунингдек, туристик зона ҳудудидаги объектлар учун электр энергия, ичимлик ва оқова сув тармоқларини ҳамда умумий фойдаланиладиган йўлларни қуриш борасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилди. Биргина, «Когон нефтегазэнергосервис» МЧЖ ичимлик ва оқова сув тармоғини қуриш мақсадида 4923 м. ичимлик суви, 1395м. оқова сув тармоғи, 1300 м. суғориш тизими, ичимлик суви учун 2 та 1000 м3дан резервуар ҳамда 2 та 600 м3 оқова сувларни тозалаш иншоотини қуриш ишлари якунланиш арафасида.

Йўл қуриш ва таъмирлаш ишлари доирасида 4Р­40 «Даштобод – Зомин – Бахмал – Ғаллаорол» автомобиль йўлининг 24­80 км. қисми босқичма­босқич реконструкция қилиб борилмоқда.

Маълумот ўрнида қайд этиш лозим, бугун туманда 7 та меҳмонхона, 4 та соғломлаштириш объекти, 6 та дам олиш маскани, 85 та оилавий меҳмонхона, шунингдек, бир қанча диққатга сазовор маданий мерос объектлари, туристик савдо расталари мавжуд бўлиб, ушбу манзиллар бир кунда 2 минг нафардан ортиқ сайёҳ қабул қилиш имкониятига эга.

Мазкур миқдорни ошириш орқали Зоминнинг туристик салоҳиятини кенг тарғиб этиш ҳамда такомиллаштириш мақсадида «Дуоба» ҚФЙни туризм қишлоғига айлантириш борасида алоҳида дастур ишлаб чиқилган. Унга кўра, ҳудудда миллий таомлар ошхонаси, Ахборот маркази, wi­fi зона, селфи майдони, шахмат­шашка доскаси ҳамда 8 та ҳунармандлар растасидан иборат туризм маркази фойдаланишга топширилган.

Шу аснода Усмонлисой қишлоғида 4 км. электр тармоқлари янгидан тортилиб, 2 та электр пункти тўлиқ янгиланди. «Дуоба» қиш лоқ фуқаролар йиғинига қарашли Еттикечув қишлоғига 3 км. асфальт йўл, 5 км. шағал йўл ётқизилди. Мазкур йўлнинг давомида 4 км.лик велойўлак барпо этиш режалаштирилган. Натижада, велойўлак орқали МИҚ қалъасига, ундан Суффа платосига пиёда бориш бўйича алоҳида туризм маршрути пайдо бўлади.

Мухтасар айтганда, давлатимиз раҳбарининг тегишли фармони билан пурвиқор тоғлар ёнбағрида қад ростлаган «Суффа» туристик­рекреацион комплекси нафақат юртимиз аҳолиси, балки хорижий давлатлар фуқаролари учун ҳам мамлакатимиз тарихида янги турдаги дам олиш маскани бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.

Ғуломжон Мираҳмедов

Муқимбой Исмоилов