11- ноябрь Касаба уюшмалари куни муносабати билан “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви ташкил этилди
07.11.2024. Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерациясининг Навоий вилоят Кенгаши томонидан Навоий давлат университетининг Ахборот- ресурс марказида университетининг ёш ходимлари ҳамда талабалари иштирокида “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви ташкил этилди.
Федерациянинг вилоят Кенгаши раиси Назира Тоғаева бугунги кунда давлатимиз томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар, ёшларга яратилаётган шарт-шароит ва имкониятлар, шунингдек, касаба уюшмалари тизимида ёшларга оид давлат сиёсати бўйича олиб борилаётган ишлар хусусида тўхталиб ўтди. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ёш истеъдод эгаларини рағбатлантириш ҳамда қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилаётган турли танлов ва тадбирлар ҳам бу борада муҳим аҳамият касб этмоқда. Кейинги йилларда иш берувчилар билан тузиладиган жамоа шартномаларига ёшлар масаласига оид бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Касаба уюшмалари фаолларининг аралашуви билан минглаб ёш оилаларга турли даражада моддий ёрдам кўрсатилмоқда. Кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари учун иш берувчилар томонидан дарслик китоблар ҳамда бошқа ўқув жиҳозлари олиб бериляпти. Тўлов контракт маблағлари тўланмоқда. Уй-жой қуриш ёки таъмирлаш, маиший техникалар сотиб олиш истагида бўлган ёшларга ҳам амалий ёрдам кўрсатилмоқда.
– Сўнгги йилларда, мамлакатимиз раҳбари ёшлар учун жуда кенг имкониятлар эшигини очиб бердилар,- дейди университетининг касаба уюшма қўмитаси раиси Н. Бекмуродов. – Айнан бу йилни “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилиб, барча соҳа ва йўналишдаги ёшларимизга шароит ва қулайликларни яратиб бермоқдалар. “Ёшлар дафтари”, “Аёллар дафтари” орқали ҳам миллонлаб ёшларимиз бандлиги таъминланди, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйди, ҳамда деҳқончилик қилиш орқали даромадга эга бўлишди. Бугунги кунда ёшларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, етук инсонлар бўлиб улғайиши йўлида замонавий, илғор-инновацион шарт-шароитларни яратиб бериш учун бор куч ва имкониятлар ишга солинмоқда. Чунки ёш авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, маънавий етук, жисмонан соғлом, ватанпарвар ва фидойи этиб тарбиялаш, ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қилишга эътибор қанча кучайтирилса, унинг самараси ҳам шунча юқори бўлади. Натижада юксак билимли, замонавий фикрлайдиган, қатъий позицияга эга ёшлар мамлакатнинг эртанги тараққиётида тобора ҳал қилувчи кучга айланиб боради. Шуни катта ишонч билан айта оламизки, навоийлик ёшларнинг барча-барчаси бугунги ҳаётидан мамнун, эртанги кундан умидлари катта.
Қизғин баҳс-мунозараларга бой тарзда ўтган тадбир якунида институтнинг фаол ёшларига эсдалик совғалар топширилди.
Дилафрўз Ўразова
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Навоий вилоят Кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси