Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни: Ўқитувчи ва мураббийлар муносиб тақдирланди

04.11.2023. Давлатимиз раҳбарининг нодавлат ва нотижорат ташкилотларга, шу жумладан, мамлакатимиздаги энг йирик жамоат бирлашмаси бўлган касаба уюшмалари фаолияти ривожига кўрсатаётган эътибори натижасида мана уч йилдирки мамлакатимизда 11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни сифатида кенг нишонлаб келинмоқда.

Айни кунларда ушбу сана олдидан Республикамизнинг барча ҳудудларидаги корхона, ташкилот ва муассасаларнинг меҳнат жамоаларида меҳнаткашлар билан очиқ мулоқот ва учрашувлар, давра суҳбатлари, семинар ва конференциялар, илғор ва фаол меҳнаткашларни рағбатлантириш, маданий-маърифий ҳамда спорт тадбирлари ўтказилмоқда.

Ана шундай тадбирлардан бири Ўзбекистон Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмасининг Тошкент шаҳар бўлинмаси Кенгаши томонидан пойтахтимиздаги Муқимий номли мусиқали драма театрида “Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик” шиори остида ўтказилди.

Байрам тадбирига халқ таълими ва олий таълим тизимида меҳнат қилаётган ўқитувчи ва мураббийлар, профессорлар ва илм-фан соҳаси фидоийлари, ёш мутахассислар, касаба уюшма фаоллари ва фахрийлар таклиф этилди.

Тадбирда охирги 7 йил ичида Президентимиз ташаббуслари билан барча соҳаларда бўлгани каби, ижтимоий-меҳнат муносабатлари соҳасида ҳам амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва уларнинг меҳнаткашлар турмуш фаровонлигини оширишдаги муҳим аҳамияти, ўқитувчиларга кўрсатилаётган юксак эҳтиром ва улар учун яратиб берилаётган имкониятлар алоҳида таъкидланди. Меҳнат қонунчилигининг тобора такомил топиб бораётгани, мамлакатимизда давлат, касаба уюшмалари ва иш берувчилар ўртасида йўлга қўйилган самарали ижтимоий шериклик ва унинг натижалари хусусида сўз борди. Мазкур жараёнларда Ўзбекистон Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси ҳам ўз фаолиятини такомиллаштириш билан бирга ишчи-ходимлар манфаатлари юзасидан тизимли ишларни амалга ошираётгани, иш берувчилар билан жамоа шартномаларини имзолаб, меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш, улар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш борасида тизимли ишлар олиб бораётгани қайд этилди.

Байрам тадбирида мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим мактабларида фаолият кўрсатаётган 35 нафар устоз ва мураббийлар ҳамда олий ўқув юртларининг профессор-ўқитувчилари, ишчи-ходимларига Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси томонидан санаторийларга бепул йўлланмалар тантанали равишда топширилди.

Шундан сўнг умумтаълим мактаблари ва олий таълим муассасаларида ўқитувчилик фаолиятини юритиш билан бирга жамоат ишларида фаоллик кўрсатиб келаётган, ўз соҳасида қатор ютуқларни қўлга киритган, ёш авлод камолотига ва йигит-қизларнинг етук мутахассислар бўлиб етишишларига муносиб ҳисса қўшаётган устоз ва мураббийлар “Халқ таълими аълочиси”, “Олий таълим аълочиси” ва “Халқ таълими фидоийси” кўкрак нишонлари билан тақдирландилар.

Шунингдек, бир гуруҳ фахрий ўқитувчилар ва касаба уюшма фахрийларига Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ҳамда унинг Тошкент шаҳар бўлинмаси Кенгашининг Фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари топширилди.

Тадбирда сўзга чиқққан ўқитувчилар ва меҳнат фахрийлари Президентимиз томонидан ўқитувчилар ва фахрийларга кўрсатилаётган юксак эътибор ва яратилаётган кенг имкониятлар учун ўз миннатдорчиликларини билдирдилар.

Тадбир сўнгида байрам иштирокчилари учун Муқимий номидаги мусиқали драма театри жамоаси томонидан саҳналаштирилган “Бизга мактаб керак… ёҳуд Замон Авлонийси” номли спектакль намойиш этилди.

Муҳаббат Ўрмонбекова

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари