11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни: Янги Ўзбекистоннинг янги касаба уюшмалари
11.11.2024. Ўзбекистон касаба уюшмалари саройида 11 ноябрь – Ўзбекистон Касаба уюшмалари кунига бағишланган тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, унинг ҳудудий кенгашлари, тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари, тасарруфдаги ташкилотлар раҳбарлари, ҳамкор вазирлик, идора ва ташкилотлар, халқаро ташкилотлар, Халқаро касаба уюшмалари бирлашмалари, ҳорижий давлатлар касаба уюшмалари ташкилотлари раҳбар ва мутасаддилари, Ўзбекистон касаба уюшмалари фахрийлари ва фаоллари ҳамда турли соҳаларда фаолият кўрсатаётган меҳнаткашлар иштирок этдилар.
Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси билан бошланган тантанали байрам тадбирини ёш истеъдодлар ижросидаги Ватан, тинчлик, меҳнаткашлар ва халқлар дўстлигини мадҳ этувчи композиция давом эттирди.
Тантанали тадбирда муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан инсон манфаатларини таъминлаш йўлида ўтган 7-8 йил давомида жамият ҳаётининг барча жабҳаларида бирдек олиб борилаётган кенг кўламли ва тизимли ислоҳотлар ҳамда янгиланишлар, уларнинг салмоқли натижалари алоҳида таъкидланди. Хусусан, ўтган қисқа вақт ичида халқимиз турмуш даражаси ва фаровонлигини ошириш, халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш, Ўзбекистон нуфузини дунё миқёсида юқори поғонага кўтариш борасида тизимли ислоҳотлар амалга оширилиб, салмоқли натижаларга эришилгани, ушбу ютуқлар бугун жамиятимиз ҳаёти ва халқимиз турмушидаги ижобий ўзгаришларда намоён бўлаётгани, сирасини айтганда, Янги Ўзбекистон фуқаролари янгича дунёқараш билан янгича ҳаёт кечираётганлари қайд этилди.
Ҳақиқатдан ҳам Президентимиз ташаббуслари билан Инсон қадри учун амалга оширилаётган улкан ва тизимли ишлар давлатимиз ва жамиятимизни тараққиётнинг мутлақо янги босқичига олиб чиқди. Янги Ўзбекистоннинг бу борадаги ютуқлари ва қўлга киритаётган натижалари бугун халқаро миқёсда ҳам тан олиниб, юксак эътирофларга сазовор бўлмоқда. Амалга оширилаётган ўзгаришлар ва янгиланишлар, аҳолининг турли тоифалари, айниқса, хотин-қизлар ва ёшларга кўрсатилаётган эътибор, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган тизимли ишлар натижасида Ўзбекистон аҳолисининг ижтимоий-сиёсий фаоллиги ва ташаббускорлиги ортиб, янги марралар сари олға интилмоқда.
Тадбирда таъкидланганидек, сўнгги йилларда Ўзбекистонда давлат, касаба уюшмалари ва иш берувчилар ўртасидаги ижтимоий шериклик учун яратилган кенг имкониятлар натижасида мамлакатимиз касаба уюшмалари фаолияти янги ривожланиш босқичига кирди. Янги Ўзбекистоннинг Янги касаба уюшмалари юртимиздаги ислоҳотлар, янгиланиш ва ўзгаришлардаги фаолликларини янада ошириб, турли соҳа ходимларининг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш борасида тизимли ишларни амалга ошириб келмоқдалар.
Хусусан, бугун халқ ташкилотига айланган касаба уюшмалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Касаба уюшмалари Федерацияси ва Иш берувчилар Конфедерацияси ўртасида имзоланган Бош жамоа келишуви, амалдаги 102 та тармоқ келишуви ҳамда 118 мингга яқин жамоа шартномалари орқали меҳнаткашлар ва улар оила аъзоларининг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоялаш, иш ҳақининг ўз вақтида тўланиши, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори стандартларига иш берувчилар томонидан риоя этилиши бўйича жамоатчилик назоратини олиб бориш каби ишларни амалга ошириб келмоқда. Касаба уюшмалари инспекторлари томонидан жорий йилнинг 9 ойи давомида 3 минг 95 та ташкилотда жамоатчилик назорати амалга оширилди. Келиб тушган 4 минг 20 та мурожаатни кўриб чиқиш натижаларига кўра жами 62 минг 656 нафар шахснинг ҳуқуқлари тикланиб, ходимлар фойдасига қарийб 61,5 млрд. сўм маблағ ундириб берилишига эришилди. Нодавлат секторидаги ходимларнинг ҳам жамоа шартномаларидаги имтиёз ва кафолотлардан фойдаланишларини таъминлаш мақсадида уларни касаба уюшмаларига жалб этиш борасида амалга оширилган саъй-ҳаракатлар натижасида биргина 2023 йилнинг ўзида кичик бизнес субъектлари ва хусусий секторда фаолият кўрсатаётган 311 минг нафар, 2024 йилнинг 9 ойи давомида эса қарийб 13 мингга яқин корхона ва ташкилотда меҳнат қилаётган 323 минг нафарга яқин ходим касаба уюшма аъзолигига жалб этилди.
Касаба уюшмаларининг ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш йўналишидаги ишлари ҳам сифат ва миқдор жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Хусусан, Президентимиз ташаббуслари билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ўтган йили Сурхондарё вилоятидаги тоғлар бағрида янги ва замонавий “Сангардак” санаторийси барпо этилиб, фойдаланишга топширилган бўлса, жорий йилда Хоразм вилоятида халқаро стандартларга мос бўлган 200 ўринли “Хонқа” санаторийси қурилиб, меҳнаткашлар ихтиёрига топширилди. Бу каби бунёдкорлик ишлари натижасида 2017 йилда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги санаторий ва дам олиш уйларида мавжуд 5 минг 257 та ўрин сони бугунга келиб 7 мингтага етказилди. Яна бир аҳамиятли жиҳати – Ўзбекистон касаба уюшмалари тизимида янгидан бунёд этилаётган санаторийлар ва улардаги хизмат кўрсатиш даражаси сифат жиҳатидан нафақат маҳаллий, балки халқаро экспертлар томонидан ҳам юксак баҳоланмоқда.
Санаторийларда жорий йилнинг шу бугунига қадар 160 минг нафардан ортиқ аҳоли соғломлаштирилди. 190 та стационар турдаги оромгоҳда эса қарийб 162,5 минг нафар бола дам олдирилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари кунига бағишланган тантанали тадбирда Ватанимиз тараққиёти ва халқимиз турмуш фаровонлигини янада ошириш йўналишидаги ишларда фаол иштирок этаётган, меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга ва касаба уюшмалари фаолияти ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ юртдошларимиз Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг “Эҳтиром нишони” билан тақдирланди. Совриндорларга “Эҳтиром” нишони, пул мукофоти ва гувоҳномалар топширилди.
Шундан сўнг кўп йиллик самарали меҳнати, эришган алоҳида ютуқлари билан соғлиқни сақлаш, илм-фан, маданият ва спорт соҳаларини ривожлантириш, шунингдек, касаба уюшмаларининг нуфузини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшиб келаётган юртдошларимиз ва халқаро ҳамкорларни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш мақсадида таъсис этилган “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси лауреати” мукофотининг 2024 йилги совриндорларига ушбу мукофот тантанали равишда топширилди. Хусусан, намунали фаолияти билан барчага ўрнак бўлаётган, эришган алоҳида ютуқлари билан мехнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари химоясини таъминлаш ишлари сифатини оширишга хамда аҳолининг турмуш даражасини ошириш ва саломатлигини муҳофаза қилишга, шунингдек, касаба уюшмалари фаолиятини такомиллаштиришга салмоқли ҳисса қўшиб келаётган юртдошларимиз қаторида Халқаро меҳнат ташкилотининг Меҳнаткашлар фаолияти бўйича Бюроси директори Мария Хелена Андре, Грузия касаба уюшмалари Конфедерацияси раиси Ираклий Петриашвили, “Turk-iş” (“Турк иш”) касаба уюшмалари Конфедерацияси президенти Эргун Аталай ҳам “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси лауреати” мукофотига сазовор бўлди.
Тантанали тадбир якунида иштирокчилар эътиборига байрамона концерт дастури намойиш этилди.
Муҳаббат Ўрмонбекова
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари