Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Фанлар академияси, Савдо-саноат палатаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ва бир қатор ҳамкор ташкилотлар иштирокида ёшларнинг ҳар томонлама етук мутахассис бўлиб камол топишга бўлган интилишларини қўллаб-қувватлаш, иқтидорли ёш мутахассисларни рағбатлантириш, ёш авлод вакилларида Ватан туйғуси ва мамлакатда рўй бераётган воқеаларга дахлдорлик ҳиссини оширишга кўмаклашиш мақсадида “Йилнинг энг фаол ёш мутахассиси” танловини ўтказади.
“Энг фаол ёш банк ходими”, “Энг фаол ёш озиқ-овқат саноати ходими”, “Энг фаол ёш олим”, “Энг фаол ёш спорт мураббийи”, “Энг фаол ёш шифокор”, “Энг фаол ёш траспортчи”, “Энг фаол ёш авиаходим”, “Энг фаол ёш геолог”, “Энг фаол ёш дастурчи”, “Энг фаол ёш кимёгар”, “Энг фаол ёш кончи”, “Энг фаол ёш металлург”, “Энг фаол ёш темирйўлчи”, “Энг фаол ёш энергетик” номинациялари бўйича ўтказиладиган танловда иштирок этиш учун касаба уюшмасига аъзо турли соҳаларда фаолият юритаётган 35 ёшгача бўлган фаол ёш мутахассислар таклиф этилади.
Танловда қатнашиш учун танлов номинацияси номи кўрсатилган ҳолда талабгор ўзи меҳнат қилаётган корхона касаба уюшмаси қўмитасига қуйидагиларни тақдим қилади:
– иш фаолиятига оид ва эришган ютуқларини акс эттирувчи, тегишли ташкилот раҳбари томонидан имзоланган тавсифий тавсиянома;
– маълумотнома-объективка;
– паспорт нусхаси;
– 2 та (3,5х4,5) оқ фондаги рангли фотосурат (электрон нусхаси билан бирга);
– ўз меҳнат фаолиятида эришган ютуқларини тасдиқловчи ва акс эттирувчи ҳужжатлар;
– мутахассиснинг манзили, уй ва иш телефонлари;
– қўшимча равишда, ижодий, бадиий ва илмий ишларининг нусхалари, янги ишланма ва лойиҳалари, лойиҳани тадбиқ қилиш механизми ва унинг самарадорлиги ҳақида маълумотлар, оммавий ахборот воситаларида ўз соҳасига оид мавзуларда чоп этилган мақолалари, ижтимоий-сиёсий фаоллиги, маънавий етуклиги, жамоат ишларида фаол иштироки тўғрисидаги тавсиялар тақдим этилиши мумкин.
Асосий мукофот
“Йилнинг энг фаол ёш мутахассиси” танлови ғолиблари орасидан сараланган мутахассис, яъни янги ишланма ва лойиҳаларига эга бўлган, лойиҳаси самарадорлиги натижасида республика иқтисодиётига муносиб ҳисса қўшиладиган, ижтимоий-сиёсий фаол бир нафар ёш мутахассис касаба уюшмаларининг гранти билан тақдирланади.
Танловда ҳар бир йўналиш бўйича 1-, 2-, 3-ўринни эгаллаган ғолиблар Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Савдо-саноат палатаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий кенгашининг эсдалик совғаси ҳамда дипломлари билан тақдирланади.
Танлов уч босқичда:
I-босқич – 15 май-15 июнь кунлари корхона, ташкилот ва муассасаларда;
II-босқич – 15-30 июнь кунлари Қорақалпоғистон, вилоятлар, Тошкент шаҳрида;
III-босқич – июль ойида республика-тармоқлар миқёсида ташкил этилади.
Танлов ғолибларига мукофотлар 2016 йил сентябрь ойида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан ташкил этиладиган “Ёш мутахассислар” IV республика форумида тантанали равишда топширилади.
Танлов мезонлари билан бу ерда танишишингиз мумкин.
Танлов тўғрисидаги қўшимча маълумотлар Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси, Савдо-саноат палатаси ва “Камолот” ЁИҲнинг ҳудудий бўлинмалари ва республика кенгашлари орқали берилади.
Маълумот учун Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг (+998 71) 252-21-19, 256-76-57, 256-48-81 телефон рақамларига мурожаат қилишингиз мумкин.