[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт синов тариқасида ишга туширилган

02.05.2025. Самарқанд шаҳрида “Меҳнат муҳофазасининг янги босқичи: иш жойида сунъий интеллект ва рақамлаштиришнинг роли” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги соҳасига, айниқса, жамоатчилик назоратини кучайтиришга катта эътибор қаратилмоқда. Бу йўналишда давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари асосида қатор муҳим вазифалар белгиланган бўлиб, уларни амалиётга самарали татбиқ этишда касаба уюшмалари фаол иштирок этмоқда.

Шу мақсадда жорий йил 30 апрель куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Самарқанд вилояти кенгаши ташаббуси билан Самарқанд шаҳридаги “Ипак йўли туризм ва маданий мерос” халқаро университетида давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбир доирасида турли соҳалар вакиллари иштирокида кўргазма ҳам уюштирилди. Иштирокчилар томонидан фаол қизиқиш билдирилди ва амалий мулоқотлар олиб борилди.

Мазкур тадбир Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги ва 28 апрель — “Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни” муносабати билан ташкил этилди. Унинг асосий мақсади — иш жойларида бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларининг олдини олиш, иш берувчилар томонидан соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш масалаларига эътибор қаратишдир.

Давра суҳбатида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси аппаратининг меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими мудири Нодира Баҳодиржоновна Гаибназарова, Федерациянинг Самарқанд вилояти кенгаши раиси Сўхроб Рафиқов, касаба уюшма фаоллари, ҳамкор ташкилотлар вакиллари ҳамда вилоятдаги турли корхона ва муассасаларнинг меҳнат муҳофазаси бўйича масъуллари иштирок этдилар.

Тадбир иштирокчилари амалий фаолиятда қўлланаётган усуллар бўйича тажриба алмашдилар, соҳага оид долзарб муаммолар юзасидан фикр билдирдилар. Шунингдек, тадбир миллий ва халқаро тенденциялар билан танишиш, меҳнат муҳофазаси соҳасидаги билим ва кўникмаларни оширишга хизмат қилди.

Тадбир доирасида “Меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги бўйича жамоатчилик назоратини ташкил этиш” мавзусидаги республика кўрик-танловининг Самарқанд вилояти босқичи ғолиблари касаба уюшмалари томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.