04.07.2025. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Навоий вилоят Кенгашида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Матбуот анжуманида касаба уюшмалари тизимидаги бошланғич ташкилотлар ҳамда шаҳар, туман ва вилоят кенгашларининг ҳисобот-сайлов йиғилишлари натижалари, шунингдек IХ конференцияга тайёргарлик доирасида олиб борилган ишлар сарҳисоб қилинди.
Вилоят Кенгаши раиси Назира Тўғаеванинг маълум қилишича, феврал–апрел ойларида Навоий вилоятидаги 1 540 та бошланғич ташкилотда ҳисобот-сайлов йиғилишлари ўтказилди. Уларда жами 69 872 нафар ходим иштирок этди.
Янги сайланган ва қайта сайланган етакчилар ўрганилганда, илк бор 213 нафар фаолнинг сайлангани аниқланди, бу тизимга янги қудрат кириб келаëтганидан далолат беради.
Сайланганларнинг 68,8 фоизи олий маълумотли, 69,8 фоизи 30–50 ёшдаги, 50,8 фоизи педагог ва 38,7 фоизи аёлларни ташкил қилди.
Май ойида соҳавий шаҳар, туман ва вилоят ташкилотлари ҳамда бирлашган қўмиталар ўз ҳисоботларини тақдим этди. Мулоҳазалар ва таклифлар асосида касаба уюшмалари фаолиятининг кейинги беш йиллик стратегияси белгиланди.
Июль ойи бошида Навоий вилоят Кенгашининг IХ конференцияси ўтказилади. Унда вилоят Кенгаши раиси 2020–2025 йилларда амалга оширилган ишлар бўйича ҳисобот беради. Конференцияда иштирок этиш учун 100 нафар делегат сайланди, уларнинг 37 фоизи аёл ва 12 фоизи ёшлардир. Вилоят Кенгаши олдида турган муҳим вазифалардан бири — ҳисобот-сайлов даврида билдирилган таклиф ва мулоҳазаларни тизимлаштириш ҳамда улар асосида аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва амалга оширишдан иборат.
Мамлакатимизда ҳар бир корхона ва муассасада касаба уюшмаси ташкилоти бўлиши шарт ва раҳбарлар ушбу ташкилотлар билан яқиндан ҳамкорлик қилиши зарур ҳисобланади. Фақат шунда меҳнат қонунчилиги бузилишининг олди олиниб, ижтимоий адолат таъминланади. Бу жараёнда ижтимоий мулоқот муҳим механизм ҳисобланади.
Матбуот анжумани давомида замонавий тенденциялар асосида тузиладиган жамоавий шартномалар масаласи ҳам кўтарилди.