Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни

03.12.2020. Меҳр-мурувват ойлигида касаба уюшмалари фаол иштирок этмоқдалар

  Мамлакатимизда аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини, хусусан, ногиронлиги бор шахсларни манзилли ижтимоий ҳимоясини кучайтириш юзасидан аниқ ва мақсадли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳам Халқаро ногиронлар куни муносабати билан республикамизда эълон қилинган Меҳр-мурувват ойлигида фаол иштирок этиб, ногиронлик муаммоларининг ечими борасида амалга оширилаётган ишларга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

Хусусан, касаба уюшмалари томонидан кексалар, ёлғизлар, ногиронлиги бўлган шахсларнинг уйларига бориб хабар олиниб, уларга манзилли моддий ёрдамлар кўрсатилмоқда. Корхона, ташкилот ва муассасаларда ишлаётган ногиронлиги бўлган шахслар, жисмоний имконияти чекланган фарзандлари бор ходимлар, касб касаллигига чалинган инсонлар касаба уюшма қўмиталари томонидан моддий қўллаб-қувватланмоқда. Шунингдек,  “Саховат” ва “Мурувват” уйларида яшовчилар ҳолидан хабар олинмоқда.

Жумладан, “3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни” муносабати билан “Enter Engineering Pte. Ltd.” Компанияси касаба уюшма қўмитаси томонидан ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд жисмоний имконияти чекланган инсонларга ҳаётда кенг имконият ва шароитлар яратиб бериш мақсадида махсус ижтимоий акция ташкил этилди. Мазкур акция доирасида “Enter Engineering Pte. Ltd.” Компанияси касаба уюшма қўмитаси компанияда меҳнат қилаётган ногирон фарзандлари бўлган касаба уюшма аъзолари, шунингдек, ижтимоий ёрдамга ҳамда саломатлигини яхшилашга муҳтож бўлган пенсионерлар моддий ва маънавий қўллаб-қувватланди. Худди шу мақадларда компания касаба уюшма қўмитаси томонидан қарамоғида жисмоний имконияти чекланган фарзандлари бўлган 39 нафар ходимнинг 41 нафар фарзандига ҳамда даволаниш ва моддий ёрдамга мухтож бўлган пенсионерга жами 73 миллион сўм миқдорида моддий ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, ногиронлиги бор фарзандни тарбиялаётган ходимларнинг хонадонларига ташриф буюрилиб, уларнинг оила аъзоларидан хабар олинди ҳамда кундалик турмушда зарур маҳсулот ва воситалар, совға-саломлар ҳадя этилди.

Бундан ташқари, Меҳр-мурувват ойлиги доирасида Давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмасининг Тошкент шаҳар бирлашган қўмитаси томонидан Ўзбекистон “VETERAN” жангчи-фахрий ва ногиронлар бирлашмаси хисобида турувчи 100 нафар жисмоний имконияти чекланган кишига жами 24,5 млн. сўмлик совғалар тақдим этилди.

Таъкидлаш ўринлики, мазкур эзгу ва хайрли ишларда барча бўғиндаги касаба уюшма ташкилотлари фаол иштирок этмоқдалар. Хусусан, улар томонидан “3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни”га бағишланган оммавий-маданий, спорт ва хайрия тадбирлари коронавирус пандемиясига қарши курашиш доирасида жорий этилган тартибларга риоя этган ҳолда амалга оширилмоқда. 

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати