Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

52 та бошланғич ташкилот энг намунали деб топилди

03.08.2023. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги бошланғич ташкилотлар ўртасида ўтказилаётган «Энг намунали бошланғич ташкилот» кўрик-танловининг Тошкент шаҳар босқичида 9 та тармоқ касаба уюшмаларидан қатнашган 1292 та бошланғич ташкилотнинг 52 таси ғолиб деб топилди. Аъзолари сони 100 нафаргача ва ундан ортиқ бўлган бошланғич ташкилотлар ўртасида уюштирилган бу танлов жараёнида фаолият самарадорлигига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, бошланғич ташкилотларда жамоа шартномалари тармоқ келишувларига мос ҳолда тузилиши, уларнинг иш берувчилар билан ҳамкорликда бажарилиши, янги  иш ўринлари яратиш, меҳнатга муносиб ҳақ тўланишида касаба уюшмалари иштирокини таъминлаш, устав талаблари ҳамда меъёрий ҳужжатлар асосида тўғри ва самарали фаолият юритиш, ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишлари учун шароитлар яратиш каби қатор йўналишлардаги ишлар эътиборга олинди.

– Аҳил жамоамиз аъзолари 100 нафардан ошади, – дейди танловда биринчи ўринни қўлга киритган Олмазор туманидаги 234-мактабнинг бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси Наргиза Бойназарова. – Уларни ижтимоий ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоялаш, оила аъзоларини ҳам соғломлаштириш доимий вазифаларимиздан ҳисобланади. Шунингдек, тез-тез маданий тадбирлар, спорт мусобақалари уюштирамиз. Мактабимиз волейбол жамоаси туманда ўтказилаётган мусобақаларда биринчиликни қўлдан бермай келяпти. Биз келгусида ҳам ходимлар манфаатлари йўлида хизмат қилишдан тўхтамаймиз. Танловнинг республика босқичида эса ғолиблар сафидан ўрин олишга ҳаракат қиламиз.

Кўрик-танлов ғолиблари диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Равшан Маҳмадалиев

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Тошкент шаҳар кенгаши масъул ходими