Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни

07.12.2016. Мамлакатимизда барча бўғиндаги касаба уюшма ташкилотлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 24 йиллиги кенг нишонланмоқда. Хусусан, 34 мингдан ортиқ корхона, ташкилот, муассасаларда ўтказилган “Маънавият соатлари”да ишчи-ходимларга уларнинг конституциявий ва меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, муносиб меҳнат шароитларида ишлаш, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлиги, барча мулк шаклларининг ҳуқуқий жиҳатдан тенг муҳофаза этилишини тарғиб этишга қаратилган “Конституция – Бош қомусимиз”, “Ўзбекистон Конституцияси – барқарор Конституция” мавзуларида маърузалар ташкил этилди.

Байрам муносабати билан бошланғич касаба уюшма ташкилотларида “Конституция асосимиз ва таянчимиз”, “Конституция ва миллий қадриятларимиз”, “Инсон ҳуқуқлари – қонун ҳимоясида”, “Конституциямиз – бахтимиз қомуси” мавзуларида ўтказилган 12 мингдан ортиқ маънавий-маърифий тадбирларда 997 мингдан ортиқ турли соҳа ходимлари иштирок этдилар. Байрам арафасида меҳнат жамоалари ўртасида ташкил этилган 4 минг 900 га яқин маданий ва спорт тадбирларига 493 мингдан ортиқ ишчи-ходимлар, талаба-ёшлар жалб этилди.

Шу билан бирга, байрам муносабати билан касаба уюшмаларининг бир қатор акциялари ҳам ташкил этилди. Жумладан, “Касаба уюшмалари – ҳарбийларга” акцияси доирасида ҳудудлардаги 21 та ҳарбий қисмда учрашувлар ташкил этилиб, уларга байрам совғалари  топширилди. “Ватанни севмоқ иймондандир” шиори остида ташкил этилган тадбирлар доирасида мустақиллик йилларида хизмат вазифасини бажариш вақтида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар хотирланиб, уларнинг оилалари моддий ва маънавий қўллаб-қувватланди.

“Касаба уюшмалари – фахрийларга” акцияси доирасида эса республика ҳудудларидаги 38 та ижтимоий муассасаларда, хусусан “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйларида маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилди ҳамда уларга қарийб 41 млн. сўмлик ҳомийлик ёрдами кўрсатилди.

Шу билан бирга, 12 минг нафардан ортиқ меҳнат фахрийлари, ёлғиз қариялар, эҳтиёжманд оилалар, меҳр-мурувватга муҳтож кишиларга касаба уюшмалари томонидан ижтимоий кўмак берилди. “Конституция – ислоҳотлар ва бунёдкорлик ишларининг асоси” шиори остида республикамизнинг тарихий шаҳарлари ҳамда мустақиллик йилларида барпо этилган иншоотларга ташкил этилган саёҳатларга 962 нафар ишчи-ходимлар қамраб олинди.