[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

24-модда. Касаба уюшмаларининг, улар бирлашмаларининг, бўлинмаларининг ва бошланғич касаба уюшмалари ташкилотларининг мол-мулки

Касаба уюшмалари, уларнинг бирлашмалари, шунингдек юридик шахс бўлган бўлинмалари ва бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари ўз мулкида биноларга, иншоотларга, турар жойларга ва яшаш учун мўлжалланмаган жойларга, асбоб-ускуналарга, инвентарларга, пул маблағларига, шу жумладан чет эл валютасидаги пул маблағларига, қимматли қоғозларга ва бошқа мол-мулкка эга бўлиши мумкин.

Юридик шахс мақомига эга бўлмаган касаба уюшмасининг бўлинмаси, бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти тегишли касаба уюшмаси ёки унинг бўлинмаси ёхуд уларнинг аризасига кўра иш берувчи томонидан ўзига хизмат кўрсатувчи банкда очиладиган махсус банк ҳисобварағига эга бўлишга, мазкур ҳисобварақда турган пул маблағларини эркин тасарруф этишга ҳақли. Касаба уюшмаси ташкилотининг махсус ҳисобварағидан иш берувчининг мажбуриятлари бўйича ундирувга йўл қўйилмайди.

Касаба уюшмаларининг, улар бирлашмаларининг, бўлинмаларининг ва бошланғич касаба уюшмалари ташкилотларининг иш берувчилар бирлашмаларига (иттифоқларига, уюшмаларига) ва сиёсий партияларга бирор-бир молиявий ёрдам кўрсатиши тақиқланади.

25-модда. Касаба уюшмаларининг, улар бирлашмаларининг, бўлинмаларининг ва бошланғич касаба уюшмалари ташкилотларининг мол-мулкини шакллантириш манбалари

Қуйидагилар касаба уюшмаларининг, улар бирлашмаларининг, бўлинмаларининг ва бошланғич касаба уюшмалари ташкилотларининг мол-мулкини шакллантириш манбалари бўлиши мумкин:

аъзолик бадаллари;

ихтиёрий мулкий бадаллар ва хайриялар;

тадбиркорлик фаолиятидан тушган тушумлар;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа тушумлар.

Касаба уюшмалари, уларнинг бирлашмалари, бўлинмалари ва бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари мол-мулкининг манбалари, уларни шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби уларнинг таъсис ҳужжатларида белгиланади.

Касаба уюшмаларининг, улар бирлашмаларининг, бўлинмаларининг ва бошланғич касаба уюшмалари ташкилотларининг мол-мулкини шакллантириш манбаларидан олинган маблағлардан уларнинг таъсис ҳужжатларида белгиланган мақсадларга эришиш ва вазифаларни ҳал этиш учун фойдаланилади.

26-модда. Касаба уюшмаларининг, улар бирлашмаларининг, бўлинмаларининг ва бошланғич касаба уюшмалари ташкилотларининг тадбиркорлик фаолияти

Касаба уюшмалари, уларнинг бирлашмалари, шунингдек юридик шахс бўлган бўлинмалари ва бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари ўз таъсис ҳужжатларида белгиланган тегишли мақсад ҳамда вазифалари доирасида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши мумкин.

Касаба уюшмалари, уларнинг бирлашмалари, шунингдек юридик шахс бўлган бўлинмалари ва бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари ўз таъсис ҳужжатларида белгиланган мақсад ҳамда вазифаларига мувофиқ белгиланган тартибда ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш, тижорат ташкилотларини ташкил этиш, ноширлик фаолияти билан шуғулланиш, турли жамғармалар шакллантириш ҳуқуқига эга.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enter тугмаларини босинг. © 2015 Ўзбекистон Касаба Уюшмалари Федерациясининг Портали Сайтдан олинган маълумотлардан фойдаланганда Ўзбекистон Касаба Уюшмалари Федерациясининг расмий сайти http://kasaba.uz кўрсатиб ўтилиши шарт. Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Тел.:(+99871) 252-21-18 E-mail: info@sfp.uz