Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Бола қувончи оламни тўлдиради

01.06.2020. Бола – бу ўзгача бир олам, ҳаёт мазмунининг ажралмас қисмидир. Болалар ўз табассумлари орқали инсонлар қалбида ҳаётга, яшашга бўлган қизиқишни уйғотадилар. Кўзларида эзгулик ва меҳр қалқиб турган болажон мусаффо осмонда эркин парвоз этаётган қалдирғоч мисоли. Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни бутун дунё болалари учун энг беғубор ва қувончли байрам ҳисобланади.

Келажак тарих билан бунёд этилади дейилганидек, ушбу кунинг ҳам ўз тарихи бор. Бу кунни айнан 1 июнь санасида нишонлаш таклифи 1925 йил Женевада илгари сурилган, 1950 йилдан эса 1 июнь – Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида бутун дунёда Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни сифатида нишонланиб келинади.

Мазкур сананинг асосий моҳиятларидан яна бири унинг байроғида ҳам ўз ифодасини топган. Унда ер шари барчамизнинг умумий уйимиз ҳисобланса, атрофидаги болалар бахт-саодат учун бирлашганидан далолат беради.

Ёзнинг биринчи куни дунёнинг деярли барча мамлакатларида келажагимиз эгаларининг байрами сифатида нишонланади. Мамлакатимизда ҳам ушбу байрам ҳар йили дилларда қувонч ила нишонланади. Сабаби Ўзбекистон – болажон юрт, халқимиз эса азалдан болажон халқ. Мустақилликнинг дастлабки йилларида Ўзбекистон қўшилган илк халқаро шартномалар қаторида Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясидан сўнг айнан Бола ҳуқуқлари тўғрисида конвенция туриши ҳам бунинг яққол исботидир.

Бутун дунёни ташвишга солаётган каронавирус пандемияси шароитида ҳам мамлакатимиздаги болалар ҳурсандчилиги, табассуми ва қувончини чеклашга йўл қўйилмади. Аксинча, карантин қоидаларига амал қилган ҳолда уларнинг, хусусан, имконияти чекланган болаларнинг уйларига борилиб, давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан турли совғалар, ўқув қуроллари, китоблар ҳадя этилди. Бу каби ҳайрли ишлардан Сурхондарё вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси ҳам четда қолгани йўқ албатта.

Сана муносабати билан вилоятдаги ҳарбий қисмларда хизмат килаётган Куролли Кучлар хизматчиларининг ногиронлиги бор фарзандларига хурсандчилик улашиш мақсадида касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасининг қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.