Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Бугун қарсаклар замони эмас!

24.03.2022. Гарчи биз, ривожланган, ахборот технологиялари тараққий этган глобал даврда яшаяпмиз, дея даъво қилсак-да, дунё ОАВлари, турли халқаро сиёсий саҳналардан тинимсиз инсон қиммати ва меҳру муҳаббат, маданият ва умуминсоний қадриятлар ҳақида оғизлардан бол томиб гапирилаётган бўлса-да, жаҳоннинг бугунги манзараси, аслида, ҳавас қиларлик эмас. Глобал дунёнинг айни кундаги қисмати доно халқимизнинг пурмаъно бир ҳикмати мазмун-моҳиятига жуда маънодош: ўзинг учун ўл етим! Йигирманчи асрнинг иккинчи ярмида (иккинчи жаҳон урушидан кейин) пайдо бўлган романтизм, юракларни ўртовчи гуманизм бугун турли сиёсий-иқтисодий ва табиий офатлар силсиласи остида эзилиб, ўз моҳиятини тобора йўқотиб бормоқда. Бу саҳнада яшаш, ўзликни сақлаб қолиш ва ниҳоят, турли неоколониал (янги мустамлакачилик) тўрларга илиниб қолмай, мустақил ва бақувват давлат барпо қилиш ва уни тараққий эттириш осон иш эмас. Ва шу билан бирга, шундай улуғ ғояни маҳкам ушлаб, жасорат билан олға интилаётган, атрофдаги жамики азоб-уқубатларни елкасига олиб, талатўпни ёриб ўтаётган давлатимиз раҳбари ­­Шавкат ­Мирзиёев ҳам шунчаки оддий бир инсондан кўра кўпроқ тарихий зарурат туфайли саҳнага олиб чиққан буюк бир тақдирга ўхшайди…

ДЎППИНИ БОШДАН ОЛИБ ЎЙЛАЙДИГАН МАСАЛА

Давлат статистика қўмитаси хабарига кўра, Ўзбекистонда 2022 йил 1 январь ҳолатига доимий аҳоли сони 35,2 миллион кишини ташкил этиб, ўтган йилдагига нисбатан 712,4 минг кишига ёки 2,1 фоизга кўпайди…

БМТ Аҳолишунослик жамғармаси маълумотларига қараганда, бугунги кунда ер юзидаги жами аҳоли сони 7,8 миллиард кишидан ошган. Аҳоли сони бўйича мамлакатимиз 43-ўринда қайд этилган…

Ушбу демографик динамика бизга бугунги мураккаб ва таҳликали дунёда қай даражада фаол ҳаракат қилишимиз кераклиги билан бирга, асло ҳушёрликни йўқотмасликни, замонга тез мослашишни, халқона тилда айтганда, йўқни йўндиришни, бирни бирга уриб, ўн қилишимиз мутлақо зарурлигини уқтираётгандек туюлади менга.

Нега десангиз, аҳоли сони ортмоқда. Бунинг эса ўзига яраша масъулияти бор. Албатта, Президентимиз кўп такрорлайдиганларидек, фарзандларнинг кўпайиши, аввало, Яратганнинг инояти. Аммо шуни ҳам ёддан чиқармаслик лозимки, вақт ўтаётгани, замон ўзгараётгани билан ҳудудимиз, табиий шароитимиз кенгайиб қолгани ёки ўзгаргани йўқ. Бунинг устига, бугунги дунё, нари борса, ўн йил олдинги дунё ҳам эмас. Мафкуралар, ғоялар, технологиялар, қарашлар ва ниҳоят, одамлар тафаккури, дунёқараши ҳам тез ўзгариб бормоқда.

Демак, мавзу давлатнинг ва ўз ўрнида жамиятимизнинг жаҳонга интеграциялашуви ҳақида кетар экан, бу, энг аввало, бизнинг бугун жаҳон амал қилаётган иқтисодий-сиёсий, маънавий, маданий-гуманитар стандартларга «яқинлашишимиз»ни ҳам тақозо этишини барчамиз яхши англаймиз.

Хўш, бунинг учун нима қилиш керак эди? Ушбу савол риторик бўлиши билан бирга, ўзига яраша теран мазмун-моҳиятга ҳам эга. Хусусан, мазкур саволни кун тартибига қўйган, олиб чиқаётган омилнинг ўзи ҳам риторик табиатдан мутлақо ҳоли эмас: ташқи қарз бизга керакмиди?!.

Мен иқтисодчи эмасман. Бироқ узоқ йиллар давлат ва жамоат ишларида, ишлаб чиқариш корхоналарида фаолият юритганим боис молия соҳасини ҳам ўзимга яраша ўрганишга мажбур бўлганман. Чунки шароит шуни тақозо қиларди: раҳбармисан, ҳамма нарсага жавоб беришга мажбурсан. Қолаверса, зикр этилаётган, жамиятимизда турли мунозаралар қўзғаётган масала юзасидан мен ушбу мақолани тайёрлашдан олдин бир неча етук иқтисодчилар, сиёсий таҳлилчилар билан суҳбатлашдим. Қувонтирган жиҳат шу бўлдики, фикрларимиз бир жойдан чиқди: биз тўғри йўлдан кетаётирмиз.

Аслида, буни тўғри англаш учун иқтисодчи ёки сиёсатчи бўлиш ҳам кўп шарт эмас. Атрофга зийрак боқсангиз, жараёнларни мантиқан таҳлил қила олсангиз, моҳият тезда очилади.

Мана, масалан, 1 март куни Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда 2021 йилда пахта йиғим-терими мавсумида ўтказилган «Учинчи томон мониторинги» натижаларига бағишланган брифинг ташкил этилди.

Видеоконференцалоқа шаклида кечган мазкур тадбирда 30 дан зиёд халқаро ташкилот, жумладан, Халқаро меҳнат ташкилоти, Жаҳон банки ходимлари ҳамда АҚШ, Германия ва Швейцариянинг Ўзбекистондаги элчилари қатнашди.

Халқаро меҳнат ташкилоти бош директори Гай Райдер анжуманни очар экан, мажбурий меҳнатга қарши курашда Ўзбекистон сезиларли ютуққа эришганини таъкид­лаб, унинг салбий оқибатлари олдини олиш юзасидан амалга оширилаётган ишларга юксак баҳо берди…

10 март куни эса «Cotton Campaign» халқаро коалицияси ўзбек пахтасини глобал бойкот қилиш чақириғи тугаганини эълон қилди. Маълумингизким, бу иқтисодий чек­лов 2009 йилда айни коалиция томонидан қабул қилинган эди.  Ўшандан бери  ­дунёнинг номдор 331 та бренд ва ритейлер компаниялари, жумладан, Adidas, Zara, C&A, Gap Inc., H&M, Levi Strauss & Co., Tesco ва Walmart кабилар ўзбек пахтасига нисбатан бойкотга амал қилиш мажбуриятини олганди. Катта эҳтимол билан шунинг учун ҳам ўзбек пахтаси ва умуман текстиль маҳсулотлари узоқ йиллар дунё бозорига чиқа олмади. Чиққани ҳам учинчи давлатлар брендлари остида чиқди. Асосий даромадни ҳам ўшалар олди… Бир умр даладан бери келмайдиган ўзбек деҳқони эса қуруқ заҳмату уқубатдан бўлак ҳеч нарсага эга бўлмади. Шу маънода, мамлакатимиз эришган ушбу муваффақият тарихий аҳамиятга эга десам, ҳечам муболаға қилмаган бўламан.

Албатта, сизнинг хаёлингиздан ҳозир «ташқи қарз» масаласига бунинг нима дахли бор, деган ўй кечган бўлиши табиий. Бироқ жамиятимиздаги жараёнлар шундайки, улар худди занжирли ҳалқа мисол бир-бирига боғланиб кетган. Хусусан, пешонамизда узоқ вақт қора доғ бўлиб турган «пахта якказироатчилиги», «мажбурий меҳнат», деган «сифатловчи»лардан ҳам айнан шу − иқтисодиётни, саноатни модернизация ва диверсификация қилиш орқали қутулдик десам, хато қилмаган бўламан. Иқтисодчиларнинг таъкидлашича, бундан атиги тўрт-беш йил илгари мамлакатимиз текстиль маҳсулотлари экспортида пахта толасининг улуши 41 фоизни ташкил этган бўлса, ҳозирда мазкур кўрсаткич атиги 4,4 фоизни ташкил этмоқда. Бу нимани англатади? Бундан шуни тушуниш мумкинки, демак, бизда барча соҳада диверсификация жараёнлари кетяпти, юртимиз тараққиётга юз буряпти.

Бир статистикага эътибор беришингизни истардим, яқиндан бошлаб Ўзбекистон бир сиқим ҳам пахта хомашёсини экспорт қилмайдиган бўлди. Чунки энди пахтамиз ташқарига тайёр маҳсулот сифатида сотилади. Қандай қийин ва мураккаб марра бўлмасин, бугун биз шунга эришдик. Бунинг учун чет элдан замонавий машиналар, тўқимачилик дастгоҳлари, замонавий технология­лар келтирилди, зарур инфратузилма яратилди, кадрлар жамоаси шакллантирилди. Қиш­лоқ хўжалигининг замонавий модели − клас­тер тизимига асос солинди. Буларнинг барчасига эса пул керак эди.

Ёки энергетика соҳасидаги ислоҳотларни оладиган бўлсак, бу жабҳада ҳам кейинги йилларда улкан ишлар амалга оширилмоқдаки, нафақат қўшниларимиз, дунё давлатлари ҳам бизга ҳавас қилаётгани бор гап. Биргина «Uzbekistan GTL» заводининг ўзи биз қандай марраларни кўзлаганимизни аниқ ифода этиб бериши мумкин. Қолаверса, юртимизда минглаб шамол ва қуёш электр станциялари қуришга киришилгани, бунинг истиқболли лойиҳа экани, чет эл молия институтлари эътирофига сазовор бўлаётганининг ўзи ҳам жуда катта ютуқ. Ҳолбуки, дунёда ўнлаб йиллар мамлакатида битта йирик завод ёки корхона, оддий тўғон қуришга пул топа олмай сарсон бўлиб юрган давлатларни ҳам кўриб турибмиз.

Яқинда давлатимиз раҳбари бир видеоселектор йиғилишида «…Тўрт мингта эмас, тўртта аёлга уй беришга маблағимиз бўлмасди» дедилар. Бу айни ҳақиқат. Ушбу оғриқли ҳолатни мен ўз ҳаётимда кўрдим. «Аёллар дафтари» дастури ижроси туфайли икки йил давомида мамлакатимизнинг энг чекка ҳудудларигача бордим. Бошпанасиз, ишсиз, боқувчисиз ва умидсизликдан кўзлари киртайиб қолган аёлларнинг дардли ҳикояларини эшитиб, қалбим ларзага келган паллалар ҳам бўлди. Бугун шундай хотин-қизларимизнинг минг-минглаби ишли бўлди, саломатлиги тикланди, уй-жой билан таъминланди. Албатта, бундай одамгарчилик, саховатпешалик, адолатпарварлик негизи ҳам маблағга бориб тақалади…

Энди дўппини бошдан олиб, инсоф билан айтинг, шунча қилинган ишлар, етим-­есирлар, қаровчисиз, касалманд, умуман, имконсиз қолган фуқароларнинг бошини силаш, дардларига дардманд бўлиш, уларга кўмак бериб, оёққа турғазиш адолатданми ёки йўқ?!.

Сизнингча, бизнинг ташқи қарзимиз 14-15 фоиз, деб ­кўкракка уриб, ҳамма томонни ёпиб, беркитиб, қарсакбоз­ликлардан маст бўлиб чўкаётганларга қўшиб, уларнинг атрофидагиларни ҳам сувга ғарқ қилган яхшими ёки имкониятга яраша қарз олиб, пулни айлантириб, иқтисодиётни ҳам, жамиятни ҳам бирдай ҳаракатга келтирган, сўлиб бораётган мамлакатнинг, миллатнинг томирига янги қон йўналтириб, унга куч-қувват ва ғурур бахш этган яхшими?!.

Сўзим исботсиз бўлмаслиги учун биргина Тошкент шаҳрида айнан шу, аҳолини уй-жой билан таъминлаш борасида Президент Шавкат Мирзиёев амалга оширган улкан бунёдкорлик­ларни статистик рақамларда эътиборингизга ҳавола қилмоқчиман.

Яқинда Тошкент шаҳар ҳокимлиги Рақамли ривожланиш департаменти мутахассислари томонидан пойтахтдаги кўп қаватли турар-жой бинолари бўйича ўрганишлар ўтказилди. Унга кўра, шаҳардаги уйларнинг аксарияти, яъни 632 таси 1966 йил – кучли зилзила содир бўлган йилда қурилган. Барчамиз яхши биламизки, ўша йиллари вайрон бўлган Тошкентни қайта бунёд этишга бутун собиқ иттифоқ республикалари жалб қилинган.

Мутахассисларнинг қайд этишича, ўша пайтда қурилган уй-жойлар асосий таркибини икки қаватли ёғочдан тикланган иморатлар ташкил қилган. Тарихчилар ўша йилларни пойтахтда энг кўп қурилиш ишлари амалга оширилган йиллар, деб кўрсатишади.

Ундан кейинги чўққи эса 2019 йилга тўғри келди – шаҳарда 463 та уй пайдо бўлди, улар асосан етти қаватли бўлиб, ғиштдан тикланган…

Ушбу статистика, назаримда, бизга кўп нарсаларни ҳикоя қилиши, тушунтириб бериши мумкин. Бироқ одамзотнинг табиати шундайки, кўпчилик ҳолларда атрофдаги нарсаларни гарчи ҳақиқат бўлса-да, тан олишга монелик қилиб туради. Қайсарларча барчасини инкор этишга ундаб туради…

Аммо ҳаёт ҳақиқати шундай кучки, у сизу бизнинг табиатимизга асло муте эмас. У ўз сўзини барибир айтади…

Юқорида қайд этганимдек, мен профес­сионал иқтисодчи эмасман. Аммо соҳани ўзимга яраша таҳлил этишга ўзимда куч топа оламан, деб ўйлайман. Майли, бугун мавзу иқтисодиётга, яна ҳам аниқроғи «давлат ташқи қарзи»га оид экан, сиз билан ўз фикрларимни ўртоқлашишни лозим топдим.

АГАР ТАШҚИ ҚАРЗ БЎЛМАГАНИДА…

Бугун инсоният ниҳоятда оғир ва мураккаб даврни бошдан кечиряпти. Одамзод иқтисодий, сиёсий, ижтимоий муаммолар ўрамида, илгари кўрмаган, билмаган мислсиз хавф-хатар ва таҳдидлар қуршовида яшаяпти. Мисол учун, бундан икки йил аввал бошланган пандемия ва унинг дунё иқтисодиётига берган кучли зарбаси жаҳондаги ривожланишнинг юқори чўққисидаман, деган давлатларни ҳам эсанкиратиб қўйди. Ишлаб чиқариш занжирида узилишлар юзага келди, экспорт-импорт кўрсаткичлари тушиб кетди. Транспорт логистикасидаги мураккабликлар, хомашё етишмовчилиги, молиявий муаммолар бизнес субъектларини танг аҳволга солди. Туризм, хизмат кўрсатиш соҳалари жиддий зарар кўрди. Иш ва даромад манбаидан айрилган кўплаб одамлар, табиийки, ижтимоий ёрдамга муҳтож бўлиб қолди.

Тасаввур қиляпсизми, ҳукуматлар олдида қандай мураккаб масалалар қалашиб кетди: бир тарафда одамлар соғлиғини сақлаш, иккинчи томонда иқтисодиётни таназзулдан асраш вазифаси кўндаланг турарди. Бирини тўхтатиб, бошқаси билан машғул бўлишнинг имкони йўқ. Ҳар иккиси ҳам муҳим ва баб-баравар эътиборни талаб қилади. Боз устига, тирикчилиги, одатий ҳаёт тарзи изидан чиққан аҳолига тиргак бўлиш… Адоғи кўринмас шундай муаммолар юзага келдики, уларнинг барчасига ечим зарур эди.

Қисқаси, пандемия дунё мамлакатларига, шу жумладан, Ўзбекистон учун ҳам ортиқча юк, қўшимча синов бўлди. Чунки мамлакатимиз раҳбарияти олдида шундоқ ҳам узоқ йиллар тўп­ланиб қолган муаммоларни тезроқ бартараф этиш, аҳолига яхши турмуш шароитини яратиб бериш масаласи турганди. Бунинг учун уй-жойлар қуриш, йўлларни таъмирлаш, транспорт хизматини изига солиш, бизнесни қўллаб-қувватлаш, ишлаб чиқаришни ривожлантириш, «отанг яхши, онанг яхши» деб хорижий инвес­торларни Ўзбекистон бозорига келишга кўндириш, таълим, тиббиётни ислоҳ қилиш, соҳа ходимларини муносиб ойлик маош билан таъминлаш ва шу каби бир-биридан қийин бўлган масалаларни ечиш вазифаси кун тартибига кўтарилганди.

Бундай шароитда ягона ва энг тўғри йўллардан бири, шубҳасиз, халқаро молия муассасалари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, улар кўмагига суяниш, яъни йирик лойиҳаларни амалга ошириш учун ташқи қарздан фойдаланиш ҳисобланади.

Бундай амалиётни ҳеч бир давлат четлаб ўтмаган. Эндигина ривожланиш остонасидаги, ривожланаётган ёки тараққиёт чўққисидаги давлатлар ҳам кимдандир қарз олади, халқаро молия ташкилотлари маблағларидан фойдаланади. Гўёки, бу узлуксиз, тизимли жараёндек. Зарурат туғилдими, уларга мурожаат қилинади. Ўз навбатида, олинган қарз ҳам мақсадли ишлатилиши лозим.

Аслида, аксарият ҳолларда хавотирга соладиган, ўйлантирадиган жиҳати ҳам шунда: қарзни вақтида қайтара оламизми? Хусусан, сўнгги пайт­ларда ижтимоий тармоқларда айнан ташқи қарз мавзуси қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда, бу борада турли фикрлар, муносабатлар янграяпти. «Бизга ташқи қарз нимага керак ўзи?», «Эртага қарзни ниманинг ҳисобидан қайтарамиз?», мазмунидаги саволлар ўртага ташланмоқда.

Албатта, бу масала мамлакат тақдирига бефарқ бўлмаган ҳар бир фуқарони қизиқтиради, мулоҳазага ундайди. Аммо мана шундай фикрларнинг юзага келиши, аввало, ташқи қарз борасидаги маълумотлар сир сақланмай, очиқ-ойдин эълон қилиб борилаётгани билан боғлиқлигини ҳам унутмаслигимиз керак. Яъни ҳукумат одамлардан ҳеч нарсани яшираётгани йўқ: четдан қанча пул олинди, унинг муддати, фоизлари қанақа, қайси лойиҳаларга йўналтириляпти – ҳаммаси аниқ-тиниқ айтилиб, мунтазам маълумот бериб борилмоқда. Натижада аҳоли ўз муносабатини билдиряпти. Масала моҳиятини тушунган ҳам, тушунмаган ҳам қарашларини ифода этишга ­уриняпти.

Дунё давлатларида аҳвол қандай, дерсиз? Таъкидлаш жоизки, аксарият ривожланган давлатлар ҳам қарз олади. Бир-биридан кўпроқ қарз бўлганлар ҳам бор. Масалан, АҚШнинг энг йирик ташқи қарзи – Япониядан, Япониянинг энг йирик ташқи қарзи – АҚШдан. Бу шуни англатадики, дунёнинг ривожланган мамлакатлари ўртасида ишонч кучли ва улар бир-бирларига қарз бериб, бир-бирларининг иқтисодиётига сармоя киритиб, ишлаб кетаверган.

2021 йилнинг бошида давлат қарзининг ЯИМга нисбати АҚШда 133,9 фоиз, Японияда 254,1 фоиз, Хитойда 66,3 фоиз, Германияда 69,1 фоиз, Францияда 115,1 фоиз, Украинада 60,8 фоиз, Туркияда 39,8 фоизни ва ҳ.к.ни ташкил этган. Ўзбекистонда бу кўрсаткич 39,0 фоизни ташкил қилган.

Халқаро валюта жамғармаси томонидан 2021 йил 26 апрелида эълон қилинган қарзлар барқарорлиги тўғрисидаги сўнгги ҳисоботда мамлакатнинг қарзга хизмат кўрсатиш салоҳияти юқори ва ташқи қарзи мўътадил экани қайд этилган. Бундан ташқари, мамлакатнинг умумий тўлов қобилияти кўрсаткичи (CИ) 3,16 бирликкача ошган. Бу халқ­аро кредиторлар ўз ишончларини мамлакатда давом этаётган иқтисодий ўзгаришлар натижаларига таяниб, Ўзбекистоннинг тўлов қобилиятига ишонишини тасдиқлайди.

Қирғизистон ва Тожикистонда давлат қарзи миқдори минтақадаги бошқа мамлакатларга қараганда анча кам. Аммо уларнинг иқтисодиёти ҳажмини ҳисобга олганда, бу қарз миқдори ушбу давлатлар иқтисодиёти учун сезиларли ҳисобланади. Қозоғистон энг катта миқдордаги давлат қарзига эга, бироқ айни пайтда унинг ЯИМга нисбати минтақада энг кичик қийматни ташкил қилади.

Лекин қарз олиш ҳам хамирдан қил суғургандек осон кечадиган жараён эмас. Қачонки, халқ­аро молия ташкилотларида давлатга нисбатан ишонч бўлсагина маблағ ажратиши мумкин. Акс ҳолда, «кечириб қўясиз, биз ёрдамлашолмаймиз» дейди-қўяди. Эътиборлиси, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги ғоялари, саъй-ҳаракатлари, давлат раҳбари сифатидаги фаолиятининг илк кунлариданоқ дунёга очиқлик сиёсатини намоён этгани халқаро молия муассасаларининг мамлакатимизга нисбатан ишончи ошишига асос бўлди. Натижада юртимиздаги лойиҳалар фаол қўллаб-қувватлана бошлади.

ЭНГ АНИҚ ВА ТУШУНАРЛИ ЖАВОБ

Мавзуни чуқурроқ таҳлил қилишдан олдин давлат раҳбарининг яқинда шу масала хусусида тўхталиб, таъкидлаган бир фикрини келтириб ўтмоқчиман.

Гап шундаки, Шавкат Мирзиёев пойтахтимизнинг Янгиҳаёт туманида фаоллар билан учрашувда «Авваламбор, бизнинг ҳамма қарзимиз қонун нуқтаи назаридан… Агар бу бўлмаганида, ойлик ҳам, метро ҳам бўлмас эди. Шунча тиббиёт ходимлари ёки муаллимларнинг ойликлари ошмас эди. Ўтираверар эдик олдингига ўхшаб, қарсак чалиб, баландпарвоз гап гапириб. Менга у ўтириш ёқмайди», дея таъкидлади.

Назаримда, «Ташқи қарз бизга нега керак?», мазмунидаги саволларга бундан аниқроқ, тиниқроқ жавоб бўлмаса керак. Ҳаммаси кундек равшан. Тушунган тушунади, англаган англаб олади.

Келинг, энди мавзу доирасида, имконимиз даражасида кенгроқ мушоҳада юритиб кўрсак.

Қарз сўзига ўзбек тилининг изоҳли луғатида шундай таъриф берилган: қарз – маълум муддат ўтгандан кейин қайтариш шарти билан берилган ёки олинган нарса… Ниҳоятда лўнда ва аниқ тасниф. Одатда, ҳаммамиз уни шундай тушунамиз ва қабул қиламиз. Бироқ келтирилган ушбу мухтасар изоҳ ўз табиатига кўра, хийла ёпиқ. Дейлик, у бизга масаланинг суратинигина ифодалайди, холос – олинган нарса қайтарилади. Яна устамаси билан. Бугун жамиятда ташқи қарз масаласида, юқорида айтганимиздек, турли саволларнинг пайдо бўлиши, менимча, масала траекториясининг шу томон оғиб кетиши билан боғлиқ бўлиши мумкин. Яъни жамиятимизда иқтисодий ва сиёсий билимларнинг, маданиятнинг тўла шаклланмагани билан бевосита боғлиқ, деб хулоса қилишга етарлича асос топилади.

Хўш, бундай хавотирларга ҳақиқатан ҳам асос борми, қарз олиниши шу даражада салбий ҳодисами, ташқи қарз деганда нимани тушунишимиз керак, унинг фуқароларга қандай юкламалари бор?

Иқтисодчилар фикрича, ташқи қарз икки турга бўлинади: давлат қарзи ва давлатда ­фаолият юритаётган хусусий компания (корпоратив) қарзи. Кўпинча юртдошларимиз орасида бу иккисининг фарқини англаб етмасдан умумий қарз ҳақида гап кетади. Агарда республиканинг бир хусусий компанияси четдан қарз олган бўлса, қарз масъулияти ўша компаниянинг зиммасида бўлади. Давлат ўзи тўғридан-тўғри олган ва давлат кафолати остида жалб қилган қарзлар эса давлатнинг ташқи қарзлари саналади. Бу икки муносабат ўзаро қўшилиб, умумий ташқи қарз тушунчасини ҳосил қилади.

ДАРАЖА ҚАЕРДАН ОЛИНАДИ?

Ташқи қарзнинг барқарор даражаси, албатта, мамлакатнинг ички ва ташқи имкониятларидан келиб чиқиб белгиланади. Ўзбекистонда 2021 йилнинг 3-чорагида бу рақам 37,6 миллиард долларга етди. Бу – умумий ташқи қарзимиз. Шундан, 22,7 миллиард доллари давлатга, қолгани хусусий капиталга тегишли.

Четдан қарз олиш қанчалик аҳамиятли эканини ҳаётий бир мисол билан тушунтирсак. Айтайлик, кўп қаватли уйда хонадоннинг нархи 300 миллион сўм, уни сотиб олишга талабгор фуқаронинг ойлик маоши эса 6 миллион сўм. Фуқаро маошининг тенг ярмини ўзининг кундалик харажатларига сарфлайди, десак, хонадонни ўз маблағига сотиб олиши учун ҳар ойда 3 миллион сўмдан ҳисоблаганда, 8 йилу 4 ой жамғариши керак бўлади. Лекин яшаш шароити хонадонни тезда сотиб олишни талаб қилмоқда. Масаланинг ечими эса – қарз, яъни ипотека кредити олиш учун банкка мурожаат қилиш. Бунда фуқаро кредитининг фоизи пастроқ ва узоқроқ муддатга берадиган банкни танлашга ҳаракат қилади. Чунки қарзни қайтариш ва унинг фоизларини тўлашни ўз даромади ҳисобидан амалга ошириш имкониятлари кенгая­ди. Банк ҳам, ўз навбатида, кредитни даромад ­манбаига, яъни тўлаш имконияти бор шахсга беришдан манфаатдор бўлади.

Худди шундай мамлакатни ривожлантиришга қаратилган давлат инвестиция дастурларини қисқа муддатларда амалга ошириш учун ҳам четдан қарз маблағларини жалб қилишга зарурат пайдо бўлади. Ташқи қарз ҳажмининг ошиши маълум хавфларни келтириб чиқарса-да, бу иқтисодиётнинг стратегик тармоқларини ривож­лантириш, саноат секторини модернизация қилиш, ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни амалга ошириш орқали аҳоли турмуш даражасини яхшилаш учун зарур. Ташқи қарз олиш иқтисодиётнинг барча тармоқларини ислоҳ қилишга қўшимча сармоялар оқимини таъминлаш орқали мамлакат учун ижобий таъсир кўрсатади.

ЎЗАРО ИШОНЧ БЕЛГИСИ

Қайд этганимиздек, қарз олиш осон иш эмас. Одам минг ўйлаб, минг ҳисоб-китоб қилиб, мажбур ҳолатдан кейин бу ишга жазм қилади. Бироқ, ўрни келганда шуни айтиш керакки, иқтисодчилар қарз замонавий иқтисодиётнинг муҳим бир бўлагига айланди, дея уни бугунги кун «иқтисодий қадрият»лари қаторига қўшишга қанчалик ҳаракат қилишмасин, аслида, унинг тарихи жуда узоқ. Эҳтимолки, минг йилларга бориб тақалади.

Бунинг исботини ҳар бир халқнинг миллий эпослари, мақол ва маталлари негизида ҳам кўришимиз мумкин. Масалан, доно халқимизда «Қарз кўтару хотин ол, хотин ёнга қолади» ёки «Сўраганнинг бир, қарз бермаганнинг икки юзи қора» деган нақллари пайдо бўлганига неча замонлар бўлганини ҳеч ким аниқ айтиб беролмаса керак. Эътиборлиси, халқ оғзаки ижоди намуналари саналган ушбу нодир тўқималарда ҳам ота-боболаримиз қарзга нисбатан салбий маъно юкламаган, балки унинг «мўъжизакор» кучига ишора қилган. Бундан, албатта, қарз олавериш керак, аждодларимиз ҳам бу йўлни оқлаган, деган маъно келиб чиқмайди. Юқорида айтганимиздек, барча замонларда қарз – томонларнинг (олувчи ва берувчи) ўзаро ишончли муносабатлари белгиси бўлиб келган. Уни бераётган ҳам, олаётган ҳам, аввало, бу ишнинг натижаларини обдон ўйлайди. Шу маънода, асосий мавзумизга қайтадиган бўлсак, қарз олиш пайтида Молия вазирлиги ҳам узоқ ҳисоб-китоб қилиб, масалани тарозининг икки палласига солиб кўради. Биз ҳозир глобаллашган, ҳаёти кун эмас, соат, дақиқа сайин ўзгариб кетаётган мураккаб ва таҳликали замонда яшаяпмиз. Жаҳонда коронавирус пандемияси юз бериб, ­кўплаб давлатлар иқтисодиётини тиз чўктириб қўйган бир оғир даврларни бошимиздан ўтказяпмиз.

Бу вабо жаҳон ва жумладан, миллий иқтисодиётимизга ҳам жуда катта салбий таъсир қилди. Унинг яна қанча давом этишини эса ҳеч ким башорат қила олмаяпти. Чунки ҳолат ҳар куни ўзгариб турибди. Мана шундай нозик пайтда биз янада қийин аҳволга тушиб қолмаслигимиз учун 40 миллиардлик захирамизни ушлаб туришимиз керак бўлади. Кези келганда шуни айтиш керакки, бугун биз ташқи қарзимизнинг ортаётганидан эмас, балки шу захирани асраш, уни кўпайтириш ҳақида кўпроқ қайғуришимиз тўғрироқ бўлади, назаримда. Зотан, айни жамғарма учун келажак авлод олдида масъулмиз. Қолаверса, бугун киритилаётган инвестициялар, олиб борилаётган улкан ўзгаришлар истиқболи кўп жиҳатдан ушбу миллий захираларимиз салоҳиятига бевосита боғлиқ. Агар бугун барча захираларимизни ишлатиб қўядиган бўлсак, бундан ҳам оғир ­шароитда, баланд фоизларда яна қарз олишга мажбур бўлишимиз мумкин. Ҳозир биз 1,5 ёки 2 атрофидаги фоизларда четдан қарз оляпмиз. Шу ўринда яна бир гап: агар, бугун Ўзбекистон бошқа давлат ёки молия институтларидан қарз олаётган бўлса ва улар ҳам пайсалга солмасдан қарз бераётган бўлса, демак, улар иқтисодий аҳволимиздан хабардор ва бизнинг салоҳиятимизга ишонади.

Молия вазирлигининг расмий маълумотига кўра, 2022 йил 1 январь ҳолатига Ўзбекистон Рес­публикаси номидан ва унинг кафолати остида жалб қилинган давлат қарзи қолдиғи 26,3 миллиард доллар эквивалентини ёки ялпи ички маҳсулот (ЯИМ)га нисбатан 38,0 фоизни (2020 йил 39,0 фоиз), (2019 йилда 29,7 фоиз) ташкил этган. Ўсиш 2017 йилдагига қараганда икки баробар. Хусусан, 2020 йил якуни бўйича давлат ташқи қарзи 5,4 миллиард долларга ёки 2019 йилга нисбатан 34,4 фоизга ошиб, 2021 йил 1 январь ҳолатига 21,1 миллиард долларга, ЯИМга нисбатан 35,2 фоизга етди.

Шундан Ўзбекистон Республикаси номидан жалб қилинган ташқи қарз 15,1 миллиард доллар ва давлат кафолатлаган ташқи қарз 6 миллиард долларни ташкил этади.

Давлат қарзининг сўнгги йиллардаги ўсиши динамикасига қарамай, халқаро меъёрларга кўра, Ўзбекистон Республикаси давлат қарзи мўътадил даражада сақланиб қолмоқда. «2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Рес­публикаси номидан ва давлат кафолати остида жалб қилинган давлат қарзининг суммаси ялпи ички маҳсулотнинг йиллик прогноз кўрсаткичига нисбатан 60 фоиздан ошмаслиги белгиланган.

Лекин Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекис­тон давлат ташқи қарзини ЯИМга нисбатан 55 фоизгача жалб этишни – мўътадил ёки барқарор деб баҳолашини ҳам эътиборга олиш лозим. Бундан ташқари, «Fitch Ratings» халқаро рейтинг агентлиги томонидан мамлакатимизнинг узоқ муддатли кредит рейтинги «BB-» (барқарор) даражада баҳолангани Ўзбекистоннинг қўшимча ташқи маб­лағларни жалб этишга имконияти мавжудлигини англатади.

Мамлакатлар ўртасида қарз муносабати юз бераётганда қарз олаётган давлат, албатта, ўзининг хорижий банкларда қўйилган олтин-валюта захирасига эга бўлади. Ташқи қарз олувчининг иқтисодий ўсиш даражаси ҳам ҳисобга олинади. Чунки давлат қарзни қайтара олиш имкониятига эга бўлиши керак. Мамлакатимиз 2021 йилнинг биринчи ярим йиллиги ва йил якунида ҳам иқтисодиёти ўсиши пастга тушмаган дунёдаги кам сонли давлатлар қаторида турибди. Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистон иқтисодиёти 2022 йилда ҳам ижобий натижа билан якунланишини башорат қиляпти.

КОНСЕРВАТИВ ЁНДАШУВ ВА ХАТАРЛАРНИ БОШҚАРИШ ТАМОЙИЛЛАРИГА АМАЛ ҚИЛИНАДИ

Масаланинг шу нуқтасига келганда бир жиҳатга алоҳида эътибор бериш керак. Бу – ташқи қарзда балансни тўғри ушлаш, бирор давлат ёки муассасага «оғиб» кетмаслик, муайян иқтисодий босимлар таъсирига тушиб қолмасликни назарда тутади. Зотан, бугунги замонавий дунёда ҳам хавф-хатар батамом йўқ, деб ҳеч ким кафолат бера олмайди. Дунё геосиёсатидаги бундай маҳорабалар бугун глобал молия тизимларида ҳам кўзга кўриниб қолмоқда. Турли иқтисодий экспансиялар, «чек дипломатияси» каби янги форматдаги сиёсий-иқтисодий инструментлар фонида зуҳур бўлаётган, охири бахайр бўлиши саволли ҳолатлар ҳақида агар истасангиз иқтисодчи ва сиёсатчилар ўнлаб мисолларни келтиришлари мумкин. Бироқ гап ҳозир бошқа бир давлатларнинг қисматини таҳлил қилишда эмас, ўзимиз ҳақимиздадир. Шу маънода гапирганда, Ўзбекис­тоннинг бу борадаги сиёсати кўп векторликка қурилган. Бу, албатта, пухта ўйланган сиёсат натижаси. Нимагаки, халқнинг мулки бўлган муқаддас заминни ёки ер ости бойликларини гаровга ­қўйиб эмас, мавжуд ресурслар ва истиқболли режалар ҳисобига ўзаро ишончга қурилган битимларга эришишнинг орасидаги фарқ жуда катта.

Бугун жаҳонда Хитой Халқ Республикаси энг катта кредитор – «дунё банкири» ролини ижро этишга ўзини жиддий чоғлаётган мамлакат сифатида кўзга янада яққолроқ ташланиб бормоқда. Жумладан, Ўзбекистон ҳам «Осмон ости» мамлакатининг иккита банкидан қарз олган. Масалан, 2021 йил якунига кўра, Ўзбекистон давлат ташқи қарзининг 18 фоизи айнан Хитой ҳиссасига тўғри келади. Мазкур даврда, халқаро давлат молия ташкилотлари ичида ХХР Эксимбанки (2 миллиард доллар) ва Хитой тараққиёт банки (1,6 миллиард доллар) республика давлат ташқи қарзида салмоқли улушга эга.

Ўзбекистонга қарз бераётган энг катта халқаро банк эса  Осиё тараққиёт банкидир. Олинган давлат ташқи қарзи қолдиғи 2021 йил якунига кўра 5,2 миллиард долларга етган. Бугунги кунда мамлакатимиз кўпроқ молиявий институтлардан қарз олиб келмоқда. Кўпчилик иддао қилаётганидек, Ўзбекистоннинг ташқи қарзи миқдори ҳар йили ўсиб бораётгани айни ҳақиқат. Лекин ушбу динамикани «парлантириб» юборадиган бир жиҳат ҳам бор. Яъни, 2021 йилда биздаги давлат ташқи қарзи ЯИМга нисбатан 34,0 фоизни ташкил этади, бу эса молиявий ўлчовларда унчалик катта рақам эмас. Ҳолбуки, баъзи давлатларнинг ташқи қарзи ЯИМдан бир неча баробар юқорироқ. Бизники эса, ҳали айтганимиздек, ЯИМнинг ярмига ҳам етмайди. Агар буни янада ҳижжалаб тушунтирадиган бўлсак, давлат ташқи қарзимиз жон бошига ҳисоблаганда ҳам 668 доллардан тўғри келади. Ваҳоланки, дунёнинг биринчи қудратлилигига асосий даъвогар АҚШнинг ташқи қарзи 23 триллион долларга тенг. Бу, шу давлатнинг четдан олган сармояси ҳар бир америкаликка 21 190,0 доллардан тўғри келади, деганидир.

Тўғри, ташқи қарзнинг басма-бас кўтарилиши кўпчиликни хавотирга солаётган бўлиши мумкин. Аммо шуни унутмаслик керакки, бу мутлақо табиий жараён. Мен шундай ўйлайманки, пандемия бўлмаган тақдирда ҳам, биз 2016 йилдан бошланган янги иқтисодий сиёсатни давом эттириш учун ташқи қарз жалб қилган бўлар эдик. Нимага десангиз, уй-жой қурилиш соҳасида ҳам, нефть-газ соҳасида ҳам, энергетикада ҳам миллиард-миллиард долларлик лойиҳалар амалга ошириляпти.

Биргина нефть-газ ва энергетика соҳасини олсак, тизимдаги иншоотларнинг кўпчилиги 60-70 йилларда қурилган. Ва бугун уларда фойдали иш коэффициенти жуда паст. Модернизация қилиш ва янгиларини қуриш учун эса жуда катта миқдорда маблағ зарур. Хўш, нима қилиш керак? Шунинг учун ҳам бу эҳтиёжнинг каттагина қисми ташқи қарз эвазига қопланяпти. 2021 йилнинг 1 июль ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг Осиё тараққиёт банкидан 5 миллиард, Хитойдан 4,2 миллиард, Жаҳон банкидан 3,8 миллиард, Япониядан 2,8 миллиард, халқаро инвесторлардан 1,7 миллиард, Жанубий Кореядан 1 миллиард, Ислом тараққиёт банкидан 900 миллион, Франциядан 600 миллион доллар ва бошқа халқаро молиявий ташкилотлардан 1,8 миллиард доллар ташқи қарзи мавжуд.

Ички имкониятлар чекланган ҳолатда, давлат ташқи қарзи асосан инфратузилма, саноат ва қиш­лоқ хўжалиги лойиҳаларига йўналтирилмоқда.

Хусусан, 2021 йилнинг дастлабки 3 ойида жами давлат ташқи қарзининг 20,8 фоизи ёки 4,4 миллиард доллари Давлат бюджетини қўллаб-қувватлашга сарфланган. Шунингдек, 3 миллиард доллар (14,5 фоиз) электр энергетика соҳасига, 2,6 миллиард доллар (12,6 фоиз) энергетика соҳасига, 2,4 миллиард доллар (11,3 фоиз) транспорт ва транспорт инфратузилмасига, 2 миллиард доллар (9,4 фоиз) уй-жой коммунал хўжалиги соҳаларига йўналтирилган. Давлат ташқи қарзининг катта қисми узоқ муддатга, имтиёзли фоиз ставкаларида тақдим этилган.

Ўзбекистон халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларидан қарз маблағларини жалб қилишда консерватив ёндашувга ҳамда хатарларни бошқариш тамойилларига амал қилади. 2021 йилнинг 1-чорагида, мамлакатимизнинг халқаро молиявий институтлардан жалб қилган ташқи қарз портфели ҳажми 10,1 миллиард долларга тенг. Хусусан, 2021 йилнинг январь-март ойларида Корея Эксимбанки билан 40 йил муддатга (10 йиллик имтиёзли даври билан), 0,15 фоизли 164 миллион долларга тенг 2 та қарз битими, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги билан 15 йил муддатга (4 йил имтиёзли давр), 0,01 фоизли 135,5 миллион долларга тенг битта қарз битими имзоланди. Давлат ташқи қарзининг асосий қисми Осиё тараққиёт банки (5 миллиард доллар), Жаҳон банки (3,8 миллиард доллар) ва Ислом тараққиёт банки (0,9 миллиард доллар) ҳиссасига тўғри келади.

Қайд этилишича, мазкур қарз манбалари диверсификацияси таъминланган бўлиб, унинг 43,8 фоизи хорижий ҳукумат молия ташкилотлари ҳиссасига тўғри келади. Ўзбекистоннинг асосий кредиторлари Хитой Эксимбанки, Хитой давлат тараққиёт банки, Япония халқ­аро ҳамкорлик агентлиги ва бошқа мамлакатларнинг хорижий ҳукумат молия ташкилотлари бўлиб, қарз маблағлари турли инвестицион дас­турларнинг давлат кафолатлари остида молиялаштирилиши учун жалб этилган. Кредиторлар олдидаги қарздорлик бўйича харажатлар давлат корхоналари томонидан инвестицион лойиҳаларни молиялаштириш натижасида тушган маблағлар ҳисобидан сўндирилади.

Ҳисоб палатасининг 2022 йил учун Давлат бюджети юзасидан эълон қилган хулосасига қараганда, бюджет тизимининг узоқ муддатли барқарорлигини таъминлаш ҳамда давлат ташқи қарзи ҳажмининг ўсиш суръатларини секинлаштириш мақсадида Ўзбекистон номидан ва унинг кафолати остида жалб қилинган давлат қарзи қолдиғининг миқдори жорий йил ялпи ички маҳсулотга нисбатан 60 фоиздан ошмаслиги, 2022 йил давомида Ўзбекистон номидан ва унинг кафолати остида ички ва ташқи қарзларни жалб қилиш бўйича йиллик имзоланадиган янги битимларнинг чекланган соф ҳажми 4,5 миллиард доллар, шундан Давлат бюджетини қўллаб-қувватлаш ва лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган чора-тадбирларни молиялаштириш учун 2,5 миллиард доллар, инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришга 2,0 миллиард доллар миқдорида жалб қилиниши лимити ўрнатилди.

2022 йил учун Ўзбекистон Республикаси номидан чиқариладиган давлат қимматли қоғозларининг чекланган соф ҳажми 6 триллион сўм миқдорида бўлиши, Ўзбекистон Республикасининг консолидациялашган бюджети тақчиллигининг юқори чегараси ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3,0 фоиз ҳажмида белгиланди. Мамлакатимизнинг ташқи қарзи мавзусида очиқ мулоқот шаклидаги матбуот анжуманида Молия вазирлиги 2021 йил учун ташқи қарз олиш лимити 5 миллиард доллар қилиб белгиланганини алоҳида айтиб ўтганди. 2021 йилнинг 3-чорагида мамлакатнинг чет эл валютасидаги активлари 68,3 миллиард доллар, ташқи мажбуриятларининг ҳажми эса 51,4 миллиард доллар миқдоридалиги қайд этилган. Шу муносабат билан Ўзбекистоннинг соф инвестицион позицияси йил бошидагига нисбатан 17 фоизга ёки 3,4 миллиард долларга қисқарган.

Агар бирор давлат ўзининг ташқи қарз бўйича жорий ва келгусидаги мажбуриятларини ҳеч қандай истисноларсиз ва молиявий ёрдамларсиз бажара олса, бу ўша давлат учун ташқи қарзнинг барқарор даражаси ҳисобланади. Бизда Молия вазирлиги бу борада масъул давлат бошқаруви органи бўлиб, ХВЖ билан биргаликда давлат қарзининг хавфсиз даражасини ҳисоблаб чиққан.

Ушбу йўналишда эътибор қилишимиз керак бўлган яна бир жиҳат – биз ташқи қарзни, аввало, инвестиция сифатида қабул қилмоғимиз керак. Мисол учун, ҳозирги кун талабидан келиб чиқиб, маркетинг стартап лойиҳа яратишга қарз олиб, мазкур платформани яратамиз. Кейинчалик ушбу лойиҳамиз сарф қилинган маблағдан даромад топа бошлайди. Айни пайтда мамлакатимиз инфратузилмасини яхшилаш, юртдошларимизга яшаш учун турар жой, ичимлик суви ёхуд энергетика соҳасини модернизация қилишга сарф этилаётган маблағлар маълум вақтдан кейин ишлаб чиқариш ўсишига ва экспорт ошишига хизмат қила бошлайди.

ВАҲИМАГА ЎРИН БОР…МИ?

Бугунги дунё иқтисод фани ва статистикасига таяниб шундай қарорга келиш мумкинки, қарз кўплиги бир давлатнинг аҳволи чатоқлигини ­англатмайди. Аксинча, иқтисодий жиҳатдан муваффақиятли мамлакатлар нисбатан паст ставкада керак пайтда қарз олиш имкониятига эга бўладилар (чунки улар пулни қайтара олмай қолиши хавфи жуда кам, иқтисодиётда эса бу – муҳим). Хўш, паст фоизда тайёр пулдан нега фойдаланмаслик керак?

Яққол мисол – Америка Қўшма Штатлари. ­Дунёнинг энг йирик иқтисодиётига эга бу – давлат нафақат энг паст ставкаларда қарз олади, балки жаҳоннинг асосий валютаси – долларни ҳам назорат қилади. Ушбу қарз ортида эса кучли иқтисодиёт турибди – Америка компаниялари капитализация бўйича жаҳонда етакчи бўлиб, ўз бозорларида уларга тенглашадигани кам.

Замонавий иқтисодиётда давлатлар ва компаниялар йирик лойиҳалар учун камдан-кам ҳолларда ўз капиталини сарфлайдилар. Қолаверса, қарз капиталининг муайян даражаси ҳатто фойдалироқ ҳамдир.

Чунки акциядорга дивиденд тўлашдан кўра, узоқ муддатли қарз фоизларини тўлаш арзонроқ тушади.

Ҳатто ўз шахсий ҳаётимизда ҳам, юқорида мисол сифатида келтирганимиздек, ипотека кредити бошпана масаласини ҳал этишнинг энг мақбул йўлидир. Ҳар ҳолда, у 20 йил ўзингиз пул йиғиб, уй олганингиздан ўнғайроқ ва тезроқ битади. Худди шу иқтисодий қонуниятлар макро даражада ҳам ишлайди. Шу сабабли Буюк Британия, Франция, Канада сингари мамлакатларнинг юқори фоиз нисбатига ҳайрон қолмаслик керак. Европа Иттифоқи давлатларининг аксариятида «қарз/ЯИМ» нисбати дунёдаги ўртача даражадан анча баланд­лигини кўришимиз мумкин.

Қачонки, ташқи қарз давлатнинг иқтисодий қудратига нисбатан ҳаддан ташқари кўпайиб кетгандагина унинг хатари кучаяди. Яқин ўтмишдан битта мисол. 2010 йилларда Греция шундай хатарли ҳолатга тушиб қолди. У узоқ йиллар ўз иқтисодий статистикасини қалбакилаштириш орқали кредиторлар ишончига кириб, паст ставкаларда қарз олиб келган. 2008 йилда бошланган жаҳон иқтисодий инқирози аслида Греция рақобатбардош иқтисодиётга эга эмаслигини кўрсатиб қўйди, бир лаҳзада мамлакатдан улкан капитал «қочиб кетди» ва бунинг оқибатлари ҳанузгача чўзилиб келмоқда.

Қандай қилиб Грециядек эмас, АҚШдек қарз олиш мумкин? Дунё тан олган ва амалда ўз исботини топган иқтисодий назарияларга кўра, ташқи қарз, агар ундан оқилона фойдаланилса, иқтисодиётга улкан фойда келтиради. Қарз маблағлари мамлакат иқтисодиётига инвестиция қилиниши ва шу аснода рақобатда устунлик яратиши лозим. Булар йирик инфратузилмавий лойиҳалар, янги технологияларга, инсон капитали сингари соҳаларга киритилган инвестиция бўлиши мумкин. Энг муҳими, якунда дунё бозорида рақобатбардош бўлган, маҳаллий корхоналар ва иқтисодиётга даромад келтирадиган маҳсулот пайдо бўлиши керак.

Ташқи қарз борасида дунё тан олган қоидалардан бири шуки, мамлакат ташқи капитални узоқ истиқболда фойда келтирадиган соҳаларга йўналтириши керак. Масалан, шунчаки йўл қуриш эмас, балки у давлатга, иқтисодиётга фойда келтирса, муҳим товарларни ташишни осонлаштирса (арзонлаштирса) ёки бир йирик транспорт хабига айланиш имкониятига эга бўлса, ўша йўлни қуриш лозим. Ташқи маблағ технологик устунликка олиб боради. Фақат ўз пулига ишонган консерватив давлатлардан кўра янги бозорларни тезроқ эгаллаб олиш, яратилган технологияларни жадал ўзлаштириш имконини беради. Бунда, иқтисодчилар тили билан айтганда, маблағлар мамлакатдаги асосий фондларга ва инсон капиталига «сингиб» кетади. Ташқи қарз олиш керакми, йўқми, қанча олиш керак, деган саволга ҳар бир мамлакатнинг имкониятлари, иқтисодий модели, аҳолиси ва сиёсатидан келиб чиққан ҳолда жавоб берилади.

ДУНЁ ЎЗГАРМОҚДА, БИЗ ҚАРАБ ТУРОЛМАЙМИЗ

Турли нотинчликлар, сиёсий ва ҳарбий қарама-қаршиликлар, табиий ҳамда иқтисодий бўҳронлар, умуминсоний келажакка раҳна солувчи пандемия, маданий, диний ва ирқий зиддиятларга тўлиб-тошган учинчи минг йилликнинг айни кунларида ҳар бир давлат олдидаги асосий мақсад – фуқаролари тинчлигини таъминлаш, уларга муносиб турмуш шароитини яратиб бериш ҳамда жаҳон ҳамжамиятида ўзининг муносиб ўрнини топишга интилиш бўлса, ажаб эмас.

Зеро, бугунги қалқиб турган, ўта таҳликали дунёда бундан бошқа аъмолнинг бўлиши ҳатто тасаввурларга ҳам сиғмайди. Гарчи биз ривож­ланган, ахборот технологиялари тараққий этган глобал даврда яшаяпмиз, дея даъво қилсак-да, дунё ОАВлари, турли халқаро сиёсий саҳналардан тинимсиз инсон қиммати ва меҳру муҳаббат, маданият ва умуминсоний қадриятлар ҳақида оғизлардан бол томиб гапирилаётган бўлса-да, жаҳоннинг бугунги манзараси, аслида, ҳавас қиларлик эмас. Глобал дунёнинг айни кундаги қисмати доно халқимизнинг пурмаъно бир ҳикмати мазмун-моҳиятига жуда маънодош: ўзинг учун ўл етим! Йигирманчи асрнинг иккинчи ярмида (иккинчи жаҳон урушидан кейин) пайдо бўлган романтизм, юракларни ўртовчи гуманизм бугун турли сиёсий-иқтисодий ва табиий офатлар силсиласи остида эзилиб, ўз моҳиятини тобора йўқотиб бормоқда. Бу саҳнада яшаш, ўзликни сақлаб қолиш ва ниҳоят, турли неоколониал (янги мустамлакачилик) тўрларга илиниб қолмай, ­мустақил ва бақувват давлат барпо қилиш ва уни тараққий эттириш осон иш эмас. Ва шу билан бирга, шундай улуғ ғояни маҳкам ушлаб, жасорат билан олға интилаётган, атрофдаги жамики азоб-уқубатларни елкасига олиб, талатўпни ёриб ўтаётган давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ҳам шунчаки оддий бир инсондан кўра кўпроқ тарихий зарурат туфайли саҳнага олиб чиққан буюк бир тақдирга ўхшайди…

Назаримда, кўтарилган мавзу бўйича ўз фикрларимни батафсил баён этдим. Мен бу масалага шундай қарайман ва бунинг тўғри эканига ҳеч ҳам шубҳа қилмайман. Мақола сўнггида қўпол ва жўн бўлса-да, бир мулоҳазани очиқ, жайдари тилда лўнда қилиб яна айтаман: Тан олишимиз керак, биз «ўтириб» қолган эдик, замонавий ­дунёдан деярли узилгандик. Аҳволимиз инсофи бор одамларнинг раҳмини келтирар даражада эди. Тикланиш, оёққа туриш учун битта йўлимиз бор эди. Бу – ташқи кўмакка мурожаат қилиш…

Шундай қалтис бир шароитда нима қилиш керак? Менимча, бу саволни ҳамма ўзига берса, тўғри бўлади, назаримда. Мен эса ушбу саволнинг ечимини Президентимизнинг юқорида келтирганимиз ушбу қатъий мулоҳазасидан чиқарсак, адолат нуқтаи назаридан ҳам, ҳақиқат нуқтаи назаридан ҳам тўғри бўлади, деган фикрдаман: «Авваламбор бизнинг ҳамма қарзимиз қонун нуқтаи назаридан… Агар бу бўлмаганида, ойлик ҳам, метро ҳам бўлмас эди. Шунча тиббиёт ходимлари ёки муаллимларнинг ойликлари ошмас эди. Ўтираверар эдик олдингига ўхшаб, қарсак чалиб, баландпарвоз гап гапириб. Менга у ўтириш ёқмайди…».

Қудратилла Рафиқов
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси,
сиёсатшунос