Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Бухоро шаҳрига саёҳат ташкил этилди

11.03.2024. Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши томонидан 8 март ‒ Халқаро хотин-қизлар куни байрами муносабати билан “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” шиори остида тармоқ тизимидаги корхоналарда меҳнат қилиб келаётган хотин-қизлар иштирокида Бухоро вилоятига саёҳат ташкил этилди.

Саёҳат дастурига кўра, аввало, Хўжа Бахоуддин Нақшбанд қабри зиёрат қилинди. Хўжа Бахоуддин Нақшбанд ХIV асрда яшаган тарихий шахс бўлиб, ўз замонасининг машҳур сўфиларидан бўлган. Маълумотларга кўра ушбу меъморий-маданий мажмуа XVI асрда барпо этилган. Саёҳатчилар тарихий меъморий мажмуада жойлашган обидалар ва зиёратчилар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишдилар.

Шундан сўнг саёҳат Ситораи Моҳи Хоса тарихий мажмуаси бўйлаб давом этди. Ситораи Моҳи Хоса қароргоҳи Бухоро марказидан 4 км шимолда жойлашган бўлиб, “Юлдуз ва ой билан баробар сарой” маъносини англатади. Амирларнинг ёзги қароргоҳи бўлган ушбу мажмуанинг умумий майдони 6,7 гектар бўлиб, эски сарой, ғишт тўшалган 3 ҳовли ва кўпгина хоналардан иборат. Бухоро амирининг ёзги қароргоҳи бўлган Ситораи Моҳи Хосса тарихий мажмуасидаги меъморий иншоотлар ва уларнинг ички безатилиши барчада бирдек қизиқиш уйғотди.

Саёҳатчилар Арк қўрғонига бориб кўҳна шаҳардаги ҳукмдорлар қароргоҳи жойлашган қалъа бўйлаб саёҳатни давом этдирдилар. Қалъада жойлашган ҳар бир иншоот тарихи билан гид бошчилигида яқиндан танишдилар.

8 март ‒ Халқаро хотин-қизлар куни байрами муносабати билан тантанали байрам тадбири ташкил этилиб, барча хотин-қизлар касаба уюшмалари номидан табрикланди.

Байрам муносабати билан тармоқ тизимидаги бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари томонидан ҳам саёҳатлар ташкил этиш, ходимлар ва уларнинг оила аъзоларининг юртимизнинг тарихий шаҳарларига, ўз ҳудудларидаги диққатга сазовор жойларга ҳамда мустақиллик йилларида бунёд этилган иншоотларга саёҳатларини уюштириш режалаштирилган.

Шавкат Тоиров

Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси