Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Чўлдан гулзорга айланаётган маскан

23.10.2019. Бугун Мўйноқ бемисл эътибор, улкан ўзгариш­лар, қайноқ ҳаёт оғушида. Барча-барчада келажакка ишонч уйғотган бугунги ислоҳотлар ҳеч кимни бефарқ қолдираётгани йўқ.
Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 15-16 ноябрь кунлари Қорақалпоғистон Республикасига ташрифидан кейин Мўйноқ чинакам қурилиш майдонига, бунёдкорлик масканига айланди.

Жумладан, янгитдан қурилаётган Мўйноқ электр тармоқлари станцияси филиалида шу кунларда таъмирлаш ишлари қизғин. Қисқа фурсатда оламшумул ишлар амалга оширилди. Сим тўсинлар, электр-энергиясини узатиб бериш ускуналари, хуллас, барча техника замонавий. Қурувчилар 3 қаватли бинони тез кунларда фойдаланишга топшириш ҳаракатида.
Бугун Мўйноқда энергетика, саноат, хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги соҳаларини ривожлантиришга хизмат қиладиган ўнлаб лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Айтиш мумкинки, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 19 сентябрда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессия­сида сўзлаган нутқи мазкур оламшумул ишларга йўл очиб берди. Жаҳон ҳамжамияти эътибори Орол фожиасига қаратилди. 2018-2021 йилларда ҳудудни ривожлантириш бўйича Давлат дастури қабул қилинди. Турк­манбоши шаҳрида бўлиб ўтган мажлисда Оролбўйи ҳудуди Экологик инновация ва технологиялар маркази деб эълон қилинди. Буларнинг барчаси хайрли мақсад йўлидаги ­саъй-ҳаракатлар самараси.
Ўзбекистон энергетика ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ва «Қорақалпоғистон ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ касаба уюшма қўмитаси ҳамкорлигида Мўйноқ туманида тармоқ тизимида 30 йилдан ортиқ меҳнат қилиб нафақага чиққан 11 нафар меҳнат фахрийси билан учрашув ташкил этилди.
Суҳбат чоғида 38 йил тармоқда меҳнат қилган нафақадаги энергетик Едилбек Саксенов Президентимизнинг ташрифидан сўнг одамларда эртанги кунга ишонч уйғонганини алоҳида таъкидлаб, бир пайтлар тоза сув, фаровон ҳаёт илинжида кўчиб кетганлар қайтиб кела бошлагани, балиқчилик саноати қайта тикланаётгани, янги корхоналар, нефть-газ, текстиль тармоқлари пайдо бўлаётгани, лойдан қурилган эски уйлар ўрнида замонавий уйлар қад кўтараётганини фахр ва ғурур билан тилга олди.
– Мен 36 йил тизимда меҳнат қилиб, бунақанги эътиборни, ўзгариш­ларни кўрмаганман, – деди Багдагул Саекеева. – Бунёдкорлик ишларидан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Касаба уюшмалари ходимларига ҳам минг раҳмат.
Меҳнат фахрийлари ислоҳотлар бошида турган Президентимизга ўз миннатдорчиликларини билдириб, юртимиз фаровонлиги ҳамда тинчлиги, мустақиллигимиз бардавом бўлиши учун дуога қўл очдилар.
Сафар давомида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳисобидан энг замонавий усулда 200 ўринга мўлжалланган болаларни соғломлаштириш оромгоҳида қурилиш жараёни билан ҳам танишилиб, қурувчилар билан суҳбатлашилди.
13 гектар майдонда қад ростлаётган ушбу оромгоҳда барча қулайлик­ларга эга маданият ва маърифат маркази, қорақалпоқ ва ўзбек адабиёти билан бир қаторда жаҳон адабиёти дурдоналаридан иборат китоблар захирасига эга замонавий Ахборот-ресурс маркази фаолият кўрсатади. Бундан ташқари, энг сўнгги русумдаги кўргазмали воситалар ва жиҳозлар билан таъминланган тўгарак хоналари, маънавий-маърифий ва маданий тадбирларни ўтказиш учун мўлжалланган тантаналар майдони, жаҳон стандартлари талабларига жавоб берувчи ва махсус иситиш тизимига эга бўлган сузиш ҳавзаси, болалар майдончалари, ётоқхона бинолари, ошхона, ювиниш хоналари фойдаланишга топширилади. Бир сўз билан айтганда, жаҳон андазалари талабларига мос равишда барпо этилаётган болаларни соғломлаштириш мажмуаси ўзининг бетак­рорлиги билан ажралиб туради.
Ҳа, Мўйноқда улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Бу жараёнда касаба уюшмалари ходимлари ҳам фаол иштирок этмоқда.

Қобилжон Қирғизалиев
Ўзбекистон энергетика ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси