Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан Тошкент вилоятининг Паркент туманида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан барпо этилган муҳташам “Заркент” санаторийси фойдаланишга топширилди

09.06.2022. Бугун Янги Ўзбекистон том маънода янгиланиш ва ўзгаришлар юртига айлангани, бу юртда Давлат раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган ислоҳотлар инсон қадрини юксакларга кўтариш ва халқ турмуши фаровонлигини оширишга қаратилгани билан янада аҳамиятли эканлиги, мисли кўрилмаган бунёдкорлик ишлари олиб борилаётгани нафақат юртдошларимиз, балки халқаро ҳамжамият томонидан ҳам эътироф этилмоқда. Чунки, ушбу ўзгаришларнинг барчаси одамлар кўз ўнгида, уларнинг гувоҳлигида юз бермоқда.

Мазкур жараёнлардаги хайрли ва эзгу ишларга муносиб ҳисса қўшиш мақсадида кўп миллионли аъзога эга бўлган Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳам мамлакатимизда янги сиҳатгоҳлар барпо этиш, бу орқали меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзолари саломатлигини мустаҳкамлаш борасида тизимли ишларни амалга оширмоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимида 23 та санаторий ва 1 та дам олиш уйи фаолият кўрсатмоқда. Куни кеча ана шундай масканлар сони яна биттага кўпайди. Хусусан, Президентимиз ташаббуслари билан Тошкент вилоятининг Паркент туманида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан жаҳон стандартлари талаблари асосида барпо этилган муҳташам “Заркент” санатрийси фойдаланишга топширилди.

Унинг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиков, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси раисининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов, Тошкент вилояти ҳокими Зоир Мирзаев, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Ҳожиматов, Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатларвро муносабатлар ва ҳорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Рустам Қурбонов, шунингдек, вазирлик ва идораларнинг масъул ходимлари, нуронийлар ва маҳалла фаоллари, устоз ва мураббийлар, ёшлар ҳамда таниқли ижодкорлар иштирок этдилар.

Тадбир аввалида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиков ҳамда Тошкент вилояти ҳокими Зоир Мирзаев санаторий ҳудудида ташкил этилган боғга дарахт кўчатларини ўтқаздилар.

Шундан сўнг Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиков сўзга чиқиб, бугунги кунда мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан “Инсон қадри учун” деган бош тамойил асосида эзгулик, инсонийлик каби тамойиллар мужассам топган кўплаб лойиҳалар, инсонпарвар ислоҳотлар амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, Давлатимиз раҳбари бошчилигида барпо этилаётган Янги Ўзбекистонда инсон қадри юксалаётгани, барча соҳаларда бирдек амалга оширилаётган ислоҳотлар моҳиятида инсон ва унинг манфаати, бундан-да яхшироқ яшаши, муносиб меҳнат қилиши, мазмунлироқ ҳордиқ чиқариши, умрини кўп яхшиликлар билан зийнатлаши бош мақсад қилиб олинганига алоҳида урғу берилди.

Шу ўринда таъкидлаш зарурки, янгидан барпо этилиб, фойдаланишга топширилтган мазкур “Заркент” санаторийсининг бунёд этилишига ҳам муҳтарам Юртбошимизнинг Тошкент вилоятига ташрифлари давомида илгари сурган эзгу ташаббус ва таклифлари асос бўлди.

Тантанали тадбирда “Заркент” санаторийси директорига янги сиҳатгоҳнинг рамзий калити, дам олиш масканида фойдаланилиши учун “Ласетти” ва “Дамас” автомобиллари топширилди.

Гўзал Паркентнинг сўлим ва мафтункор Заркент қишлоғида барпо этилган, дам олиб, даволанувчилар учун барча зарур шарт-шароитлар ва қулайликлар яратилган мазкур замонавий “Заркент” санаторийси жойлашган ҳудуди, иқлими, табиатининг шифобахш хусусиятига кўра нафас йўллари ва асаб тизими касалликларини даволашга ихтисослашган. Умумий майдони 2,8 гектар бўлган сиҳатгоҳ ташхислаш ва даволаш ишлари билан бирга саломатликни тиклаш ва турли касалликларнинг олдини олишга хизмат қилувчи сўнгги русумдаги замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган. Дам олувчилар учун бу ерда физиотерапия, жисмоний тарбия, уқалаш, сув билан даволаш, фитотерапия, лазерли терапия, психотерапия каби усуллардан кенг фойдаланган ҳолда муолажалар амалга оширилади.

Шу ўринда таъкидлаб ўтиш жоизки, мамлакатимизда меҳнаткашлар ва  улар оила аъзоларининг саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлиқларини мустаҳкамлаш ишларига қаратилаётган юксак эътибор натижасида ушбу йўналишлардаги ишлар йилдан йилга такомиллашиб бормоқда. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳам худди шу мақсадларда тизимдаги санаторийлар моддий-техник негизини мустаҳкамлаш, уларнинг қабул қувватини ошириш, янги сиҳатгоҳлар фаолиятини йўлга қўйиш масалаларига алоҳида эътибор қаратмоқда. Бунинг натижасида бугунги кунда мавжуд санаторийлар ўз рейтинги, даволаш муолажа ва усулларининг хилма-хиллиги, мажмуавий қулайликларга эга эканлиги билан нафақат Марказий Осиё, балки Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги ва бошқа ҳориж мамлакатларидаги санаторийлар билан бемалол рақобат қила оладилар. Шу боис ҳам кейинги йилларда Ўзбекистон санаторийларига чет мамлакатлардан ҳордиқ чиқариб, саломатликларини мустаҳкамлаш учун келувчилар сони кескин кўпайди.

150 ўринга мўлжалланган тўрт қаватли “Заркент” санаторийсида ҳам  барча қулайликлар бир жойнинг ўзида, яхлит ҳолатда ташкил этилган. Яъни, ётоқхона, даволаш бўлими, ошхона, клуб, кутубхона, маъмурий бўлим, лаборатория ва бошқа хизматлар бир бинонинг ўзида жойлашгани боис дам олиб, даволанувчилар учун катта қулайликлар яратилган. Сиҳатгоҳдаги барча хоналар энг замонавий мебель ва анжомлар билан жиҳозланган.

Шунингдек, янги сиҳатгоҳ ҳудудида кенг кўламли ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилиб, боғ ва гулзорлар барпо этилди. Янги санаторийдаги қурилиш-бунёдкорлик ишлари, уни замонавий мебеллар ва инвентарлар, тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш ишларига Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан 50 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди.

Яна бир муҳим жиҳат – у шбу санаторийнинг ишга туширилиши натижасида юзга яқин янги иш ўринлари яратилиб, маҳаллий аҳоли вакиллари иш билан таъминланди.

Бир сўз билан айтганда, мазкур санаторий “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да Тошкент вилояти ва мамлакатимизнинг меҳнаткаш халқига Президентимизнинг муносиб туҳфаси бўлди.

Инсон қадри улуғланиши давлат сиёсати даражасига кўтарилган, кексаю ёш эъзоз топаётган Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган хайрли ва савобли ишларга ҳамоҳанг равишда “Заркент” санаторийсининг илк дам олувчилари кўп йиллар давомида турли соҳаларда меҳнат қилиб, бугунги кунда кексалик гаштини сураётган, ўз ўгитлари билан ёшларни Она Ватанга меҳр-муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашга муносиб ҳисса қўшиб келаётган фахрийлар бўлдилар. Мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган оқсоқол ва фахрийлар бундай эътибор ва эъзоз учун Президентимизга ўз миннатдорчиликларини билдириб, бугунги доруломон кунлар учун шукроналар айтдилар.

Муҳаббат Ўрмонбекова

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари