Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

“Eltuz” телеграм каналида Тошкент вилоятидаги “Ботаника” санаторийси тўғрисида жойлаштирилган танқидий материалда келтирилган ҳолатлар ўрганиб чиқилди

29.08.2023. “Eltuz” телеграм каналида Тошкент вилоятидаги “Ботаника” санаторийси тўғрисида жойлаштирилган танқидий материалда келтирилган ҳолатлар Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Санатор-курортлар бошқармаси  масъул ходимлари томонидан атрофлича ўрганиб чиқилди.

Ўрганишлар натижаларига кўра “Ботаника” санаторийси худудига жуда яқин жойда 7 та хонадон жойлашгани ва ушбу хонадонларда боқилаётган қўйлар санкаторий ҳудудига рухсатсиз киритилгани аниқланди. Бу каби ҳолатларга бошқа йўл қўймаслик мақсадида санаторий жойлашган ҳудуддаги маҳалла идораси масъуллари ва маҳалла посбонлари, санаторий масъуллари иштирокида барча хонадон эгалари билан суҳбат ўтказилди. Мазкур ҳолат содир бўлишига йўл қўйган ходимларга нисбатан амалдаги қонунчиликка биноан тегишли интизомий чоралар кўрилди.

Санаторийнинг ёзги Маданият саройи тўғрисида шуни маълум қилиш жоизки, ушбу маскан жорий таъмирдан чиқарилган. Ўрганишлар давомида тезкорлик билан кўрилган чора-тадбирлар натижасида Маданият саройи биносининг бўёғи кўчиб қолган айрим жойлари қайтадан таъмирланиб, атрофига янги баннерлар ўрнатилди. Шунингдек, санаторий худудидаги бўш майдонларни бегона ўтлардан тозалаш ва дарахтларни оқлаш ишлари амалга оширилди. Икки кун аввал синган скамейка таъмирланиб, барча ўриндиқларга янгидан бўёқ берилди ва лак сепилди.

Танқидий постда санаторийда 1 соатлик умумий массаж нархининг 100 минг сўм эканлиги тўғрисида билдирилган фикрлар тўғрисида шуни маълум қиламизки, тизимдаги сиҳатгоҳларда санатор-курорт хизматлари Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган даволаш-ташхисот стандартларига биноан амалга оширилади. Даволаш-ташхисот стандартларига киритилмаган хизматлар, хусусан, шифокор томонидан буюрилганидан ташқари қўшимча равишда муолажалар ҳажми ёки сонини ошириш сўралганда, ушбу хизматлар ўрнатилган тартибда пуллик асосда амалга оширилади.

Санаторийда бериладиган овқатлар сифати ўрганилиши билан бирга дам олувчилар билан ҳам суҳбатлар ўтказилди. Суҳбатлар жараёнида санаторий таомномасига киритилган таомлар сифати бўйича эътирозлар билдирилмади. Ўрганишлар жараёнида маълум бўлдики, дам олувчиларга кунига камида 2 хил биринчи таом, яъни суюқ овқат ва 2 хил иккинчи таом – қуюқ овқат, 2 хил салат тайёрлаб берилади. Дам олувчи ўз ихтиёрига биноан менюни танлаш имконига эга.

Шундай бўлсада ошхона ходимлари билан алоҳида суҳбат ўтказилиб, таомлар сифатини янада ошириш, дам олувчилар учун тайёрланаётган салатлар ва мевалар турларини кўпайтириш бўйича тавсиялар берилди.

Танқидий постдаги бошқа эътирозлар ўз тасдиғини топмади.

Касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда юқоридаги каби ҳолатларнинг олдини олиш ҳамда дам олувчиларга юқори малакали санатор-курорт хизматларини қўрсатиш ишлари сифатини янада ошириш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Санатор-курортлар бошқармаси томонидан тизимдаги барча санаторийлар раҳбарлари масъулияти оширилиб, тегишли кўрсатмалар берилди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати