Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Эрон касаба уюшмалари Конфедерацияси делегацияси Ўзбекистонда

Хоразм вилояти. Эрон касаба уюшмалари Конфедерацияси раиси Алиризо Маҳжуб бошчилигидаги делегация мамлакатимизга ташрифи давомида Хоразм вилоятининг диққатга сазовор жойларини томоша қилишди. Айниқса, Ичан Қалъадаги меъморий обидалар
меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

– Мен кўп мамлакатларда бўлганман, аммо Ўзбекистондагидек самимиятни шу вақтгача ҳеч қаерда кўрмадим, – дейди делегация раиси Алиризо Маҳжуб.

Саёҳат мобайнида меҳмонларга Урганч давлат университети доценти, филология фанлари доктори Абдулла Ўрозбоев ҳамроҳлик ва таржимонлик қилди. Эрон касаба уюшмалари Конфедерацияси таълим бўлими консультанти Аҳмад Ёрмуҳаммадий ўз ихтисослигидан келиб чиқиб, Хоразм фан ва маданият бешиги бўлиш билан бир қаторда, инсониятнинг бугунги тараққиёти асоси ҳам эканини таъкидлади.

– Хоразм заминида пишган буғдойдаги қандайдир сеҳр, Амударё сувларидаги қайсидир синоат Муҳаммад Ал-Хоразмийни илҳомлантирган бўлса, ажаб эмас, – дейди Аҳмад Ёрмуҳаммадий.

– Эронлик меҳмонлар билан осон ва тез тил топишиб кетдик, – дейди Абдулла Ўрозов. – Айниқса, Паҳлавон Маҳмуд ҳақидаги суҳбатларимиз ҳаммасидан ўзгача бўлди.

– Бу улуғ файласуфнинг гўзал рубоийлари Эронда ҳам машҳур, – дейди Эрон касаба уюшмалари Конфедерацияси Ёшлар департаменти директори, халқаро ишлар бўйича маслаҳатчи Муҳаммад Садиқ Моҳеени Кабир. – Паҳлавон Маҳмудни келажак авлодга жўмардлик тимсоли сифатида таништирамиз, ҳар бир ишда ундан ўрнак олишга ундаймиз.

– Бу ерда аёллар алоҳида қадрланишини кўрдик. Уларга ҳавасимиз ортди. Айниқса, аёллар либослари ўзига хослиги билан диққатимизни тортди, – дейди Эрон касаба уюшмалари Конфедерацияси Аёллар департаменти директори Марям Гилан.

Эронлик касаба уюшмалари вакиллари Урганч шаҳридаги замонавий қурилишлар билан ҳам танишишди. Шундан сўнг улар Бухоро вилоятига жўнаб кетишди.

Бухоро вилояти. Эрон касаба уюшмалари Конфедерацияси делегациясининг Бухорога ташрифи ҳам ниҳоятда сермазмун ўтди.

Меҳмонлар шаҳардаги қадимий обидалар, осори атиқалар, гўзал қадамжоларни зиёрат қиларкан, сафардан ғоят шод бўлганини мамнуният билан қайд этишди.

– Бухорога биринчи марта келишим эмас. Бундан бир неча йил олдин ҳам бўлганман, – дейди Эрон касаба уюшмалари конфедерацияси раиси Алиризо Маҳжуб. – Лекин бу гал шаҳарни танимай қолдим. Катта ўзгаришлар бўлибди. Очиғи, чексиз ҳайратдаман. Аслида биз, эронликлар Бухорои шарифни ислом дини уламоларининг юрти деб ҳурмат билан тилга оламиз. Бу гал ҳам катта таассуротлар билан қайтяпмиз. Ишончим комил, Ўзбекистон ва Эрон касаба уюшмалари ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари янада кучаяди.

Эрон касаба уюшмалари Конфедерацияси делегациясининг мамлакатимизга ташрифи давом этмоқда.

Муҳаббат Тўрабоева, 
Дилдора Иброҳимова