Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Эзгу ташаббус ва илғор ғоялар


 

29.01.2014. Ўтган йил касаба уюшмалари фаолиятида янги ташаббус ва ғояларни амалиётга жорий этиш, тизимдаги изчил ислоҳотларни янги босқичга кўтаришда ўзига хос ўрин тутди. Меҳнаткашлар ҳуқуқий, ижтимоий ҳимоясини таъминлаш билан бир қаторда аъзолар сафини кенгайтиришга эришилди. Бу каби саъй-ҳаракатлар Самарқанд вилоятида қандай акс-садо бергани хусусида тўхталиб ўтсак.

 

      

 

Таъкидлаш жоизки, «Катта ҳаётга — касаба уюшмаси билан» акцияси ёшлар ва жамоат ташкилоти ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашга хизмат қилди. Ҳудуддаги 7 та олий ўқув юрти битирувчилари иштирок этган анжуманларда катта ҳаёт остонасида турган ёш мутахассислар ўзлари учун ғамхўр, беғараз кўмакчи — касаба уюшмалари ҳақида атрофлича тушунчага эга бўлишди.

 

 

— Анжуманда иштирок этгач, касаба уюшмалари фаолияти ҳақидаги тушунчаларимиз саёзлигини пайқадик, — дейди Самар­қанд тиббиёт институти талабаси Дилшод Холдоров. — Эртага мутахассис сифатида ишга борганда биз суянадиган, таянадиган жамоат ташкилоти касаба уюшмалари эканини англаб етдик. Фаолият шаклидан қатъи назар ҳар бир ташкилотда касаба уюшмалари тузилса, нафақат ишловчиларга, балки иш берувчиларга ҳам қулай бўлади. Ахир ҳар бир жамоада ходимлар манфаати устувор бўлиши керак-да ахир!

 

 

 

Тўйчи Маматов, Самарқанд давлат университети 4-босқич талабаси:

 

— Мамлакатимизда ёшларнинг ўқиш ва изланиши учун барча имконият мавжуд. Тенгдошларимга қараганда касаба уюшмалари ҳақида кўпроқ биламан. Чунки ушбу ташкилот стипендиясига сазовор бўлганман. Кам таъминланган талабалар касаба уюшмалари томонидан муттасил қўллаб-қувватлаб келинаётганига гувоҳман.

 

 

 

Фаррух Қўчқоров, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис инс­титути талабаси:

 

— Касаба уюшмалари ёшларга алоҳида эътибор қаратиб келаётганини анжуман орқали билиб олдик. Шу боис мазкур ташкилот билан ҳамкорлик қилиб, жамоат ишларида фаол иштирок этишни олдимга мақсад қилдим.

 

 

 

 «Саховат» ва «Мурувват» уйлари ёшлар эътиборида» акцияси ҳам ёш авлодда кексаларга ҳурмат, меҳр-оқибат фазилатларини янада кучайтиришга хизмат қилди. Акция доирасида самар­қандлик ёш касаба уюшма фаоллари меҳрга ташна қалблар ҳузурида бўлиб, уларга ҳар томонлама кўмак кўрсатди, яшаш жойларини тартибга келтирди.

 

 

 

Икки йилки болалар саломатлиги хусусида чуқурроқ ўйлашга ундовчи «Касаба уюшмалари — болаларга» акцияси доирасида ўтказиб келинаётган «Тозалик, озодалик — саломатлик гарови» мавзуидаги тадбирлар жажжиларни мамнун этаётир. Хусусан, ЎзКУФК томонидан ажратилган саломатликка хизмат қилувчи шахсий гигиена воситалари аввалги йили жомбойлик, ўтган йили нурободлик мактаб ўқувчиларига етказилди.

 

 

 

— Нуробод туманидаги 9-мактабда таҳсил олаётган 726 нафар биринчи синф ўқувчилари шахсий гигиена воситалари билан таъминланди, — дейди вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси бўлим мудири Анвар Шерматов.

 

 

 

Акция доирасида Ургут туман таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси яна бир ташаббусга қўл урди. Ногиронлиги боис мактабга кела олмайдиган, уйда таҳсил олаётган ўн беш нафардан зиёд болажонларга шахсий гигиена воситалари ҳамда ўқув қуроллари етказиб берилди. Иштихон ва Пайариқ туманлари касаба уюшмаларида ҳам шундай хайрли ташаббусни учратиш мумкин.

 

 

 

Йил давомида касаба уюшмалари томонидан «Касаба уюшмалари — фахрийларга», «Ҳар бир инсон меҳр ва эътибор оғушида» каби тадбирларда минглаб кишилар манфаати ифода этилди. Биргина вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси томонидан шундай тадбирларга 20 миллион сўмга яқин маблағ сарфланди.

 

 

 

Бундай эзгуликка хизмат қилувчи тадбирлар Соғлом бола йилида янада кучайтирилади.