Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Эзгулик акс этган ташаббуслар

05.10.2023. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 78-сессиясидаги нутқида дунё ҳамжамияти учун муҳим бўлган кўплаб масалалар ечимига қаратилган қатор ташаббуслар илгари сурилди.

Хусусан, давлатимиз раҳбари нутқлари давомида жаҳон жамоатчилиги эътиборини ўткир экологик муаммоларидан бири – Орол ҳалокатига қаратди. Денгизнинг қуриши билан боғлиқ оқибатларни бартараф этиш халқаро миқёсдаги саъй-ҳаракатларни фаол бирлаштиришни тақозо этаётганини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари бежиз юксак минбардан туриб Орол ҳалокатини кўтармади. Оролнинг қуриши фақат Ўзбекистон, Марказий Осиё учун эмас, балки бутун дунё учун оғир оқибатларга олиб келиши мумкин. Шунинг учун ҳам бу муаммони бутун дунё биргаликда ҳал қилиши лозим. Орол фожиаси оқибатларини бартараф этиш йўлида Ўзбекистон ўз имкониятлари даражасида ҳаракат қилмоқда. Сўнгги йилларда Орол денгизининг қуриган тубида 1,7 миллион гектар майдонда қурғоқчиликка чидамли ўсимликлардан иборат яшил ҳудудлар барпо этилди. Бу саъй-ҳаракатларимизни давом эттириш учун халқаро ҳамжамиятнинг қўллаб-қувватлаши жуда муҳим.

Баралла айтиш мумкинки, мамлакатимизда мажбурий ва болалар меҳнатига тўлиқ барҳам берилди. Бир аср мобайнида Ўзбекистонда миллионлаб инсонлар пахта теримига мажбурий равишда жалб этиб келинди. Ҳар йили сентябрь ойидан декабргача аҳолининг асосий қисми – ўқитувчи ва шифокорлар, тадбиркорлар, ишчи ва хизматчилар, энг ачинарлиси, мактаб ўқувчилари ва талабалар пахта теримига сафарбар қилинар эди. Бунинг натижасида ўзбек пахтасига бойкотлар эълон қилинган, мамлакат эса йиллар давомида «қора рўйхат»ларга киритилганди.

Президентимизнинг қатъий иродаси туфайли энди буларнинг барчаси ўтмишга айланди. Халқимиз пахта қуллигидан буткул озод бўлди.

Ўз ўрнида, БМТ Бош котиби Ўзбекистон Президентининг Бош Ассамблеянинг 78-сессиясидаги нутқи ниҳоятда мазмундор бўлганини таъкидлади. Антониу Гутерришнинг фикрича, Ўзбекистон раҳбари БМТнинг юксак минбаридан туриб билдирган ташаббуслар муҳим аҳамиятга эга ва ўз вақтида илгари сурилди. Бош котиб ушбу ташаббусларни халқаро майдонда илгари суришга кўмаклашишга тайёрлигини қайд этди.

Давлатимиз раҳбарининг юксак минбарда сўзлаган нутқида илгари сурилган таклиф ва ташаббуслар биз учун илҳом манбаи бўлажак. Зеро, Президентимиз нутқида «Бизга ўзаро ишонч, бирдамлик ва ҳамкорлик руҳи ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ зарур», деб таъкидлаши, билдирилган фикр-мулоҳазалар ва таклифлар фақатгина тинчлик, фаровонлик ва эзгуликка хизмат қилишини яна бир бор англатиб
турибди.

Эркинжон Нуралиев

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Фарғона вилояти кенгаши раиси