Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Фаолиятимиз мезони

31.01.2020. Тарихий аҳамиятга эга ушбу Мурожаатномани биз, соҳамизнинг бухоролик вакиллари ҳам зўр қизиқиш билан тингладик. Бу галги Мурожаатнома якунланган йилда амалга оширилган ишлар сарҳисоби ва жорий йилги режалар, Ватанимизнинг ички ва ташқи сиёсатидаги асосий тамойиллар ифода этилгани билан барчамизда катта таассурот қолдирди. Унда хусусан, халқимиз истиқболи, мамлакат равнақи йўлида ҳар бир раҳбар, ҳар бир фуқаро олдида турган муҳим вазифалар аниқ белгилаб берилгани диққатга молик. Зеро, ушбу вазифалар халқ ноиблари ва сенаторларга катта ишонч билдирган халқимизнинг истак-манфаатларига муштарак.

Ҳар бир масалага онгли ҳамда теран ёндашув, коррупция балосига қарши самарали кураш, илм-фан ва рақамли иқтисодиётни янада ривожлантириш, барча соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш юртнинг умумий тараққиёти калитидир. Зеро, давр талаби ҳам шу. Президентимиз 2020 йилни мамлакатимизда “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” дея номлашни таклиф қилгани бежиз эмас. Илм-маърифат тараққиётнинг кўзи, рақамлилик аниқликка йўналтирилган мияси, иқтисодиёт эса юраги саналади.

Мурожаатномани тинглаб, унинг шунчаки чақириқ эмас, балки ҳаёт учун йўлланма, фаолиятимиз учун ўзига хос дастур эканини ҳис этдик. Унда ифодаланган устувор ғоялар барча соҳалардаги ўзгариш ва янгиланишларга, ҳар бир фуқаро ҳаётдан рози яшашига эришиш лозимлигига қаратилган. Бунинг бош шартларидан бири эса коррупцияга қарши курашга аҳолининг барча қатламларини жалб қилиш, Президентимиз таъбири билан айтганда, жамиятимиз аъзоларини “ҳалоллик вакцинаси” билан эмлашдир. Зотан, коррупциядек мураккаб ижтимоий ҳодисани бартараф этишда давлат ва жамиятнинг ўзаро жипслиги зарур. Шу маънода, ушбу омилнинг оқилона ечимини Юртбошимизнинг парламент ва Президентга ҳисоб берадиган, бу иллатга қарши курашга масъул бўладиган алоҳида органни ташкил қилиш ҳақидаги таклифида кўрдим.

Шунингдек, мурожаатномада туризм иқтисодиётнинг стратегик вазифаларидан бири эканлиги, 2020 йилда туристлар сонини 7 миллионга етказишга, зиёрат ва тиббий туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди. Президентимизнинг бу йўналишга доир тавсия ва топшириқлари касаба уюшмаларининг туризм билан боғлиқ фаолияти учун ҳам ғоят фойдалидир. Юртимизнинг қатор гўшалари қатори Бухоро шаҳрида ҳам замонавий инфратузилмага эга “АйТи-парк” барпо этилади. Жорий йилда бухоролик буюк алломалар – Абдухолиқ Ғиждувонийнинг 915, Баҳовуддин Нақшбанднинг 700 йиллик таваллуд айёмлари халқаро миқёсда нишонланади. Буларнинг бари бизга ғурур ва ифтихор бағишлайди.

Яна бир гап. Жамоат ташкилотларининг, хусусан, касаба уюшмаларининг бевосита жамоатчилик билан иш олиб бориш механизмларини такомиллаштириш бугунги кун талабларидан бири эканлиги сир эмас. Ижтимоий-иқтисодий ҳаётимизга ва жамоатчиликда алоҳида қизиқиш уйғотадиган ўта муҳим масалаларга доир қарорларни қабул қилишда жамоатчилик билан маслаҳатлар, жамоатчилик эшитувларини ўтказиш мажбурийлигини аниқ белгилаш ҳақида Юртбошимиз айтган фикрлар айни кўнглимиздаги гап бўлди. Қолаверса, жамоатчилик назоратини, давлат ҳамда жамият ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Жамоатчилик палатаси ташкил этилса, касаба уюшмалари фаолияти самарадорлиги ҳам ошиши шубҳасиз.

Ишончимиз комилки, Мурожаатномада билдирилган бу каби таклиф ва ташаббуслар асосида фаолиятимиз янги босқичга чиқади ва бу йўлда барча даражадаги касаба уюшма вакиллари бир тану бир жон бўлиб хизмат қилишади.

Адолат Акрамова

Бухоро вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгашиинг маданий-маърифий ва спорт ишлари бўлими мудири