Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Халқаро ҳамкорлик алоқалари ривожланмоқда

12.04.2016. Маълумки, 2014 йилда Ўзбекистон Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ва “Росхимпрофсоюз” ўртасида ўзаро ҳамкорлик келишуви имзоланган бўлиб, мазкур келишув доирасида ўзаро тажриба алмашиш мақсадида касаба уюшма фаолларининг ҳамкор касаба уюшма марказларига ташрифларини уюштириб бориш режалаштирилган.

Мазкур келишувга мувофиқ жорий йилнинг 7-12 апрель кунлари “Росхимпрофсоюз”нинг Санкт-Петербург бўйича ҳудудий ташкилоти раиси А.Параманов раҳбарлигидаги делегация Ўзбекистонга ташриф буюрди.

Ташрифдан кўзланган мақсад – мамлакатимизда турдош касаба уюшмалари томонидан тармоқ корхоналарида ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини таъминлаш, ижтимоий шериклик ва ижтимоий мулоқотни ривожлантириш йўналишларида олиб борилаётган ишлар билан танишишдир.

Ташриф доирасида делегация вакилларининг Ўзбекистон Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси фаоллари билан учрашуви бўлиб ўтди. Унда кимё ва фармацевтика соҳасидаги корхоналарда меҳнат қилаётган ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини таъминлаш, бандликка кўмаклашиш, хавфсиз ва муносиб меҳнат шароитларини яратиш, иш берувчилар билан ижтимоий шерикликни ривожлантириш йўналишларида олиб борилаётган ишлар, бу борадаги ижобий тажрибалар тўғрисида маълумот алмашинди.

Шунингдек, делегация аъзолари “Навоийазот” ва “Максам-Чирчиқ” акциядорлик жамиятларининг бошланғич касаба уюшма ташкилотлари фаолияти билан танишдилар. Самарқанд ва Тошкент шаҳарларидаги тарихий ва диққатга сазовор жойларда бўлдилар.

Ташриф давомида “Росхимпрофсоюз” вакиллари мамлакатимизда ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳимояси ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини таъминлаш йўналишларида амалга оширилаётган тизимли ишларга юксак баҳо бердилар.