Хоразмда байрам тадбирдари
08.11.2024. Касаба уюшмалари куни муносабати билан Хоразм вилоятидаги барча жамоаларда турли маънавий-маърифий тадбирлар, авлодлар учрашувлари, спорт мусобақалари ўтказилмоқда. Уларда касаба аъзолари кўтаринки кайфиятда иштирок этмоқдалар.
Урганчдаги муҳташам тўйхонада бўлиб ўтган байрам тадбири ҳам иштирокчиларни хушнуд қилди. Хоразм вилояти ҳокими Жўрабек Раҳимов барчани байрам билан табриклаб, самимий тилакларини билдирди.
– Ижтимоий-меҳнат муносабатлари соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар аҳоли ҳаёт сифати ва турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда. Бу жараёнда салкам 120 йиллик тарихга эга Ўзбекистон касаба уюшмаларининг ўрни ва роли катта, -деди вилоят ҳокими.- Шу ўринда, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан 150 миллиард сўмдан зиёд маблағ эвазига ватанимиз мустақиллигининг 33 йиллиги арафасида “Хонқа” санаторийсининг янги биноси фойдаланишга топширилганлигини мамнуният билан қайд қилишни истардим. Энг замонавий тиббиёт ускуналари билан жиҳозланган 200 ўринли янги бино йилига 5000 нафардан зиёд юртдошларимиз мароқли дам олиб, саломатликларини мустаҳкамлашларига имконият яратди. Ушбу иншоот ҳурматли Президентимиз илгари сурган “Инсон қадри учун” ғоясининг яна бир амалий ифодасидир.
Тадбир давомида касаба уюшмаларининг ислоҳотлардаги иштироки муносиб эътироф қилинди. Таъкидланганидек, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Хоразм вилояти кенгаши ўз сафига 350 мингдан зиёд аъзоларни бирлаштиради.
2024 йилнинг ўтган даврида «Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили» дастури доирасида ходимлар манфаатдорлигини таъминлаш учун Жамоа шартномалари асосида ижтимоий шерикликда 4 миллиард 347 милион сўмдан ортиқ маблағ сарфланди.
Ходимларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш масаласи доимий диққат эътиборда. Йилнинг ўтган даврида судларга даъво аризалари киритиш орқали меҳнат ҳуқуқлари бузилган 111 нафар ходимни ҳуқуқлари тикланишига эришилди. Касаба аъзоларига етказилган моддий ва маънавий зарарни қоплаш учун суд ҳукмлари асосида 756 миллион сўм пул маблағлари ундириб берилди.
“Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил” лойиҳаси доирасида 22 минг нафарга яқин касаба уюшма аъзоларининг тарихий шаҳарларга саёҳатлари уюштирилиб, мароқли дам олишлари таъминланди.
Ўтган даврда 3124 нафар касаба аъзолари Федерация тизимидаги санаторийларда имтиёзли соғломлаштирилди.
Вилоятдаги болаларни ёзги дам олдириш соғломлаштириш оромгоҳларида 12 мингга яқин болалар дам олдирилди.
2024 йилнинг 10 ойи давомида мингдан зиёд корхона, ташкилот ва муассасаларда касаба уюшмалари тузилиб, 21355 нафар ходим касаба уюшмасига аъзо қилинди.
Тадбирда сўзга чиққан Хоразм вилояти прокурори ўринбосари Ўктам Абдуллаев ходимлар меҳнат ҳуқуқлари таъминланишида касаба уюшмаларининг ҳиссаси катталигини эътироф қилди.
Сана муносабати билан бир гуруҳ касаба фаоллари Хоразм вилояти ҳокимининг фахрий ёрлиқлари билан тақдирландилар. Бир гуруҳ касаба ходимларига иккинчи сектор раҳбарининг ташаккурномалари тақдим қилинди.
Таниқли санъаткорлар иштирокидаги концерт дастури тадбирга байрамона шукуҳ бағишлади.