Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Хотин-қизлар – касаба уюшмалари эътиборида

04.03.2014. Ватанимиз Мустақиллигининг илк кунлариданоқ мамлакатимизда халқимиз турмуш фаровонлигини ошириш, аҳоли ижтимоий ҳимояси ва саломатлиги муҳофазасини кучайтириш масалалари давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Давлатимиз раҳбари бошчилигида соғлом оила, соғлом жамият барпо этиш йўналишида ҳеч бир мамлакатда бўлмаган ёндошув асосида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Бунда айниқса, ижтимоий йўналтирилган Давлат дастурлари орқали тизимли ишлар олиб борилмоқда. Уларни ҳаётга татбиқ этишда Республика касаба уюшмалари ҳам муносиб ҳисса қўшмоқдалар.

Хусусан, “Обод турмуш йили” Давлат дастури доирасида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан тизимдаги санаторийларда 2000 нафардан ортиқ фермерлар ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъктларида меҳнат қилаётган ходимлар, кам таъминланган оилалардан бўлган аёллар, ёш оила вакиллари, она ва болалар имтиёзли соғломлаштирилди.

“Соғлом бола йили” Давлат дастурини ҳаётга татбиқ этиш борасида ҳам касаба уюшмалари томонидан тизимли ишлар режалаштирилган. Худди шу мақсадда жорий йилнинг 6 март куни “Умид гулшани” санаторийсида Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан Соғлом бола йили ҳамда 8 март – Халқаро хотин-қизлар байрамига бағишланган тантанали тадбир ташкил этилди.

Соғлом авлодни дунёга келтирувчи оналар саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган мазкур тадбирда Қорақалпоғистон республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан турли соҳаларда самарали меҳнат қилиб, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этилишига муносиб ҳисса қўшаётган, фаолиятда муваффақиятларни қўлга киритаётган хотин-қизлар, шунингдек, кам таъминланган оилалардан бўлган 50 нафар аёлларга мазкур санаторийда дам олиб, саломатлигини мустаҳкамлаши учун бепул йўлланмалар топширилди. Тадбир доирасида улар учун “Репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш ва соғлом оилани шакллантириш” мавзуидаги Давра суҳбати ташкил этилиб, соҳа мутахассислари томонидан тегишли маълумот ва тавсиялар берилди. Хусусан, мамлакатимизда муваффақиятли амалга ошириб келинаётган “Соғлом она – соғлом бола” тамойилининг мақсади ва бу борада эришилаётган самарали натижалар, соғлом оилани шакллантириш, фертиль ёшидаги хотин-қизлар саломатлигини мустаҳкамлашга оид батафсил маълумотлар берилди.

Таъкидлаш зарурки, касаба уюшмалари тизимидаги “Умид гулшани” санаторийсида дам олувчилар тиббий муолажаларни қабул қилиш билан бирга кўкрак бези саратони ҳамда аёллар репродуктив тизимининг бошқа сурункали ва онкологик касалликлари бўйича эрта ташхисдан ўтказиладилар. Махсус ишлаб чиқилган тадбирлар дастури асосида “Саломатлигимиз – ўз қўлимизда”, “Юртимиздаги тинчлик ва фаровонлик – тараққиётимиз кафолоти”, “Огоҳ бўлинг – одам савдоси” мавзуларида Давра суҳбатлари ўтказилади. Соғлом турмуш тарзи барқарорлигини таъминлашга бағашланган фильмлар намойиши ташкил этилади.

Шунингдек, дам олувчилар маданий-маърифий тадбирлардан ҳам баҳраманд бўладилар. Ушбу тадбирлар дастуридан пойтахтимизнинг диққатга сазовор масканлари ва Истиқлол йилларида барпо этилган иншоотларга ташрифлар, Чимён тоғ ён бағирларига саёҳат, репродуктив саломатликка оид маърузалар, турли концерт дастурлари, югуриш марафони ҳамда спортнинг бир қатор турлари бўйича мусобақалар ўрин эгаллаган.

Шу ўринда  мўжизавий иқлимий шифо маскани ҳисобланган “Умид Гулшани” санаторийсида кейинги 2 йил ичида йўлга қўйилган янги йўналишларни ҳам таъкидлаш ўринлидир. Хусусан, мазкур сиҳатгоҳда соғломлаштирилаётган барча хотин-қизларнинг шифокор – онкогинеколог кўригидан ўтишлари таъминланмоқда. Шунингдек, аёллар замонавий кольпоскоп аппарати, УТТ ва цитологик тахлиллар асосида ташхисланади.

Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан санаторийнинг моддий-техник негизини мустаҳкамлаш, ходимлар малакасини ошириш йўналишларида олиб борилаётган ишлар мазкур жараёнларнинг сифатли ва самарали амалга оширилишини таъминламоқда. Хусусан, сиҳатгоҳда амалга оширилган кенг кўламли капитал таъмирлаш ишлари, даволаш бўлимининг жаҳон андозалари талаблари даражасидаги замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан таъминланиши  натижасида тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлиги бир неча баробарга ортди. Санаторий ҳорижда ишлаб чиқарилган гемотологик анализатор, “Дзин-Да”, “Амплипульс “М”, “УТТ – 101”, “Поток – 1”, “ОРК” кўчма кварц лампалари, “Искра” каби физиотерапевтик аппаратлар билан таъминланди. Сиҳатгоҳда гинекология, андрология касалликларидан ташқари  асаб тизими, ҳаракат ва таянч аъзолари, дермотология, эндокринология касалликларини даволаш ишлари ҳам йўлга қўйилди. Дам олувчилар учун маданият саройи ва спорт майдончалари хизмат кўрсатмоқда.

Сиҳатгоҳда амалга оширилган ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари, барпо этилган фусункор фавворалар дам олувчилар ҳордиғини янада мазмунли бўлишини таъминламоқда. Ўзбекистон касаба уюшмаси Федерацияси Кенгаши томонидан санаторийда ҳомийлик ишларини амалга оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Соғлом бола йилида 400 нафардан ортиқ ижтимоий ҳимояталаб, кам таъминлаган, жисмоний имконияти чекланган хотин-қизларни имтиёзли соғломлаштириш, ёш оилаларни бепул йўлланмалар билан таъминлаш ишлари амалга оширилади. Шунингдек, санаторийнинг  «Сув ва балчиқ билан даволаш» бўлими янада такомиллаштирилиб, «Сув ости уқалаш» ва гиёҳли ванналар, доривор гиёҳли дамламалардан иборат фитобар, балчиқ билан даволаш, даволаш гимнастикаси муолажаларини қўллаш кўлами кенгаяди.  

Мазкур йўналишлардаги ишлардан мақсад мамлакатимизда инсон манфаатлари йўлида олиб борилаётган кенг кўламли ишларга касаба уюшмаларининг муносиб ҳиссасини қўшиш, бу орқали халқимиз турмуш даражаси ва сифатини янада оширишга қаратилгандир.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Матбуот хизмати