Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича Республика комиссиясининг кенгайтирилган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди

08.08.2022. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида Хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича Республика комиссиясининг кенгайтирилган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда Марказий студиядан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Нарбаева, Сенат аъзолари, Республика комиссияси аъзолари  – вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари, Вазирлар Маҳкамасининг масъул ходимлари, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раисининг ўринбосарлари, Тошкент шаҳар  ҳокимининг иқтисодиёт ҳамда оила ва хотин-қизлар бўйича ўринбосарлари, Тошкент шаҳар секторлари раҳбарлари, молия, бандлик, соғлиқни сақлаш, халқ таълими, савдо-саноат палатаси, тижорат банклари бошқармалари бошлиқлари, пойтахт туманлари ҳокимлари ҳамда уларнинг оила ва хотин-қизлар бўйича ўринбосарлари, секторлар раҳбарлари, ҳудудий студиялардан эса Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг, вилоятлар ҳокимларининг иқтисодиёт ҳамда оила ва хотин-қизлар бўйича ўринбосарлари, туман ҳокимлари, вилоят ва туманлар секторлари раҳбарлари, ҳудудий бошқармалар бошлиқлари, Ўзбекистон касаба уюшмаларидан ҳудудларга бириктирилган масъул раҳбарлар, Федерациянинг ҳудудий кенгашлари раҳбарлари ва масъул ходимлари, жами 1 500 нафардан ортиқ масъуллар иштирок этдилар.

Кенгайтирилган видеоселектор йиғилишини Хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича Республика комиссияси раиси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиков олиб борди.

Видеоселектор йиғилишида дастлаб “Аёллар дафтари” тизимининг 3-босқичи доирасида амалга оширилаётган ишлар таҳлил этилиб, олдинда турган долзарб вазифалар белгилаб олинди.

– Президентимиз ташаббуслари билан амалда жорий этилган “Аёллар дафтари” тизими бошқа ҳеч бир мамлакатда учрамайдиган ноёб тизим бўлиб, бу орқали юртимиз хотин-қизларининг кўплаб муаммолари ҳал этилишига эришилмоқда, – дея таъкидлади ўз сўзида Хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича Республика комиссияси раиси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиков. – Ушбу тизим ишга туширилганига кўп вақт бўлмаган бўлса-да, жамиятимиз ривожида муҳим ўрин тутувчи опа-сингилларимиз, онахонларимизнинг турмуш фаровонлиги оширилишига, уларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашларига замин яратилмоқда. Энг муҳими, “Аёллар дафтари” йўналишида олиб борилаётган ишлар ой сайин такомиллаштирилиб, сезиларли натижаларга эришилмоқда.

Таъкидлаш зарурки, бугунги кунда “Аёллар дафтари” бўйича олиб борилаётган ишларнинг 3-босқичи қизғин давом этмоқда. Республикамиз ҳудудларидаги 9 минг 349 та маҳалланинг ҳар бирида хонадонма-хонадон юриб, 30 ва ундан катта ёшдаги 7 миллионга яқин хотин-қизнинг муаммолари ўрганилиши натижасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 145-сонли қарори билан тасдиқланган низом талаблари асосида жорий йилнинг апрель ойида “Аёллар дафтари” тизимининг 3-босқичи рўйхатига 6 та тоифа бўйича 644 минг 849 нафар эҳтиёжманд хотин-қиз киритилган эди. Ҳудудларда олиб борилаётган ишлар сарҳисобига кўра жорий йилнинг 1 август ҳолатига “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг 524 минг 880 нафарига, яъни 81,4 фоизига амалий ёрдамлар берилишига эришилган.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоизки, Республика комиссиясининг жорий йил 29 июнь куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида “Аёллар дафтари”га 6 та тоифа бўйича киритилган хотин-қизларнинг ҳар бирига амалий ёрдам кўрсатиш борасидаги ишлар таҳлилий-танқидий кўриб чиқилган эди. Шундан сўнг ўтган қисқа вақт ичида камчиликлари кўрсатиб ўтилган туман ва шаҳарлар секторлари раҳбарлари ҳамда масъуллари ўз ишига бўлган ёндашувни ўзгартириб, “Аёллар дафтари” ижроси бўйича сезиларли даражадаги ижобий натижаларга эришдилар. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикасининг Хўжайли, Тахиатош, Чимбой, Шуманой, Амударё, Беруний, Бўзатов, Қўнғирот, Мўйноқ, Тахтакўпир ва Элликқалъа туманлари, Андижон вилоятининг Балиқчи ва Булоқбоши туманлари, Бухоро вилоятининг Олот тумани, Жиззах вилоятининг Жиззах шаҳри ва Пахтакор, Фориш, Мирзачўл туманлари, Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳри ва Нишон, Косон, Қарши туманлари, Навоий вилоятининг Ғозғон шаҳри, Наманган вилоятининг Наманган шаҳри ва Учқўрғон, Мингбулоқ, Наманган, Норин, Янгиқўрғон, Янги Наманган туманларида эҳтиёжманд хотин-қизларга ёрдам бериш ишлари сезиларли даражада жадаллашди. Шунингдек, Самарқанд, Сурхондарё, Сирдарё, Тошкент, Фарғона, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳрининг қатор туманларида эҳтиёжманд хотин-қизларга манзилли амалий ёрдамлар кўрсатиш ишлари салмоғи оширилиши натижасида одамлар кайфияти ижобий томонга ўзгарди.

Республика комиссияси томонидан жойларда олиб борилаётган ишлар салмоғи ва сифатини ошириш мақсадида амалга оширилган саъй-ҳаракатлар натижасида бугунгача Республика бўйича “Аёллар дафтари”га киритилган 185 минг 589 нафар (86,5 фоиз) хотин-қизнинг бандлиги таъминланишига эришилди. Шунингдек, бугунги кунгача “Аёллар дафтари”даги 23 минг 842 нафар хотин-қизнинг кредит олиши таъминланиб, ўз тадбиркорлигини бошлашига кўмаклашилди. Шу ўринда бир нарсани алоҳида таъкидлаш зарур, ўз ишини бошлаш истагида бўлган хотин-қизлар аввал тадбиркорликка ўқитилиб, сўнгра кредит берилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Чунки, мақсад – фақат кредит бериш эмас, балки уларнинг доимий тадбиркорлигини йўлга қўйишдир. Ана шу нарса Республика комиссияси фаолиятида бош мезон қилиб қўйилганлиги боис, кредит олган хотин-қизларнинг 11 минг 234 нафари, яъни 48 фоизига тадбиркорлик кўникмалари ўргатилишига эришилди. Энг муҳими, ҳозирда ушбу хотин-қизлар ўз ҳолига ташлаб қўйилишига йўл қўймасдан, уларнинг батамом ўзларини тутиб олишларини таъминлаш мақсадида кейинги фаолиятлари ҳам мониторинг қилиниб, амалий ёрдамлар кўрсатиб борилмоқда.

Бундан ташқари қарамоғида ногиронлиги бўлган фарзанди мавжуд 3 минг 452 нафар эҳтиёжманд хотин-қизга томорқасидан унумли фойдаланиши учун амалий ёрдамлар берилди. Кредит олиб, ўз тадбиркорлигини йўлга қўйиш лаёқатига эга бўлмаганлиги сабабли кредит олишни рад этган хотин-қизларнинг доимий бандлигини таъминлаш мақсадида тадбиркорлик субъектларига шу аёлларни ишга олиш шарти билан 225 млн. сўмдан 1 млрд. сўмгача кредит бериш йўналишида ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Тошкент шаҳрида 187 та корхонага ана шу тартибда кредит берилиб, 307 нафар аёл иш билан таъминланган.

Республика комиссияси йиғилишида қисқа фурсатда эришилган ижобий натижалар билан бирга олдинда турган долзарб вазифаларни сифатли амалга ошириш чора-тадбирлари ҳам белгилаб олинди. Хусусан, “Аёллар дафтари”нинг   1-тоифасига киритилган ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз хотин-қизларни иш билан таъминлаш бўйича ҳудудларда мавжуд бўш иш ўринларидан максимал даражада самарали фойдаланган ҳолда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, барча имкониятларни ишга солган ҳолда ушбу йўналишдаги ишлар суръатини ошириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди.  Иш билан таъминланган хотин-қизларнинг кейинги фаолиятини мониторинг қилиб, амалий ёрдам бериб бориш тизимини ўлга қўйиш зарурлиги алоҳида уқтириб ўтилди.

2-тоифадаги, яъни тадбиркорлик қилиш истагида бўлган эҳтиёжманд хотин-қизларга кредит бериш ишларини янада жадаллаштириш борасида Халқ банки, Агробанк, Микрокредитбанк мутасадидларига, 3-тоифа бўйича “дафтар”га киритилган боқувчиси йўқ эҳтиёжманд хотин-қизлар, 4-тоифадаги ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган, шунингдек, тезкор тиббий ёрдамга муҳтож эҳтиёжманд хотин-қизлар ҳамда 6-тоифа бўйича дафтарга киритилган қарамоғида ногиронлиги бўлган фарзанди мавжуд эҳтиёжманд хотин-қизларга асосий ёрдам сифатида бир марталик моддий ёрдам бериш ишлари кўрсаткичларини янада яхшилаш борасида тегишли мутасаддилар олдига аниқ ва манзилли вазифалар қўйилди. Шу билан бирга “Аёллар дафтари” жамғармаси ҳамда “Саховат ва кўмак” жамғармасидан унумли фойдаланиш бўйича тавсиялар тақдим этилди.

Шунингдек, 5-тоифа, яъни уй-жойга муҳтож эҳтиёжманд хотин-қизларга ёрдам бериш ишларида бир қатор туман ва шаҳарлардаги секторлар раҳбарлари ва хотин-қизлар бўйича ҳоким ўринбосарлари масъулиятини янада ошириш, бу борада бор имкониятларни ишга солган ҳолда масалани тезкорликда ҳал этиш бўйича кўрсатмалар берилди. “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларга ижара компенсациясини тўлаб бериш, уй-жойини таъмирлашга муҳтож хотин-қизларнинг уйларини таъмирлаш борасида сектор раҳбарлари ва мутасаддилар ишини янада жадаллаштириш, бунда ҳар бир рақам ортида инсон тақдири турганини унутмаслик зарурлиги алоҳида ўқтириб ўтилди.

Республика комиссияси йиғилишида таъкидланганидек, Вазирлар Маҳкамасининг 145-сонли қарорида “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларга жами 41 турдаги хизматларни кўрсатиш назарда тутилган. Шу боис йиғилишда барча ёрдамларни қарор билан тасдиқланган тартиб асосида кўрсатиш, моддий ёрдам бериш ишларини мазкур қарор билан тасдиқланган Низомга мувофиқ амалга ошириш масаласи доимий диққат марказида бўлиши зарурлиги алоҳида қайд этилди. Хусусан, 3-тоифа: боқувчиси бўлмаган эҳтиёжманд хотин-қизларга, 4-тоифа: ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган, шунингдек, тезкор тиббий ёрдамга муҳтож эҳтиёжманд хотин-қизларга ҳамда 6-тоифа: қарамоғида ногиронлиги бўлган фарзанди мавжуд эҳтиёжманд хотин-қизларнинг ҳар бирига 1 млн 200 минг сўмдан моддий ёрдам берилиши лозим эканлиги яна бир бора эслатиб ўтилди.

Тезкор тиббий ёрдамга муҳтож эҳтиёжманд хотин-қизлар ва уларнинг фарзандларига тиббий ёрдам бериш, жумладан жарроҳлик амалиётлари орқали соғлигини тиклаш чораларини кўриш, “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар ва уларнинг фарзандларини даволатиш мақсадида уларга жарроҳлик амалиёти учун ордер бериш, “дафтар”га киритилган барча хотин-қизларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ва ҳуқуқий маслаҳатлар бериш, хотин-қизларга асосий ёрдамлар билан бирга қўшимча ёрдамлар берилишини алоҳида назорат қилиш ишларини тизимли равишда давом эттириш масалалари ҳам таҳлил этилиб, аниқ чора-тадбирлар белгиланди.

“Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларни ишга олиш истагидаги тадбиркорларнинг фаолияти билан танишиб чиқиш, хотин-қизларни ишга олиш шарти билан тадбиркорларга бериладиган имтиёзли кредитлар масаласида талабчанликни ошириш, ишга кирган “Аёллар дафтари”даги хотин-қизларнинг муқим ишлаб қолишини ўрганиш масаласи ҳам эътибордан четда қолмаслиги зарурлиги таъкидлаб ўтилди.

Шунингдек, йиғилишда вилоятларга бириктирилган мутасаддилар томонидан  “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар индивидуал дастурларининг тўғри тўлдирилганлиги ҳамда уларга кўрсатилган ёрдамларнинг ҳаққонийлиги мунтазам равишда ўрганиб борилаётгани, шу мақсадда ўтган 1 ой давомида “дафтар”га киритилган 201 минг 323 нафар хотин-қиз билан суҳбатлашилгани таъкидлаб ўтилди.

*** 

Шундан сўнг йиғлиш кун тартибидаги 2-масала – Кооперация усулидаги тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ва оммалаштириш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

Комиссия йиғилишида таъкидланганидек, Президентимиз топшириғига асосан йил бошидан бери кооперация усулидаги тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш бўйича тизимли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Даставвал, жойларга чиқилиб, вилоят секторлари раҳбарлари билан биргаликда 899 та кооперация бўйича лойиҳалар аниқланди ва ташаббускор тадбиркорлар рўйхати шакллантирилди.

Ўтган вақт давомида ушбу лойиҳаларни чуқур қайта ўрганиб, истиқболли бўлганларини ишга тушириш бўйича сектор раҳбарлари билан ҳамкорликда тизимли ишлар амалга оширилди. Шу билан бирга, янги ташаббускорлар аниқланиб, лойиҳалар сони 1000 тага етказилди. Маълумотларга кўра, бугунги кунгача 853 та (85%) лойиҳа ишга туширилиб, 76 минг 575 нафар аҳоли, шундан, 55 минг 451 нафар хотин-қиз кооперация асосида иш билан таъминланди.

Йиғилишда барча масъуллар олдига кооперация бўйича лойиҳаларни ўз вақтида ишга тушириш бўйича ишларни янада жадаллаштириш вазифаси қўйилди. Шунингдек, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, секторлар раҳбарлари ҳамда  Республикадан бириктирилган вакилларга кооперация бўйича янги лойиҳаларни ишга тушириш бўйича  “Йўл хариталари”ни тасдиқлаб, лойиҳаларни ўз вақтида ишга тушириш ҳамда тўлиқ қувват билан ишга тушмаган лойиҳалар бўйича табдиркорларга қўшимча амалий ёрдам бериб, уларнинг фаолиятини ривожлантириш юзасидан тегишли чораларни кўриб бориш вазифалари қўйилди.

Йиғилиш сўнгида хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва кооперацияларни ташкил этиш орқали аҳоли, жумладан хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ишларини самарали амалга ошириш учун барча тегишли мутасаддилардан  юксак масъулият ва ташаббус талаб қилиниши алоҳида таъкидлаб ўтилди. Бунинг учун Республика комиссияси бор куч-ғайрати ва имкониятларини тўлиқ сафарбар қилиши, идоралараро самарали ҳамкорликдаги ишларни давом эттириши қайд этилди.

Мухтасар қилиб айтганда таҳлилий муҳокамалар тарзида ўтказилган видеоселектор йиғилиши Давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан инсон қадри ва унинг манфаатларини таъминлаш мақсадида йўлга қўйилган ноёб янги тизимларнинг амалдаги ижросини таъминлаш ҳамда бу борадаги ишларни янада кучайтириш бўйича мутасаддилар масъулиятини янада оширди. 

Муҳаббат Ўрмонбекова

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари