Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

“Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари ҳимояси” мавзусида семинар ташкил этилди

07.03.2022. 8-март –Халқаро хотин-қизлар куни байрами муносабати билан “Аёлни эъзозлаш ‒ эзгулик ва адолат мезони” ғояси остида ўтказилаётган “Хотин-қизларни эъзозлаш ҳафталиги” доирасида Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши томонидан Тошкент шаҳрида “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари ҳимояси” мавзусида семинар-тренинг ташкил этилди.

Сўнгги йилларда барча соҳаларда олиб борилган ислоҳотлар натижасида Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг зарур сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва илмий-маърифий асослари яратилди.

“Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” тамойилига асосан ишлаб чиқилган “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси” мамлакатимизда давлат сиёсатининг устувор йўналишларини белгилаб берди. Айтиш керакки, Тараққиёт стратегиясининг барча йўналишлари “Инсон қадри учун” деган эзгу ғояни ҳаётга татбиқ этишга қаратилганлиги сабабли ҳам ишларни тизимли давом эттириш, “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси”ни “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид давлат дастури” бажарилишида касаба уюшмаларининг фаол иштирокини таъминлаш мақсадида қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда тармоқ Республика кенгаши тасарруфида 60 мингдан зиёд касаба уюшма аъзоси бўлиб, шундан 17 минг яъни 33 % нафарини аёллар ташкил этади.

Семинарни Республика кенгаши раиси М.Халилова кириш сўзи билан очиб, бугунги кунда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ишлар ҳақида гапирар экан Президентимиз ташаббуслари билан Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитасини ташкил этилганлиги, қўмитанинг  мақсад ва вазифалари ҳақида сўз юритди. Шунингдек, Республика кенгаши Хотин-қизлар комиссияси фаолияти тўғрисида ва келгусида амалга ошириш зарур бўлган ишлар бўйича гапириб, корхоналарда иш олиб бораётган хотин-қизлар комиссиялари раислари билан очиқ мулоқотда уларнинг фаолияти ва иш жараёнида дуч келинаётган муаммолар ечимлари тўғрисида суҳбатлашди.

Бугунги кунда тармоқ тизимидаги корхоналарда ишловчи аёлларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини таъминлаш, хотин-қизлар меҳнат шароитларининг яхшиланиши, иш берувчиларнинг уларга адолатли муносабатда бўлишини таъминлашга эришиш, хотин-қизларнинг маънавий, сиёсий ва ҳуқуқий билимларини оширишга, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга қаратилган тадбирларни тизимли равишда ташкил қилиш мақсадида тармоқ келишувларига ва жамоа шартномаларига  имтиёз ва кафолатлар киритилиб, таъминланиб келинмоқда.

Бу борада тармоқ тизимидаги барча касаба уюшма ташкилотларидаги хотин-қизлар билан ишлаш комиссиялари томонидан аёлларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоялашни кучайтириш, оналик ва болалаликни муҳофаза қилиш, қулай меҳнат шароитлари яратиш, хотин-қизларнинг оила ҳамда жамиятдаги мавқеини юксалтириш, ҳуқуқий савияларини ошириш каби масалаларда ўз вазифаларини бажариб келишмоқда. Шунингдек, мазкур комиссиялар аёллар учун белгиланган имтиёз ва қулайликларни ўз вақтида бажарилиши бўйича жамоатчилик назоратини олиб бормоқда. Тармоққа тизимидаги корхоналар жамоа шартномаларида хотин-қизлар учун қўшимча имтиёз ва кафолатлар киритилиб, ижроси таъминланмоқда. Жумладан,

Жамоа шартномалари ва келишувлари орқали хотин-қизларнинг ижтимоий муҳофазасини таъминлаш бўйича икки ёшдан уч ёшгача бола парвариши учун таътилда бўлган 792 нафар ёш оналарга моддий ёрдам учун 1 миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратилган бўлса, кам таъминланган 1130 нафар ёш оилалар вакилларига моддий ёрдам кўрсатиш учун 500 миллион сўмга яқин маблағ ажратилган.

Корхоналарда фаолият юритаётган хотин-қизлар ўртасида соғлом турмуш тарзи кенг тарғиб қилиш, тизимли йўлга қўйилмоқда. Жумладан, иш жараёнида ўтириб ишлайдиган касб эгалари ва ақлий иш юритадиган касб эгалари бўлган хотин-қизларга, цехларда иш вақтидаги ишлаб чиқариш  гимнастикаси ташкил этилмоқда. Шунингдек, “Спорт нафислик ва саломатлик манбаи” шиори остида бўлим ва цехларида фаолият юритаётган хотин-қизлар ўртасида спорт мусобақалари ташкил этилмоқда.

Иш жойларида хавфсиз ва соғлом шароитлар яратиш мақсадида жамоа шартномаларида тадбирлар режалаштирилган бўлиб,  аёл ходимларнинг иш жойларидаги шароитлар яхшиланишига, аёл ходимлар  касбий ўқитиш  ва мутахассисликни ошириш курсларида ўқитилишига эришилиб келинмоқда. Корхоналарда тақиқланган жойларда аёллар ва балоғат ёшидагиларнинг меҳнатидан фойдаланишига йўл қўйилмайди.

Жамоа шартномалари орқали корхона ва ташкилотларнинг маблағлари ҳисобидан ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш  ишлари олиб борилмоқда. Ижтимоий суғурта маблағларидан аёл ишчи-ходимларга  бепул йўлланмалар берилиб келинмоқда.

Корхоналарда жамоа шартномаларига биноан Ходимларнинг таътилга чиқиш жадваллари асосида ўз вақтида мазмунли дам олишлари таъминланган, иш жойларида хотин-қизларни диспансеризациядан ўтказиб бориш, касалликларнинг олдини олиш ҳолатини ўрганиш, ишлаётган, айниқса кам таъминланган, кўп болали, ёлғиз, 16 ёшгача ногирон болалари бўлган аёлларни ҳамда уларнинг фарзандларини касаба уюшмалари тизимидаги сиҳатгоҳларда имтиёзли соғломлаштирилмоқда.

Тармоқ тизимидаги “Навоийазот” AЖда 23 нафар аёл пенсионерлар мурожаатларига кўра корхона даволаш соғломлаштириш диагностика цехи томонидан соғломлаштириш мақсадида ва 125 нафар аёлларга тишларини даволаш учун касаба уюшма қўмитаси томонидан маблағлар ажратилган бўлса, яна бир корхона “Аммофос-Максам” АЖда даврий тиббий кўрикдан 467 нафар аёллар  ўтказилган.

Семинар давомида “Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши тизимидаги корхоналарда меҳнат қилаётган аёлларнинг жамоа шартномалари орқали ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий манфаатлари ҳимояси таъминланганлиги ва улар учун яратилган шароитлар тўғрисида”, “Аёлларга хавфсиз ва қулай меҳнат шароитини яратиш тўғрисида”, “Аёллар ҳуқуқларини таъминлашнинг халқаро-ҳуқуқий ва миллий механизмлари тўғрисида” каби мавзуларда маърузалар ўқилди ва интерактив усулда машғулотлар ўтказилди.

Семинар иштирокчилари мавзулар бўйича мунозараларда фаол иштирок этдилар. Фаолиятлари билан боғлиқ саволларга мутахассислар жавоб олдилар.

Семинар сўнггида байрам муносабати билан Республика кенгаши томонидан иштирокчиларга эсдалик совғалари тақдим этилди.

Ш.Тоиров

Ёшлар масалалари бўйича раис маслаҳатчиси