Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Икки томонлама ҳамкорлик Меморандуми имзоланди

17.05.2022. Жорий йилнинг 13-15 май кунлари Ўзбекистон энергетика, нефт-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши делегацияси вакиллари расмий ташриф билан Қозоғистон Республикасида бўлиб қайтдилар.

Ташрифдан кўзланган мақсад – Ўзбекистон энергетика, нефт-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши ва Қозоғистон Республикасининг “Aтом саноати ходимлари касаба уюшмаси” жамоат бирлашмаси ўртасида ҳамкорлик Меморандумини имзолаш ва бу орқали икки қардош халқлар ўртасида давом этаётган азалий дўстона алоқаларни янада мустаҳкамлаш, меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш борасидаги илғор иш тажрибаларини алмашишни йўлга қўйишдан иборат бўлди.

Қозоғистонга ташрифнинг биринчи куни Ўзбекистон энергетика, нефт-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши делегацияси аъзолари Шимкент шаҳрида Қозоғистон Республикасининг “Aтом саноати ходимлари касаба уюшмаси” жамоат бирлашмаси мутасаддилари ва масъул ходимлари билан учрашдилар.

Учрашув давомида икки мамлакат тармоқ касаба уюшмалари вакиллари томонидан тармоқ ходимлари манфаатлари йўлида амалга оширилаётган ишлар, ижтимоий шериклик ва ижтимоий мулоқотни ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлар, Тармоқ келишувлари ва Жамоа шартномаларининг ижтимоий таркибини кенгайтириш йўналишларидаги амалий ишлар тўғрисида батафсил маълумотлар берилди. Шунингдек, келгусида икки давлат тармоқ касаба уюшмалари ўртасида амалий ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш масалалари муҳокама этилди.

Хизмат сафарининг иккинчи кунида ҳар икки томон касаба уюшмалари мутасаддилари Қозоғистон Республикасининг Туркистон шаҳрига ташриф буюрдилар. Ўзбекистон энергетика, нефт-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши делегацияси аъзолари Яссавия тариқати асосчиси Ҳожа Aҳмад Яссавий мақбарасини зиёрат қилдилар ҳамда шаҳарнинг бошқа тарихий обидалари, замонавий қурилиш иншоатлари билан танишдилар.

15 май куни Қозоғистон Республикасининг Шимкент шаҳрида Ўзбекистон энергетика, нефт-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши ҳамда Қозоғистон Республикасининг “Aтом саноати ходимлари касаба уюшмаси” жамоат бирлашмаси ўртасида икки томонлама ҳамкорлик меморандумини имзолашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Меморандумдан икки томон ўртасида энергетика ва атом саноатини ривожлантириш шароитида касаба уюшмалари аъзоларининг иқтисодий, ижтимоий ва меҳнат ҳуқуқларини ҳамда манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ижтимоий шериклик ва мехнатни мухофаза қилиш масалаларини ривожлантириш, бу борада  тажриба алмашиш, қўшма семинарлар, халқаро  форум ва конференциялар ташкил этиш, спорт, соғломлаштириш, бу борадаги тажрибалар билан ўртоқлашиш каби бир неча йўналишлардаги масалалар ўрин олган.

Тадбир давомида “Aтом саноати ходимлари касаба уюшмаси” жамоат бирлашмаси раиси Қ.Мадиев ўз сўзида Ўзбекистон ва Қозоғистон халқларининг бой тарихи, маданий мерослари, икки қардош халқ ўртасидаги дўстлик муносабатлари ҳақида алоҳида тўхталиб, келажакда ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш, касаба уюшма аъзолари манфаатлари ҳимоясини муваффақиятли амалга ошириш бўйича ўз таклифларини билдирди.

Ўз навбатида сўзга чиққан Ўзбекистон энергетика, нефт-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши бўлим мудири С.Эгамбердиев меҳмондўст Қозоғистон халқига миннатдорчилик билдириб, 2021 йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов ташаббуси билан ташкил етилган Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгашининг муҳим аҳамияти, ушбу Кенгаш тузилгач дўстона алоқаларнинг янада ривож топаётгани хусусида алоҳида таъкидлаб щтди. Шунингдек, Ўзбекистон энергетика, нефт-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши ва Қозоғистон Республикасининг “Aтом саноати ходимлари касаба уюшмаси” жамоат бирлашмаси ўртасида имзоланган икки томонлама ҳамкорлик Меморандуми ушбу саъй-ҳаракатлар меваси эканлигини, мазкур Меморандумнинг икки томон касаба уюшма аъзолари ва ходимлари ўртасида дўстлик, ҳамкорлик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга, ил-ор иш тажрибаларини оммалаштиришга хизмат қилишини қайд этди.

Ҳамкорлик меморандумини имзолаш маросимидан сўнг икки томон касаба уюшма вакиллари  ўртасида “Куч бирликда” шиори остида футбол бўйича ўртоқлик учрашуви бўлиб ўтди.

Ўйин якунида Ўзбекистон энергетика, нефт-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши меҳнат техник инспектори Ш.Раҳмонов “Энг яхши ўйинчи” номинациясида ғолиб деб топилди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати