Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Инсон манфаатлари — бош омил

30.10.2017. Барча жабҳаларда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг замирида инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларига бўлган эътибор, унинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш, инсон манфаатларини энг олий қадрият сифатида эътироф этиш каби ғоялар мужассам. Жорий йилга «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» деб ном берилиши эса ҳамюртларимизнинг турмуш даражасини янада яхшилашга хизмат қилаётир.

Мамлакатда аҳоли билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, халқнинг давлат ҳокимиятига бўлган ишончини мустаҳкамлаш ҳамда инсон манфаатларига қаратилган «2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси»да белгиланган вазифаларни амалга оширишда Тошкент вилояти  касаба уюшмалари ҳам фаол иштирок этмоқда.

 

Вилоят миқёсида касаба уюшмаси хизматига олинган 13 минг 47 та юридик шахс­нинг 12 минг 722 таси (97,5 фоиз) жамоа шартномалари билан қамраб олинган бўлиб, жами 344 минг 600 нафар (98,7 фоиз) ишловчи манфаатлари ҳимоя қилинмоқда.

«Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» дастури доирасида имзоланган жамоа шартномалари ва келишувлари орқали 500 нафарга яқин  фуқароларга ижтимоий кўмак берилди.

Бирлашма кенгаши қошида янги ташкил этилган корхона, ташкилот,  муассаса ва якка тартибдаги, шунингдек, тадбиркорлик субъектларига фаолиятини юритиш ҳамда касаба уюшма қўмитасини тузиш жараёнида уларга зарур бўлган ҳужжатларни расмийлаштиришда ёрдам кўрсатиш учун жамоатчилик асосида «Услубий марказ» фаолият кўрсатмоқда. Ушбу марказда нодавлат сектори тизимидаги корхона ва муассасаларга аъзолик афзалликларини тушунтириш ва янги касаба уюшма ташкилотларини тузишда барча йўналишлардаги ҳужжатлар намуналарининг мавжудлиги йўл-йўлакай учраши мумкин бўлган муаммоларга тезкор жавоб топишда қўл келаётир.

Кексаларни эъзозлаш, эҳтиёжмандларга кўмак бериш халқимизга хос фазилат. Анъаналарга содиқ қолган ҳолда, Наврўз байрами муносабати билан меҳнат фахрийлари, эҳтиёжманд оилалар вакилларидан 250 нафарининг Тошкент шаҳридаги диққатга сазовор жойларга саёҳати ташкил этилди. Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан вилоятдаги 40 нафар уруш ва меҳнат фахрийсининг Бухоро  ҳамда 350 нафар фахрийнинг  Самарқанд­га  сайёҳати уюштирилди. Шунингдек, Мус­тақиллик байрами арафасида 106 нафар кекса отахон-онахонларнинг Хива шаҳрига, 20 нафар кексанинг эса Самарқанд шаҳрига саёҳати ташкил этилди.

Жамоа шартнома ва келишувлари орқали хотин-қизларнинг ижтимоий муҳофазасини таъминлаш мақсадида икки ёшдан уч ёшгача бола парвариши билан банд бўлган 339 нафар ёш онага моддий ёрдам кўрсатилди. Нодавлат мулк шаклидаги 165 та корхона ва ташкилотда меҳнат қилаётган болали 210 нафар аёлга ойлик маоши сақланган ҳолда иш вақти ҳафтасига 35 соатдан ошмайдиган қилиб белгиланди.

Ёшларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш мақсадида 1035 та корхонадаги 1790 нафар эҳтиёжманд оилалар вакилларига моддий ёрдам кўрсатилди. 35 та корхонада олий ўқув юртларида таҳсил олаётган 57 нафар иқтидорли, кам таъминланган ва чин етим талабаларга ўқув шарт­нома пуллари қисман тўлаб берилди. 27 та корхонадаги 37 нафар ёш оилага уй-жой қуриш ва мамлакатимизда ишлаб чиқарилган, узоқ муддат фойдаланиладиган товарларни харид қилиш учун фоизсиз cсуда ажратилди.

Мухтасар айтганда, «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак», деган эзгу ғоя ҳаётга изчил татбиқ этилишида касаба уюшмалари ҳам ўзининг муносиб ҳиссаси учун барча имкониятларини ишга солишяпти. Халқ хизматига камарбаста бўлиш, унинг фаровонлиги ва тараққиёти йўлида бир тану бир жон бўлиш ҳар биримизнинг эзгу мақсадимиздир.

Шавкат Собиров,

Тошкент вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси  кенгаши раиси