Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича уч томонлама Республика комиссиясининг биринчи мажлиси бўлиб ўтди

29.10.2019. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида 2019 йилнинг 28 октябрь куни Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича уч томонлама Республика комиссиясининг биринчи мажлиси бўлиб ўтди.

Унда уч томонлама ижтимоий ҳамкорлар – Ҳукумат томонидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда комиссия аъзолигига сайланган вазирлик ва идоралар мутасаддилари, Ходимлар томонидан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳамда тармоқ ва бошланғич касаба уюшма ташкилотлари мутасаддилари, иш берувчилар томонидан Ўзбекистон иш берувчилар Конфедерацияси ҳамда йирик иш берувчилар мутасаддилари иштирок этдилар.

Маълумки Халқаро меҳнат ташкилоти тузилмаси трипартизм асосида бўлиб, бу принцип асосида меҳнат соҳасидаги муаммолар ижтимоий шерикларнинг ўзаро маслаҳатлашуви асосида ҳал этилади. Бугунги кунда Халқаро меҳнат ташкилотига аъзо мамлакатларнинг 80 фоизида уч томонлама комиссиялар фаолият юритмоқда.

Уч томонлама Республика комиссияси йиғилишида бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда жамият ҳаётининг барча жабҳаларида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилаётгани, шу жумладан ижтимоий-меҳнат соҳасида ҳам улкан ўзгаришлар ва ислоҳотлар амалга оширилиб, қонунларимиз такомиллаштирилаётгани алоҳида таъкидланди. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат Кодекси, “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”, “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги қонунлар қайта кўриб чиқилиб, янги таҳрирда қабул қилиниши режалаштирилгани қайд этилди.

Таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг ўзида Ўзбекистон Республикаси томонидан Халқаро меҳнат ташкилотининг 3 та Конвенцияси, шу жумладан Халқаро меҳнат ташкилотининг “Халқаро меҳнат нормалари қўлланилишига кўмаклашиш учун уч томонлама маслаҳатлашувлар тўғрисида”ги 144-сонли Конвенцияси ҳамда битта Баённомаси ратификация қилингани алоҳида эътиборга моликдир. Чунки, ҳеч бир давлатда Халқаро меҳнат ташкилоти Конвенциялари бир йилнинг ўзида бу қадар тез ратификация қилинмаган.

Тадбирда “Халқаро меҳнат нормалари қўлланилишига кўмаклашиш учун уч томонлама маслаҳатлашувлар тўғрисида”ги 144-сонли Конвенциянинг ижтимоий-меҳнат масалаларини ҳал этиш учун уч томонлама маслаҳатлашувларни ўтказиш имконини бериши, Ўзбекистонда ушбу комиссия фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 3 июлдаги “Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича уч томонлама комиссиялар тўғрисида”ги 553-сонли Қарори қабул қилингани, мазкур қарорга мувофиқ республика ва маҳаллий миқёсда уч томонлама комиссиялар тузилиши ҳамда ушбу комиссиялар томонидан ижтимоий-меҳнат масалалари ҳал қилиниши белгилаб берилгани таъкидлаб ўтилди.

Комиссия мажлисида қайд этилганидек, комиссия таркибида 5 та доимий фаолият юритувчи ишчи гуруҳлар фаолияти ташкил этилиши ҳам кўзда тутилган бўлиб, бунда Бош келишувни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, халқаро меҳнат нормаларини қўллашга кўмаклашиш учун уч томонлама маслаҳатлашувларни ўтказиш, жамоаларга доир меҳнат низоларини ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқиш, меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги, бандлик, иш ҳақи ва ижтимоий ҳимоя масалалари жуда муҳим аҳамиятга эгадир.

Мазкур устувор йўналишлардан келиб чиққан ҳолда уч томонлама Республика комиссияси ҳамда унинг таркибидаги ишчи гуруҳлар томонидан 2020-2022 йилларга мўлжалланган янги Бош келишув лойиҳасини пухта ишлаб чиқиш ва Ҳукуматга киритиш,  Бош келишувнинг ижроси таъминланишини назорат қилиш, шунингдек тармоқ ва ҳудудий келишувларни ишлаб чиқиш ва улардаги меъёрларнинг рўёбга чиқишига кўмаклашишда иштирок этиш, Халқаро меҳнат ташкилотининг бошқа Конвенцияларини ратификация қилиш масалаларини кўриб чиқиб, ўз хулосаларини бериш, жамоаларга доир меҳнат низоларини кўриб чиқиш ишлари амалга оширилади. Шунингдек, меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги бўйича миллий маърузани шакллантириш ва муҳокама қилиш,  энг кам иш ҳақи меъёрларини белгилаш, аҳолининг самарали бандлигини таъминлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва амалга оширишга кўмаклашиш, мазкур йўналишларга доир қонун ижодкорлигида, уларнинг лойиҳаларини кўриб чиқишда фаол иштирок этиш, хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчи касблари классификатори лойиҳасини кўриб чиқиш каби долзарб масалаларда ҳам иш олиб борилади.

Йиғилишда уч томонлама Республика комиссияси ишини самарали йўлга қўйишнинг муҳим жиҳатлари алоҳида таъкидланди. Шундан сўнг ташкилий масалалар ҳам кўриб чиқилди. Хусусан, уч йил муддатга ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича уч томонлама Республика комиссиясининг раиси сайланди. Шунингдек, комиссиянинг Бош келишувни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, халқаро меҳнат нормаларини қўллашга кўмаклашиш учун уч томонлама маслаҳатлашувларни ўтказиш, жамоаларга доир меҳнат низоларини ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқиш, меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги, бандлик, иш ҳақи ва ижтимоий ҳимоя масалалари бўйича доимий ишчи гуруҳлари шакллантирилиб, ишчи гуруҳлар ҳамраислари сайлаб олинди.

Мажлис якунида ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича уч томонлама Республика комиссиясининг 2019-2020 йилларга мўлжалланган Иш режаси тасдиқланди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати