Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 25 йиллигига бағишланади

7-3

Йилнинг энг фаол ёш шифокори аниқланди 

28.07.2016. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори ҳамда “Ўзбекистон Республикасида 2016 йилда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар Дастури”га мувофиқ Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан ҳамкор ташкилотлар иштирокида “Йилнинг энг фаол ёш мутахассиси” танлови ўтказилмоқда. Айни кунларда республика миқёсида 3 босқичда ва 14 номинация бўйича ташкил этилган мазкур танловнинг Республика тармоқ босқичлари бўлиб ўтмоқда.

Танловдан кўзланган мақсад ёшларнинг ҳар томонлама етук мутахассис бўлиб камол топишга бўлган интилишларини қўллаб-қувватлаш, ёш мутахассисларнинг инновацион ғоя, лойиҳа ва технологияларини ҳаётга тадбиқ этишга кўмаклашиш орқали ёшлар бандлигини таъминлаш, уларнинг касбий билим даражасини, ҳуқуқий маданияти ва фаоллигини ҳамда ошириш, шунингдек, иқтидорли ёшларни муносиб рағбатлантириш, йигит-қизларда Она Ватанга муҳаббат ва мамлакатда рўй бераётган воқеаларга даҳлдорлик ҳиссини оширишдир.

Танловнинг биринчи босқичида барча номинациялар бўйича турли тармоқлар тизимидаги 1500 дан ортиқ корхона, ташкилот ва муассасаларда фаолият олиб бораётган 6 минг нафарга яқин ёш мутахассислар иштирок этдилар. Улардан 700 нафари эса ҳудудий босқичларда иштирок этдилар ва улар орасидан ғолиб деб топилган энг фаол ёш мутахассислар республика босқичига йўлланма олдилар.

Жорий йилнинг 28 июль куни Касаба уюшмалари Федерацияси Ўқув марказида мазкур танловнинг “Йилнинг энг фаол ёш шифокори” номинацияси бўйича Республика босқичи беллашувлари ўтказилди. Унда мамлакатимиз тиббиёт муассасаларида фаолият юритаётган ва танловнинг қуйи босқичларида ғолибликни қўлга киритган, илғор инновацион ғояларга эга бўлган ёш шифокорлар беллашдилар.

Шу ўринда таъкидлаб ўтиш жоизки, “Йилнинг энг фаол ёш шифокори” номинациясининг 1-босқичи республикамиз ҳудудларидаги туман ва шаҳар тиббиёт муассасаларида меҳнат қилаётган ёш шифокорлар ўртасида ўтказилиб, уларда тармоқ тизимида аҳоли саломатлигини сақлаш соҳасида фаолият кўрсатаётган 1000 нафарга яқин ёш шифокорлар иштирок этдилар. Танлов доирасида улар ўз билим ва салоҳиятларини кўрсатиш билан бирга, тиббиёт соҳасидаги янги инновацион ғоя ва ишланмаларини ҳам намоён этдилар. Танловнинг қўйи босқичлари республикамизнинг барча ҳудудларида қизғин баҳс ва мунозараларга бой бўлди.

Танловнинг республика босқичи ҳам мамлакатимиз ёш шифокорларининг юксак билим ва салоҳиятга, бой тажрибага эга эканликларини намоён этди. Хусусан, танловда ёш мутахассисларнинг соҳага жорий этилган янги лойиҳалари, ишланма ва лойиҳаларнинг соғлиқни сақлаш тизими ва аҳоли саломатлигини сақлаш борасидаги ишлар сифати ва самарадорлигини оширишдаги аҳамияти, ёш шифокорлар инновацион ғояларининг Республикамизда тиббиёт соҳасини ривожлантиришга қўшаётган ҳиссаси асосий мезонлардан бири бўлди. Шунингдек, ёш мутахассислар томонидан амалга оширилаётган илмий изланишларнинг долзарблиги ҳамда уларнинг республикамиз илм-фани, тиббиёт соҳасини янада ривожланишига муносиб ҳисса қўшишдаги ўрнига алоҳида эътибор қаратилди. Энг муҳими танлов орқали ёш шифокорларнинг янги ишланма ва кашфиётлари юзага чиқарилди.

Танловда нуфузли ҳакамлар хайъати томонидан “Йилнинг энг фаол ёш шифокори” номинацияси бўйича 1-, 2-, 3-ўрин ғолиблари аниқланди. Хусусан, ҳакамлар ҳайъати хулосасига кўра Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг Суд тиббиёти, тиббиёт ҳуқуқи ва патологик анатомия, секцион курси кафедраси катта илмий ходим-изланувчиси Шерзод Рўзиев 1-ўринга лойиқ деб топилди. 2-ўрин Бухоро вилояти кўп тармоқли тиббиёт маркази хирург-колопроктологи Азиза Атоевага, 3-ўрин эса Андижон Давлат тиббиёт институти Акушерлик-гинекологияси кафедраси ассистенти Садоқат Шокировага насиб этди.

Ғолиб ва совриндорлар Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши дипломи ҳамда совғалари билан тақдирландилар.

Танлов доирасида аниқланган энг фаол ёш шифокорлар Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан Ватанимиз Мустақиллигининг                  25 йиллигига бағишлаб ташкил этиладиган “Ёш мутахассислар” Республика форумида иштирок этиш йўлланмасини қўлга киритдилар. Форумда доирасида энг яхши деб топилган иқтидорли ёш мутахассисларни Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан таъсис этилган махсус грантлар билан тақдирлаш кўзда тутилган.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Матбуот хизмати