Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Карантин даврида меҳнат муносабатларига оид айрим масалаларда саволларга жавоблар

17.04.2020. Масофавий ишлашга ўтказиш тартиби борми?

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси билан келишган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг “Карантинга оид чоралар амал қилиш даврида ходимларни масофавий иш усулида, мослашувчан иш графигида ёки уйда ишлашга ўтказишнинг вақтинчалик тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги буйруғи билан тасдиқланган ҳужжат Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди (рўйхат рақами 3228, 28.03.2020 й.).
Мазкур низомда, карантин даврида иш берувчи ходимнинг розилиги билан уни масофавий иш усулида, мослашувчан иш графигида ёки уйда ишлашга ўтказиши мумкин.
Масофадан ишлаш деганда ўзи нимани тушунамиз.
Ходимнинг меҳнат шартномасида кўрсатилган мажбуриятларини иш берувчининг жойлашган ҳудудидан ташқарида, доимий иш жойи, ҳудуд ёки объектдан ташқарида бажариладиган иш усулини тушунамиз.

Қандай тоифадаги ходимлар вақтинча масофавий ишлаш тартибига ўтиши мумкин?
Биринчи навбатда ҳомиладор аёллар, кексалар, имконияти чекланган шахслар ва сурункали касалликларга чалинган ходимлар. Улардан кейин, бошқа ходимлар ҳам масофавий ишлаш тартибига ўтиши мумкин.

Масофавий ишлаш учун алоҳида буйруқ чиқарилиши шартми?
Албатта, ходимни масофавий иш усулида, мослашувчан иш графигида ёки уйда ишлашга ўтказилиши иш берувчининг вақтинчалик ишга ўтказиш ҳақидаги муддати кўрсатилган буйруғи билан расмийлаштирилади.

Масофавий ишга ўтаётганда меҳнат шартлари қандай белгиланади?
Масофавий ишга ўтказилганда иш берувчи ва ходим ўртасида илгари тузилган меҳнат шартномасига тегишли ўзгартириш киритилади. Меҳнат шартномасида масофавий ишлаш давридаги меҳнат шартлари келишиб олинади. Бу ўзгартиришда, меҳнатнинг шартлари билан бирга қуйидагилар ҳам кўрсатилади:
электрон ҳужжат алмашинуви бўйича ўзаро алоқа тартиби;
ходимга иш учун зарур бўлган жиҳозлар, техника воситаларидан фойдаланиш тартиби;
ходимни алоқа воситалари билан таъминлаш, Интернет тармоғидан фойдаланиш;
ходимга иш беруви томонидан берилган жиҳозлар бузилганда зарарни қоплаш бўйича шартлар;
ходим шахсий жиҳоз, техника воситаларидан, Интернетдан фойдаланганда харажатларни қоплаш тартиби;
ходим ва иш берувчининг зарурий меҳнат муҳофазаси ва меҳнат шароитларига амал қилиш бўйича мажбуриятлари;
ишлаб чиқариш зарурияти туғилганда ходимни доимий ишга ўтказиш шартлари.

Иш вақтининг давомийлиги ва тартиби қандай белгиланади?
Ходим ишлаб чиқариш топшириғининг ҳажми ва меҳнат шартномасида кўрсатилган бошқа шартлардан келиб чиққан ҳолда иш вақти ва давомийлигини мустақил белгилайди.

Ходим масофадан ишласа, унга ҳақ тўлаш масаласи қандай бўлади?
Масофавий ишда ишловчи ходим иш вақтини ўз хоҳишига кўра тақсимланишини ҳисобга олган ҳолда, у томонидан бажарилган ишлар учун бир баравар миқдорда меҳнат ҳақи тўланади.

Ходимнинг масовафий ишда ишлагани унинг таътилга чиқишига таъсир қиладими?
Йўқ таъсир этмайди. Мазкур ишлаш усулига ўтказилган ходимларнинг таътиллар жадвалига мувофиқ меҳнат таътилига чиқиши, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик бўйича нафақа олиши ҳамда қонун ҳужжатлари ва жамоа шартномасида назарда тутилган бошқа ҳуқуқлари сақлаб қолинади.

Карантин пайтида маошлар қисқарадими?
Меҳнат кодексининг 156-моддасига кўра меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари қайси тартибда ўрнатилган бўлса, ўша тартибда ўзгартирилади.
Меҳнатга ҳақ тўлашнинг якка шартларини ходим учун ноқулай томонга ўзгартиришга унинг розилигисиз йўл қўйилмайди. Истисно тариқасида бундай ўзгартишга:
технологияда, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишда ўзгаришлар юз берган тақдирда, башарти меҳнатга ҳақ тўлашнинг аввалги шартларини сақлаб қолиш мумкин бўлмаса;
қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда йўл қўйилиши мумкин.
Бўлажак ўзгартириш ҳақида ходим камида икки ой олдин огоҳлантирилиши лозим.

Карантин пайтида ишга бормаса бўладими?
Йўқ. Фақат ташкилот карантинга ёпилган бўлсагина мумкин.

Карантин вақтида бериладиган нафақа қанча миқдорда берилади?
коронавирус инфекцияси билан зарарланиши ёки зарарланган деб гумон қилиниши муносабати билан карантинга жойлаштирилган ота-оналар (улар ўрнини босувчи шахслар, васийлар, ҳомийлар), шунингдек, уларнинг 14 ёшгача бўлган боласини парвариш қилаётган шахсларга ўртача ойлик иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси тўланади.
Ходим ўз саломатлиги ва оиласи хавфсизлигини уйлаб ишга бормаса, у ишлаётган ер билан тузилган меҳнат шартномасини бир томонлама бузилишига сабаб бўлиши мумкинми?
Ишга чиқмаслик учун албатта узрли сабаб бўлиши керак. Масалан, ходим карантинда бўлганда. Узрсиз сабаб билан ишга чиқилмаганда иш берувчи ишга келмаган ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилиши мумкин.
2020 йил 19 мартда қабул қилинган ПФ-5969-сон Президент Фармонининг 16-бандида бу масалага янада аниқлик киритиб берилди.
Фармонда коронавирус инфекцияси билан зарарланган ёки карантинга жойлаштирилган, шунингдек, 14 ёшга тўлмаган боланинг ота-онаси (унинг ўрнини босувчи шахслар, васийлар, ҳомийлар) бўлган ходимлар билан меҳнат шартномаларини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш тақиқланиши белгиланди.
Фармонда шу билан бирга, карантинга оид чоралар амал қилиши даврида иш берувчилар ходимларни, айниқса ҳомиладор аёллар, кексалар, имконияти чекланган ҳамда сурункали касалликка чалинган шахсларни, уларнинг розилиги билан, масофадан туриб ишлаш усулига, қулай иш графигига ёки уйдан туриб ишлашга ўтказишлари мумкинлиги белгиланди.

Карантин пайтида меҳнат таътилига мажбурий чикариш, 0,5 ставка ўриндош ходимларни ишдан бўшатилиши қонунийми?
Йўқ. Таътилга чиқариш фақатгина таътиллар бериш жадвалида белгиланган даврдагина мажбурий бўлиши мумкин. 0,5 ставка ўриндош хдим билан меҳнат шарномасини бекор қилиш учун карантин сабаб бўлмайди.

Агар ходим меҳнат таътилидан фойдаланиб улгурган бўлса, у ҳолда карантин даврида қандай йўл тутади?
Ушбу ҳолатда иш берувчи томонидан қуйидаги тадбирлар амалга оширилиши мумкин: Ходимни масофадан ишлаш тизимига ўтказиши, ходимнинг иш вақтини қисқартирилган шароитга (масалан, кунига 4 соатлик иш режими) ўтказиши ёки иш ҳақи сақланмаган ҳолда унинг ўз ҳисобидан таътил бериши мумкин.

Меҳнатни муҳофаза қилиш ва юридик бўлимлар томонидан тайёрланди