Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Карантин даврида меҳнат муносабатларига оид айрим масалаларда саволларга жавоблар

12.06.2020. Биз тиббиёт ходимлари тиббий кўрикдан ўтиш учун ўз ҳисобимиздан пул сарфлаяпмиз. Шу тўғрими?
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 214-моддаси, “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 24-моддасига мувофиқ тиббий кўриклардан ўтилиши муносабати билан ходимлар чиқимдор бўлмайдилар.
Иш берувчи меҳнат шартномаси тузиш чоғида дастлабки тарзда ва кейинчалик (иш давомида) вақти-вақти билан қуйидаги ходимларни тиббий кўрикдан ўтказишни ташкил қилиши шарт:
ўн саккиз ёшга тўлмаганлар;
олтмиш ёшга тўлган эркаклар, эллик беш ёшга тўлган аёллар;
ногиронлар;
меҳнат шароити ноқулай ишларда, тунги ишларда, шунингдек транспорт ҳаракати билан боғлиқ ишларда банд бўлганлар;
озиқ-овқат саноатида, савдо ва бевосита аҳолига хизмат кўрсатиш билан боғлиқ бўлган бошқа тармоқлардаги ишларда банд бўлганлар;
умумтаълим мактаблари, мактабгача тарбия ва бошқа муассасаларнинг бевосита болаларга таълим ёки тарбия бериш билан машғул бўлган педагог ва бошқа ходимлари.
Юқорида кўрсатилган ходимлар тиббий кўриклардан ўтишдан бўйин товлашга ҳақли эмаслар. Тиббий кўрикдан ўтишдан ёки тиббий комиссияларнинг текширувлар натижасида берган тавсияларини бажаришдан бўйин товлаган ходимларни иш берувчи ишга қўймасликка ҳақлидир.
Меҳнат шароити ноқулай ишлар ва бажарилаётганида дастлабки тарзда ва вақти-вақти билан тиббий кўрикдан ўтилиши лозим бўлган бошқа ишларнинг рўйхати ва уларни ўтказиш тартиби Адлия вазирлиги томонидан 2012 йил 29 августда 2387-сон билан рўйхатга олинган Соғлиқни сақлаш вазирининг буйруғи билан тасдиқланган «Ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 1-3-иловаларида белгиланган.
Ходимларнинг меҳнатидан уларнинг соғлиғи ҳолатига тўғри келмайдиган ишларда фойдаланишга йўл қўйилмайди.
Агар ходим ўз соғлиғининг ҳолати меҳнат шароити билан боғлиқ ҳолда ёмонлашган деб ҳисобласа, у навбатдан ташқари тиббий кўрикдан ўтказишни талаб қилишга ҳақлидир.
Тиббий кўриклардан ўтилиши муносабати билан ходимлар чиқимдор бўлмайдилар.
Демак, сиз ўз ҳисобингиздан эмас, иш берувчи ҳсобидан тиббий кўрикдан ўтказилишингиз керак.

Нодира Каримова
Хамидулла Премкулов