Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Карантин даврида меҳнат муносабатларига оид айрим масалаларда саволларга жавоблар

18.05.2020. Ассалому алейкум, мен 106-махсус заиф эшитувчи макатаб интернатида тарбиячи бўлиб ишлар эдим. 2019 йилниниг 2 октябрдан якка машғулот ўқитувчиси декрет таътилига кетганлиги сабабли, менга унинг 9 соатини ўриндошлик асосида 4 ой давомида юклатишди, яъни 2 февралгача ишлаб келдим. 3 февралдан ўз номимга юклаб беришти. Саволим қуйидагича:

Мен шу вақтгача шу соатда ишлаб келмоқдаман онлайн дарс ҳам ўтмоқдаман. Менга ойлик ҳамда отпуска пули тўланмаслигини айтишмоқда мактаб раҳбари томондан. Илтимос шу борада ёрдам беришингизни сўрайман.

Мактаб раҳбариятининг “айтгани” амалдаги қонунчиликка тамомила зиддир.

Зеро, Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини 154-моддасида меҳнатга ҳақ тўлаш кафолатлари белгиланган бўлиб, унга биноан иш берувчи ўзининг молиявий ҳолатидан қатъий назар, ходимга бажарган иши учун ҳақни белгиланган меҳнат ҳақи шартларига мувофиқ ушбу Кодекснинг 161-моддасида кўрсатилган муддатларда тўлаши шарт.
Меҳнат шартномасининг тарафлари келишуви билан белгиланган меҳнат ҳақи миқдори жамоа шартномаси ёки келишувида ўрнатилган миқдордан кам бўлиши мумкин эмас.
Саволингизда “3 феврал ойидан ўз номимга юклаб беришди” деган холатдан келиб чиққан тарзда тахмин қилиб айтамизки, мабодо мактаб раҳбариятининг “айтганига” Сиз тарбиячи лавозимидан ўқитувчи лавозимига доимий асосда ўтказилмаганлигингиз важ қилиб кўрсатилаётган бўлса ҳам, мактаб раҳбариятининг ҳаракатлари ноқонуний ҳисобланади. Чунки, юқорида келтирилган моддада “ходимга бажарган иши учун ҳақ” тўлаб берилиши мажбурийлиги қайд этилгани, ходим бу ишни қандай асосларда бажарганлигидан қатъий назар эканлигини англатади.

Ундан ташқари бу ишни Сиз аввалида ўриндошлик асосида бажарганлигингиз учун Сизга ҳар иккала иш бўйича тегишли ҳақ тўланиши лозим.

Таътил борасида эса, таътилларни бериш жадвалига асосан Сизга 3 февралдан кейинги давр учун ўқитувчи сифатида, ундан олдинги давр учун тарбиячи сифатида, 2 октябрдан 2 февралгача эса улардан ташқари яна ўриндошлик бўйича ҳам таътил (пули тўланган ҳолда) берилиши лозим.

Таътилларни мисолда келтирсак у қуйидагича кўринишда бўлади:

Айтайлик иш даврингиз (таътил беришда ходимнинг иш даври инобатга олинади. Масалан, Сиз 2014 йил 15 февралда шу мактабга тарбиячи бўлиб ишга киргансиз деб фараз қилсак, сизнинг биринчи иш даврингиз 2014 йил 15 февралдан 2015 йил 15 февралгача бўлган даврни ўз ичига олади. Ва кейинги йилларда ҳам ҳудди шундай давом этаверади. Йилнинг қайси вақтида, май ойидами, ноябрь ойидами фарқи йўқ, таътилга чиқган бўлишингиз бу иш даврини ўзгартирмайди) 2019 йил 15 февралдан 2020 йил 15 февралгача. Таътил, 2019 йилнинг 15 февралидан 2020 йилнинг 3 февралигача бўлган давр учун тарбиячи лавозимига белгиланган давомийликда, 2019 йил 2 октябрдан 2020 йил 3 февралгача ўқитувчилик лавозимидаги ўриндошлик асосида ишлаганингиз учун ўша даврга мутаносиб давомийликни, яъни ўқитувчининг таътили 48 кун бўлса 12 ойга бўлиб Сиз ўша вазифани бажарган ойлар сонига, яъни 4 ойга кўпайтирамиз, бу 16 кундан иборат бўлади. Демак Сизга тарбиячиликдаги таътилингиздан ташқари яна 16 кун ўриндошлик асосида бажарган ишингиз учун таътил берилиши керак.

2. Мени уч нафар фарзандим бор, энг кичиги икки ёшдан ошди. Менга иш ўрнимиз қисқартирилаётгани ҳақида иш берувчи томонидан икки ой олдин огоҳлантирилиш берилди. Меҳнат органларига юборишди ва жамоат ишларига жалб этишди. Лекин бизни иш ўринларимиз қисқармади ва бошқа ходимлар ишини давом эттиряпти. Мени ишдан бўшатишлари қонунийми?

Сиз билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига зиддир.

Жумладан, Меҳнат кодексининг 237-моддасига асосан ҳомиладор аёллар ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёллар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга йўл қўйилмайди, корхонанинг бутунлай тугатилиш ҳоллари бундан мустасно, бундай ҳолларда меҳнат шартномаси уларни албатта ишга жойлаштириш шарти билан бекор қилинади.

Иш ўринлари қисқариши билан меҳнат шартномасини бекор қилиш Меҳнат кодексининг 100-моддаси иккинчи қисми 1-банди билан тартибга солинади.
Бу эса меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишни англатади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5969-сонли Фармонининг 16-бандида коронавирус инфекцияси билан зарарланган ёки карантинга жойлаштирилган, шунингдек, 14 ёшга тўлмаган боланинг ота-онаси (унинг ўрнини босувчи шахслар, васийлар, ҳомийлар) бўлган ходимлар билан меҳнат шартномаларини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш таъқиқланади деб белгиланган.

Юқоридагиларга асосан, ушбу ҳолатда Сиз қайта ишга тикланасиз ва Иш берувчи меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлиги учун Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддасига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима тортилиши мумкин.
Демак, иш берувчи Сиз билан “штат қисқариши” сабабли меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳуқуқига эга эмас.

Аслида штат қисқармаганлигига келсак, “штат қисқарди” деб бир ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилиш ва вақт ўтгандан кейин унинг ўрнига бошқа ходимни қабул қилиш, умуман қонунчиликка зид харакат ҳисобланади. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Олий Судининг 1998 йил 17 апрелдаги 12-сонли Пленум қарорида тушунтириш берилган.

Нодира Каримова
Хамидулла Премкулов
Меҳнатни муҳофаза қилиш ва юридик бўлимлар томонидан тайёрланди